Испания чемпионатида пешқадамлар қаторида курашаётган “Барселона” клуби бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ўз таркибидаги ишончли ўйинчи ҳақида очиқ фикр билдирди. Германиялик мутахассиснинг таъкидлашича, 23 ёшли ҳимоячи Жерар Мартин унинг энг ишончли шогирдларидан бирига айланган.
“Жерар Мартин ҳеч қачон ҳафсаламни пир қилмайди. У ҳар гал майдонга тушганда бутун кучини, бор маҳорат ва салоҳиятини ишга солади. Орадан вақт ўтиши билан ўйини янада очилиб бормоқда. Айниқса, муҳим баҳсларда унинг ҳаракатлари жуда ҳам самарали бўлди.
Мартинни иккинчи жамоада ўйнаганидаёқ кузатганмиз. У пайтдаёқ диққатимизни жалб этган эди. Жуда меҳнаткаш, ақлли ва интизомли йигит. Шундай футболчилар ҳар қандай мураббий учун катта бойлик”, — деди Флик ўз фикрларида.
Жерар Мартин футбол сабоқларини “Корнеля” академиясида олган ва маҳаллий жамоада ўсиб чиққан. 2023 йилда у “Барселона Б” сафидан асосий таркибга қадар кўтарилди. Бир йил ўтгач, Каталония клуби уни асосий жамоага қабул қилди ва шундан бери у тез суръатларда ривожланмоқда.
Асосан чап қанот ҳимоясида ҳаракат қиладиган футболчи зарурат туғилганда марказий ҳимоячи сифатида ҳам ишончли ўйин кўрсатиши мумкин. Бу эса мураббийлар штаби учун жуда катта устунлик ҳисобланади.
Ёш ҳимоячининг “Барселона” билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзигача давом этади. Демак, клуб ва мухлислар унинг маҳоратли ўйинларидан ҳали анча йиллар давомида баҳраманд бўлишлари мумкин.
Фликнинг бундай эътирофи Мартиннинг нафақат ҳозирги ҳолатини, балки келажакда “Барселона” ҳимоя чизиғининг асосий устунларидан бирига айланишини ҳам кўрсатиб турибди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!