АҚШнинг барча президентлари эртами-кечми бир саволга жавоб беришларига тўғри келади: Оқ уйни тарк этгач, нима билан шуғулланиш керак?.. Барак Обама ҳозирча бу саволга жавоб изламаётган кўринади, у президентликдан кетиши билан таътилга равона бўлди. Уни британиялик миллиардер Ричард Брэнсон шахсий оролида бажонидил меҳмон қилди. Ҳар ҳолда, Обама бекор қолиб кетмаса керак, шуғулланиш учун ўзига лойиқ нимадир топади, деб ёзади Hilol.uz.
Жорж Буш-кичик – рассом
АҚШнинг 43-президенти 2009 йилнинг январида нафақат Оқ уйни, балки Вашингтон шаҳрини ҳам тарк этди. У дам Далласдаги уйида, дам Техасдаги ранчосида вақт ўтказишни маъқул кўрди.
Собиқ президент ҳар куни тасвирий санъат бўйича дарс ола бошлади. У Владимир Путин, Тони Блэр, Далай Лама ва ўзининг кучукларининг портретларини чизган.
Кичик Жорж Буш сиёсатдан дам олиш ниятида 40 ёшида қўлига мўйқалам тутган Уинстон Черчиллдан илҳом олган бўлса ажаб эмас.
“Жаннатга тушганимда, илк миллион йилимнинг аксарини расм чизиш билан ўтказиб, ниҳоят бу ишнинг уддасидан чиқмоқчиман”, – деган эди Черчилль.
Жорж Буш эса Черчилль каби сабрли чиқмади. “Ичимда ҳақиқий Рембранд яшайди. Уни топиш – сизнинг вазифангиз”, – деди собиқ президент.
Теодор Рузвельт – овчи
Теодор Рузвельтнинг айиқни отишни истамагани ҳақидаги ҳикоя машҳур бўлса-да, 1909 йилда АҚШнинг 26-президенти ўғли Кермит билан бирга ов экспедицияси учун Африкага йўл олди ва бир йилини “қора қитъа”да ўтказди.
Экспедиция давомида унга икки юздан ортиқ ҳаммоллар ҳамда Смитсон институтининг олимлари ҳамроҳлик қилди.
Улар бутун Африкани айланиб, 11 мингдан ортиқ жониворни, жумладан, филлар, бегемотлар, илонлар, зебралар ва маймунларни отиб ўлдирди. Бу ҳайвонларнинг жасади илмий тадқиқотлар учун Америкага жўнатилди.
1913 йилда собиқ президент ўғли билан бирга яна бир экзотик саёҳатга йўл олди. Бу сафар Рио-да-Дувида – Шубҳа дарёсининг манбасини топишни истаган бразилиялик давлат арбоби Кандиду Рондоннинг экспедициясига қўшилди. Мазкур экспедициядан кейин Бразилиядаги Шубҳа дарёси Рузвельт дарёси дея атала бошлади.
Бенжамин Харрисон – ўз жиянининг эри
Теодор Рузвельт ўзидан аввалги президент – 1889-1893 йилларда АҚШни бошқарган Бенжамин Харрисон ҳақида умуман яхши фикрда эмас эди. Уни “индианаполислик совуққон, тор фикрлайдиган, оят куйлайдиган сиёсатчи” деб атаган эди.
Бу хусусиятларнинг ҳеч бири АҚШнинг 23-президентига ўзидан 25 ёш қизга, устига-устак, ўз жиянига уйланишига халақит қилмади.
Харрисоннинг биринчи хотини 1892 йилда сил касаллигидан вафот этган эди. Орадан тўрт йил ўтиб, у жияни Мэри Диммикка уйланди. Аллақачон вояга етган Харрисоннинг фразандлари бу тўйга келмади.
Жорж Вашингтон – виски ишлаб чиқарувчиси
АҚШнинг биринчи президенти лавозимдан кетгач атиги икки йил яшади ва бу вақтни виски ишлаб чиқариш билан ўтказди.
1799 йили Вашингтон ўлганида унинг Виржиниядаги заводи йилига 50 минг литрга яқин виски ишлаб чиқараётганди. Ўша пайт АҚШда бундай йирик завод йўқ эди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди