date

Россия Беларус орқали дронлар ҳимоясини айланиб ўтаётгани маълум бўлди

Россия Беларус орқали дронлар ҳимоясини айланиб ўтаётгани маълум бўлди

Украина президенти Володимир Зеленский жума куни кечқурун бўлиб ўтган олий бош қўмондон ставкаси йиғилишида Россия қўшинларининг янги хавфли тактикаси ҳақида баёнот берди. Унинг таъкидлашича, Москва қўшинлари Беларус ҳудудидан фойдаланиб, Украинада дронларни тутиб қолишга мўлжалланган ҳимоя позицияларини четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда.

Президентнинг айтишича, мазкур йиғилиш тўлиқ дронлар таҳдиди, ҳаво ҳимоя чизиқлари ва Украина томонидан кўриладиган жавоб чораларига бағишланган. Зеленский ўз Telegram-каналида бу вазият нафақат Украина, балки Беларус учун ҳам жиддий хавф туғдираётганини алоҳида урғулади.

“Биз ‘Орешник’ билан боғлиқ ҳаракатларни кузатган эдик, энди эса дронлар орқали амалга оширилаётган янги схемаларни кўряпмиз. Афсуски, Беларус ўз суверенитетини Россиянинг тажовузкор мақсадлари йўлида қурбон қилмоқда”, — деб ёзди давлат раҳбари.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия ҳарбийлари Украина ҳаво мудофааси чегараларини, жумладан, дрон тутиб олувчи тизимлар жойлашувини диққат билан ўрганиб, уларни айланиб ўтишга интилмоқда. Украина разведкаси маълумотларига кўра, зарба беришда қўлланаётган айрим ускуналар Беларуснинг чегарага яқин аҳоли пунктларида, ҳатто турар жой бинолари устига ҳам ўрнатилмоқда.

Президентнинг ёзишича, оддий беш қаватли уйлар томларида дронларни Украинанинг ғарбий ҳудудларидаги нишонларга йўналтиришга хизмат қиладиган антенналар ва алоқа ускуналари жойлаштирилган. Бу ҳолат тинч аҳоли ҳаётини мутлақо инкор этиш эканини Зеленский очиқ айтди.

“Бу жуда жиддий масала. Минск бундай хавфли ўйинларни тўхтатиши шарт. Биз ҳамкорларимизни хабардор қиламиз ва қўшма жавоб чораларини тайёрлаймиз”, — деди Украина раҳбари. Ушбу масала навбатдаги ставка йиғилишида яна бир бор муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Украина бош вазири Юлия Свириденко 23 декабрга ўтар кечаси Россия томонидан амалга оширилган ҳужумлар оқибатида мамлакат энергетика инфратузилмаси жиддий зарар кўрганини маълум қилди. Энг катта шикастланишлар ғарбий ҳудудларда қайд этилган бўлиб, Ровно, Тернопил ва Хмельницкий вилоятларида аҳолининг катта қисми деярли тўлиқ электр таъминотисиз қолган.

25 декабр куни кечқурун эса Россия дронлари Волин вилоятидаги муҳим инфратузилма объектини нишонга олди. Ковел темирйўл станциясида локомотив ва юк вагонлари шикастланди, депо биноларида портлаш тўлқини сабаб ойналар синди.

Радиоэлектрон кураш ва алоқа тизимлари бўйича эксперт Сергей Бескрестновнинг фикрича, Россия Киев—Ковел темирйўл йўналишини атайлаб нишонга олиб, Украина ва Полша ўртасидаги логистика занжирини издан чиқаришга уринаётган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, дронлар Россия томонидан учирилса-да, уларни бошқариш Беларус ҳудудидан амалга оширилмоқда.

Айни пайтда Беларус қўшинлари Россиянинг Украинага қарши урушда бевосита иштирок этмаяпти. Бироқ эҳтимолий босқин хавфи сабаб Украина Қуролли кучларининг маълум қисми Беларусь билан чегара ҳудудида ушлаб турилмоқда. Бу эса мамлакат мудофаа ресурсларига қўшимча босим юклайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Россия Беларус орқали дронлар ҳимоясини айланиб ўтаётгани маълум бўлди