Рубио Украина учун кафолатлар режасини очиқ айтиб берди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Сенатдаги тингловда Қўшма Штатлар ва Европа иттифоқчилари Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича умумий тушунишга келганини билдирди. Унинг таъкидлашича, амалдаги “кафолат пакети” икки таянчга суянади: Европанинг чекланган контингенти ва АҚШнинг хавфсизлик бўйича қўшимча кафолати.
Рубио гапни очиқ қилди: бу контингент, аввало, Франция ва Британия қўшинларига таянади, АҚШ эса “қаердадир орқа фонда” туриб, умумий хавфсизликни кафолатлаш вазифасини бажаради. Яъни, сценарий шундай — Европа майдонда, Америка эса “суянч нуқта” сифатида.
Шу билан бирга, давлат котиби Европанинг урушдан кейин Украинага қўшин жойлаштириш истагини танқид қилмаслигини айтди. Лекин бир нарсани қатъий урғулади: АҚШ кўмагисиз бу мақсадни амалий ва мақбул кўринишда таъминлаш жуда қийин.
Рубионинг фикрича, муаммо фақат Украинада эмас — умумий хавфсизлик архитектурасида. У Европа давлатлари ҳозирча АҚШ ёрдамисиз “тўлиқ мустақил” ҳолатда яшай олмаслигини, бунга сабаб сифатида эса сўнгги 20–30 йилда мудофаа харажатларига етарлича маблағ ажратилмаганини кўрсатди.
Хулоса шундай: Рубио айтаётган моделда Европа масъулиятни кўпроқ ўз зиммасига олади, аммо Вашингтоннинг кафолатисиз бу схема ишончли “қалқон”га айланмайди. Эндиликда асосий савол битта — бу умумий келишув қаергача конкретлашади: қай даражадаги қўшин, қай формат, қай муддат ва қай шартлар асосида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!