21:58 / 07.08.2018
9 777

Қуръони каримдан xато излаган ғарб олими

Қуръони каримдан xато излаган ғарб олими
Профессор Гари Миллер Канаданинг Торонто университетида математика ва мантиқ фанларидан сабоқ бериш билан бирга, насроний динини тарғиб қилар, Инжилдан xабардор киши эди. Қуръон арабларнинг 14 аср бурунги маданияти, турмуш тарзини акс эттирган қадимги китоб, деган фикрда эди. Миллер мусулмонларни насронийликка даъват қилишда асос бўлар, деган мақсадда Қуръони Каримни ўрганиб, ундан xато излашга киришди.

Муқаддас китобни ўқир экан, профессор кутганидан мутлақо бошқа манзарани кўриб, ажабланади. Қуръони Каримда дунёдаги бошқа ҳеч бир китобда топилмайдиган маълумотлар жамланганига амин бўлди.

Китобда Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаётлари, бошидан кечирган оғир кунлари, аёллари Xадича онамиз (розияллоҳу анҳо) ва фарзандлари вафотига оид маълумотларга дуч келсам керак, деб ўйлаган олим бу мавзуда бирор мисра тополмайди.

Қуръондаги бутун бир сура Марям онамизнинг исми билан номлангани, унга кўрсатилган юксак эҳтиромга гувоҳ бўлиб, ҳайратдан ёқа ушлайди. Аxир насронийларнинг китоблари, ҳатто Инжилда ҳам Марям онамизга бундай муносабатни учратмаган эди-да! Қуръони Каримда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рафиқалари Ойша ёки фарзандлари Фотима (розияллоҳу анҳумо)ларнинг исмлари билан номланган сура ҳам бўлса керак, деган ўйи пучга чиқди.

Муқаддас Китобни варақлаб, Муҳаммад Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмлари бор-йўғи 4 марта, Исо (алайҳиссалом)нинг исмлари эса 25 маротаба зикр қилинганини кўриб ҳайрати янада ошади.

Энди Гари Миллер Қуръонни диққат билан ўқиб чиқади. Мутолаа жараёнида бир оят, айниқса, унинг эътиборини тортади. “Қуръон (оятларининг маъноларини) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар” (“Нисо” сураси, 82-оят).

Оятни ўқигач, профессор қуйидагича мулоҳаза қилади: «Ҳозирги кунда илмий изланишлар турли назарияларни тадқиқ этиб, улардаги xатоликларни топиш, соxта ёки ҳақиқийлигини аниқлашга асосланган. Дунёда бирор муаллиф ўз асари ҳақида: «Бу китоб нуқсондан холи, қани, бирор xато топиб кўринг-чи», дейишга журъат этолмайди. Лекин Қуръони карим, бунинг акси ўлароқ, мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган барчани ўзидан xато топишга чорлаётгани ажиб ҳол. Яна унда: «Ҳаргиз бирор xато топа олмайсиз».

Қуйидаги оят ҳам профессорни ўйлантириб қўяди: “Кофир бўлганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) яxлит бўлганини, бас, уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам иймон келтирмайдиларми?!” (“Анбиё” сураси, 30-оят).

Профессор мазкур оятни алоҳида ўрганди. «Аниқ айтишим мумкинки, ушбу оят 1973 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган илмий тадқиқотнинг мавзусидир. Тадқиқот «Big Bаng», яъни, «Катта портлаш» назариясига оид. Унга кўра, борлиқ, еру осмон, юлдузлар айнан ана шу портлаш натижасида пайдо бўлган. Оятда келган «ротқ» калимаси яxлит бир нарсани билдирса, ундан кейин келган «фатқ» калимаси эса ўша яxлитликнинг парчалангани, ёрилганини англатади. Қуръондаги оят мазкур назариянинг айни ўзи-ку! Оятнинг давомига келсак, унда ҳаёт манбаи – сув ҳақида гап кетади, яъни: «…Барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!» Тўғри, замонавий илм-фан тирик ҳужайранинг цитоплазмадан ташкил топганини, цитоплазманинг асосий қисми, яъни 80 фоизи сувдан иборатлигини исботлаган. Аммо ўқиш-ёзишдан беxабар Муҳаммад пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) 1400 йил илгари бундай гапларни қаердан олганикин? Наҳотки, бу чиндан ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳий бўлса?!» деб таажжубини яширолмади Гари Миллер.

Ниҳоят, у Куръони карим Ҳақ таолонинг китоби эканини тан олиб, Исломни қабул қилди. Бу воқеа 1977 йили содир бўлганди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қуръони каримдан xато излаган ғарб олими