
Марвел оламидаги Ўргимчак-одам ролини ижро этган актёр Том Холланднинг Инстаграм саҳифаси рус тилида сўзлашувчи фойдаланувчилар томонидан кўплаб изоҳлар билан тўлдирилди. Улар таниқли қўшиқчи Лариса Долинадан фирибгарлик йўли билан олинган пулни қайтаришни талаб қилишмоқда.
Гап шундаки, фирибгар Долинани алдаш учун Холланднинг фотосурати туширилган ҳужжатни ишлатган. Бу ҳақда қўшиқчи "Пусть говорят" дастурида сўзлаб берди.
Холланднинг постларидаги изоҳларда ҳазил ва истиҳзолар кўпайди. Айрим фойдаланувчилар уни "Ўргимчак-одам: Уйга қайтиш" фильми номи билан боғлаб, кулгили изоҳлар ёзган.
Бошқалар эса, Ҳолливудда вазият шу қадар ёмонлашганми, ҳаттоки машҳур актёрлар ҳам фирибгарлик билан кун кечиришга мажбур дея ҳазиллашмоқда. Шунингдек, бу ҳолатни ёқтирмаган ва рус халқи номидан узр сўраган фойдаланувчилар ҳам учради.
Уларнинг бири инглиз тилида қуйидагича ёзган: "Ҳурматли Том, барча руслар номидан кўп сонли изоҳлар учун узр сўрайман! Бу бизнинг қўшиқчимиз Лариса Долина билан боғлиқ вазият туфайли. Биз сени севамиз ва қадрлаймиз!"
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.