
Австралиянинг Сидней шаҳридаги Бонди пляжида Ханука байрами нишонланаётган пайтда оммавий отишма содир бўлди. Ҳодиса натижасида 10 киши ҳалок бўлди, жумладан, «Хабад» ташкилоти вакили раввин Эли Шлангер. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар берди.
Отишма давомида Австралия Сионистлар Федерацияси вакиллари ҳам жароҳат олган. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисадан кўп ўтмай икки кишини қўлга олганини маълум қилди. Воқеа жойида махсус операция давом этмоқда.
Полиция маҳаллий аҳоли ва сайёҳлардан ушбу ҳудудга бормасликни, барча кўрсатмаларга риоя қилишни ҳамда белгиланган чегараларни кесиб ўтмасликни қатъий сўради. Австралия Сионистлар Федерацияси президенти Жереми Лейблернинг сўзларига кўра, мамлакат яҳудий жамияти ҳодисадан ҳайратда.
Унинг айтишича, тахминан икки минг киши Бонди пляжига Ханука байрамини биргаликда нишонлаш ва биринчи шамни ёқиш учун йиғилган эди. Яҳудий ташкилотлари вакиллари ҳукумат билан доимий алоқада эканликларини ва энг аввало жабрланганлар, уларнинг яқинлари ҳамда жамоа хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратаётганликларини билдиришди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида «Хабад» ташкилотининг яна бир вакили, раввин Цви Коган ўлдирилган эди. Бу жиноят Бирлашган Араб Амирликларида яшаган Коганга қарши Ўзбекистон фуқаролари томонидан амалга оширилгани маълум бўлган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.