
Яқинда Шуша шаҳрида ўтган медиа форумда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тарихий нутқ сўзлади, деб хабар берди newsukraine.rbc.ua. Унга украиналикларга ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашда қандай маслаҳат берасиз, деган савол берилди. Алиевнинг жавоби нафақат Озарбайжон, балки босқинчиликдан азият чеккан барча миллатлар учун муҳим сигнал бўлди.
Давлат раҳбари аввало ҳеч қачон босқинни қабул қилмаслик зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, айнан бу позиция Озарбайжонга қийин даврларни енгиб ўтишда куч ва сабр бахш этган. “Бу, менимча, украиналикларнинг интилишларига мос келади. Босқинни ҳеч қачон қабул қилманг. Бу асосий маслаҳат. Биз ҳам шундай қилдик”, деди у.
Алиев мамлакат тарихи ҳақида тўхталар экан, Қарабоғ уруши ортидан келган оғир оқибатлар, миллионга яқин қочқин, иқтисодий қийинчиликлар ва халқаро ёрдам эса умуман берилмаганини эсга олди.
“Иқтисодий нуқтаи назардан, бир миллион одам тирикчилик воситасидан айрилди. 700 мингдан ортиқ озарбайжонлик Қорабоғ минтақасидан қочиб келди. Шунингдек, Арманистонда яшаган 250 минг озарбайжонлик депортация қилинди”, деди президент.
Президент таъкидлаган муҳим жиҳатлардан бири – мамлакат ва жамият бирдамлиги. Унинг фикрича, айнан халқнинг Президент ва бош қўмондонга ишончи Озарбайжонни буюк ғалабага етаклаган. Бу бирлик ҳудудий яхлитлик йўлидаги энг катта омил бўлди.
“Биз аста-секин оёққа тура бошладик, ривожландик ва фақат битта нарсани ўйладик. Ишончим комилки, фуқароларимизнинг катта қисми менинг сўзларимга қўшилади. Биз босиб олинган ҳудудни қайтариш ҳақида ўйладик. Бу жуда қийин бўлишини тушунардик”, деди Алиев.
Алиев тарихий жараёнлар ҳақида гапирар экан, ОSCE Минск гуруҳи фаолиятида адолатсизлик ва статус-квони сақлаб қолиш ҳаракатлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон кутилмаган тўсиқлар ва “вақтни чўзиш” уринишларига қарамай, 2020 йилда мустақил қарор қабул қилиб, тарихий адолатни тиклаш учун амалиётни бошлаган ва ниҳоят 2023 йилда масалани бир кунда ҳал қилган.
Якунда, Илҳом Алиев ўз ҳаёт йўли ва мамлакат тажрибаси асосида ҳеч қачон таслим бўлмаслик, ҳудудий яхлитликдан воз кечмаслик ва жамиятнинг бирдамлигига таяниш энг муҳим омиллар эканини яна бир бор қайд этди. Урушлар фақат бир томон таслим бўлгандагина тугаши, сулҳ эса куч тўплаш учун вақт беришини эслатди.
“Жамиятнинг бирдамлиги менга президент ва бош қўмондон сифатида куч берди. Мен халқнинг мени қўллаб-қувватлашига ишондим. Бу, эҳтимол, ҳал қилувчи омил бўлди. Шундай қилиб, яна такрорлайман: ҳеч қачон таслим бўлманг”, деди Алиев.
Бу нутқ – мустақилликка интилаётган, муваффақият йўлида сабр ва бирликдан кучи топадиган халқлар учун улкан илҳом ва умид манбаи бўлиб қолади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар