
Эски замонларда зиёлиларимизнинг энг катта хатолари Ғарб маданиятини яхши танимаганларидадир. Оқибатда давомий равишда унга душман кўзи билан қарадилар. Бугун эса, Ғарбга талпинганларда бу ҳолатнинг тескарисини кўриб турибмиз. Энди улар ўзлигини яхши билмаслиги оқибатида ўз ўлкаларига бегона бўлиб бормоқда. Хаёллар ўлкаси сифатида кўраётган Ғарб маданиятига иштиёқлари туфайли ўзлигини унутмоқда.
Олдин ҳам, бугун ҳам юксалишимизга, ривожланишимизга билимсизлигимиз жиддий тўсиқ бўлиб келди. Билимсизлигимизнинг икки хил, эски ва янги кўринишлари бор. Эски кўриниши, фикр ва ҳаётга тадбиқ борасида бўлаётган ривожланишларга эътиборсизлигимизда бўлган. Ҳозирги кўриниши эса, олдин ўша эътибор бермаган нарсаларимизни бугун жуда саёз ва камчилик билан ўрганганлигимиздадир.
Ҳозирги билимсизлигимизнинг асл жиҳати, кўзни қамаштирувчи зар билан ўралган бир қанча хато маълумотлар тўғри маълумот бўлиб кўринганидадир. Бу эса билимсизликнинг энг зарарлисидир. Чунки, бу сохта маълумотлар бизларни жиддий ва фойдали фаолиятлардан давомий равишда узоқлаштириб, дунёда обрўйимизни туширяпти ва замонга жавоб бермайдиган қилиб қўйяпти. Ҳозирда тараққиётдан орқада қолаётганимизга, эришмоқчи бўлган мақсадимизни аниқ белгилаб олишга етарлича билимимиз йўқлиги сабаб бўляпти.
Ривожланишда Ғарб маданиятидан фойдаланиш учун қандай кўринишда бўлса ҳам ғарблашиш керак, деган фикрга келиб қолинди. Бутун ҳаракатларимизнинг самара бермаётганига, умидсиз ва тушкун кайфиятга тушишимизга асосий сабаб ҳам шудир. Бу янглиш тушунчадан қутуламиз деб ҳар соҳада Ғарбга тақлид қилиш йўлини тутдик. Бу ҳам катта хато эди.
Энг ачинарлиси бу фикр ва тушунчаларга амал қилиб бутунлай тақлидга муккасидан кетдик. Бу соҳада олдинлаб кетдик. Ҳисларимиз, туйғуларимиз, эътиқод ва анъаналаримиз, билим ва техногияларимиз бошидан охиригача тақлидга таянган сохта дунёимизни яратдик. Кўринишидан ўзига жалб қиладиган, аслида ўзлигимизни ўлдирувчи фикр ва хаёллар оғушида яшаб келяпмиз. Бу сабабдан, эгаллаган билимларимиз билан бир нарсага эриша олмаяпмиз. Ҳозиргача мағрур тураётган Ғарб билими чегарасига ета олмадик.
Тақлид санъатида муваффақиятга эришамиз деб олдинги билимимизнинг барчасини унутдик. Шу бугунгача қўллаб келган барча нарсадан қутулишни хоҳлаяпмиз. Фойдаланишимиз мумкин бўлган маълумотлар билан иш қилиш, уларни ривожлантириб ҳаётга тадбиқ қилиш ўрнига, ҳеч қачон билмаган, ўрганмаган нарсаларни қўллашга чираниб ётибмиз.
Саид Ҳалим Пошо 1920 йиллар
Туркчадан Файзуллахон Отахонов таржимаси
Туркчадан Файзуллахон Отахонов таржимаси
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар