Зеленский ва бугунги Украина: умидлар оқланадими? (1-мақола)

  • 03 октябрь 2019, 09:13
  • 850
  • Дунё
  • Зеленский ва бугунги Украина: умидлар оқланадими? (1-мақола)
    Фото: korrespondent.net
    Украинани турли йилларда – Украина социал-демократик партияси етакчиси Леонид Кравчук (1991-1994), партиясиз Леонид Кучма (1994-2005), «Бизнинг Украина» партиясидан Виктор Ющенко (2005-2010), «Минтақалар партияси»дан Виктор Янукович (2010-2014), шунингдек Пётр Порошенко (2014-2019) бошқарди.

    Жорий йил бўлиб ўтган сайловларда 39 та номзод қатнашди. Иккинчи турда 73,2 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонган ва 2019 йил майдан ҳокимиятга келган, Украинанинг 41 ёшли янги президенти Владимир Зеленский қатор ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу украин халқи томонидан ҳам, яқин ва узоқ қўшнилари тарафидан ҳам катта умидлар ва ишонч билан кутиб олинмоқда.

    Охирги йилларда украиналик етакчилар йўл қўйган хатолар, Қримнинг қўлдан чиқиши, мамлакат шарқидаги уруш, Донбассда икки мустақил давлатнинг юзага келиши, иқтисодий таназзул халқни жуда чарчатган ва ишончсизлик муҳитини юзага келтирган эди.

    Шундай шароитда янги раҳбарнинг интилишлари ва саъй-ҳаракатлари аҳолида катта умид учқунларини уйғотмоқда. Ижтимоий сўровларга кўра аҳолининг 70 фоизи янги президент фаолиятидан рози, 11 фоизи норози ва 18 фоизи бу саволга ўз фикрини аниқ белгилай олмаган.

    Фото: interfax.ru
    У сайловдан олдин президентлик лавозимини фақат 1 муддат эгаллашини, Донбассда ўт очишни батамом тўхтатиш бўйича келишувга эришишни, босиб олинган ҳудудларни Украинага қайтаришини ва Россиядан етказилган зарар ўрнини қоплатишини, депутатларни дахлсизлик ҳуқуқларидан маҳрум этишини, иқтисодиётнинг шаффофлигини таъминлашини, Украинанинг НАТОга қўшилиши бўйича референдум ўтказишини, ҳарбийларнинг маошларини кескин оширишини, ёшларни уй-жой билан таъминлаш дастурларини янгилашини ваъда қилган.

    У мамлакатда бизнесни очиш учун бир соат, хорижга чиқиш паспортини олиш учун 15 дақиқа кифоя қилишини билдирган. Шифокор ва ўқитувчиларнинг ойлиги катта бўлган, коррупционерлар «реал муддат» оладиган, қарияларга муносиб пенсия тўланадиган, коммунал тўловлардан инфаркт бўлмайдиган бир жамият қуришини ҳам айтган эди.

    Парламентдан кўнгил тўқ

    Зеленский ҳокимиятга келгач, кутиб ҳам ўтирмасдан парламентни тарқатиб юборди. 2019 йил 21 июлда Радага бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда унинг партияси тўлиқ ғалаба қозонди. Парламентда «Халқ хизмати» фракцияси 254 нафар аъзога эга бўлди.

    Партия раҳбари Дмитрий Разумков парламент спикери этиб сайланди. Қонунчилик органида оддий кўпчиликни ташкил қилиш учун 226 депутат бўлса кифоя эди. Демак, Зеленский энди қонун чиқарувчи ҳокимиятдан кўнглини тўқ қилаверса ҳам бўлаверади. Мустақил Украина тарихида илк бор ҳукмрон партия бошқа сиёсий кучлар билан бирлашмасдан кўпчилик ҳуқуқига эга бўлди.

    Энди президент ҳатто конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ҳам қийналмасдан қабул қилиши мумкин. Ҳозирги ҳолатда у импичмент хавфи ёки бошқа нохушликларни сезмаслиги мумкин.

    Фото: ria.ru
    Ҳозир парламентдаги қолган партиялар ниҳоятда заиф деса ҳам бўлади. Хусусан, «Мухолиф платформа – ҳаёт учун» фракциясига 44 депутат (етакчиси Юрий Бойко), собиқ президент Пётр Порошенконинг «Европа ҳамжиҳатлиги» партияси 27 депутат (Артур Герасимов), «Батькивщина» партияси 25 депутат (Юлия Тимошенко), «Голос» 17 депутатдан (Сергей Рахманин) иборат.

    Уларнинг барча овозларини бир жойга жамласа ҳам ҳукмрон партиянинг ярмича бўлмайди. Радада шунингдек, 20 нафар мустақил номзоддан иборат «Келажак учун» алоҳида гуруҳи шакллантирилган. Уларга Виктор Бондар ва Тарас Батенко етакчилик қилмоқда.

    Зеленский Бош вазир лавозимига, ўз офиси раҳбарининг ўринбосари, ҳуқуқшунос Алексей Гончарукни тайинлади. Ички ишлар вазирлигига амалдаги Арсен Аваков қолган бўлса, ташқи ишлар вазири этиб, Вадим Пристайко сайланди.

    Шу билан бирга Зеленский депутатлик дахлсизлигини қонун йўли билан бекор қилди. Энди улар Олий Раданинг рухсатисиз ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши ва ҳибсга олиниши мумкин.

    Бундан ташқари, амалдаги президент депутатлар сонини кейинги парламент сайловларидан бошлаб 450 нафардан 300 нафарга тушириш режасини ҳам билдирган. Чунки собиқ Иттифоқ тарқалаётган пайтда 45 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган давлатда эндиликда, айрим ҳудудлар ажралиб чиққач ва четга чиқиб кетувчилар кўпайгач, 32 миллион киши яшамоқда.

    Янги раҳбарият учун нуфуз сонига мос равишда депутатлар сони ҳам кам бўлиши мақсадга мувофиқ кўрилмоқда.

    Россия ва Қрим

    Украинанинг ташқи сиёсатида энг оғриқли масалалардан бири бу, шубҳасиз, қўшни Россия билан алоқаларни қайта тиклаш бўлиб қолмоқда. Расмий Киевнинг наздида «катта оға» Қримни куч билан эгаллаб олган ва улар ўртасидаги муносабат энди илиқлашиши душвор.

    2014 йил мартда ўтказилган референдумда Қримда 96,77 фоиз ва Севастополда 95,6 фоиз сайловчилар Россия таркибига киришга овоз беришгани айтилганди.

    Дунёнинг кўплаб давлатлари – АҚШ, Европа Иттифоқи, Австралия, Канада ва Япония референдум натижаларини тан олмайди ва уни руслар куч билан босиб олди, деб ҳисоблайди. Афғонистон, Венесуэла, Куба, Никарагуа, Сурия, Қозоғистон, Шимолий Корея эса Қрим русларга тегишли, деб билади.

    Фото: krymr.com
    Аммо Украина, аввалгидек, уни ўз ери деб атамоқда ва «Россия томонидан вақтинчалик эгаллаб турилибди», деб қарайди. Кремль эса Қрим аҳолиси демократик йўл билан БМТ низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ, Россия билан қўшилишга овоз берганини уқтиради. Путин Қрим масаласи узил-кесил ёпилганини ва у бутун умр Россияники бўлиб қолишини айтмоқда.

    Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови 2015 йил 25 октябрдан буён узилган. Шу сабабли фақат темир йўл ва автобуслар орқали қатновлар амалга оширилмоқда. Бу эса аҳолига катта қийинчилик туғдирмоқда.

    Энг қизиғи, Украинанинг ташқи савдосида энг йирик ҳамкори Россия бўлиб, ўтган йили бу кўрсаткич 10 милллиард доллардан ошган эди. Жорий йилда эса бу борада Хитой биринчи ўринга чиқиб оладиган кўринади.

    Украина миллий банки маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг савдо айланмаси Хитой билан 2,55 миллиард, Россия билан 2,34 миллиард, Германия билан 1,65 миллиард, Польша билан 1,47 миллиард ва Беларусь билан 1,08 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

    Донбасс муаммоси – «на уруш, на тинчлик»

    2014 йил апрелда Украина ҳукуматида давлат тўнтариши юз бериб, Янукович ҳокимиятдан четлаштирилгач, Донбассда айирмачи кучлар ўзини мустақил деб эълон қилди. Бу Қримдан кейин иккинчи кучли зарба бўлди. Уларга қарши бошлаган ҳарбий операцияси украин армияси учун муваффақиятсиз тугади ва шу вақтга қадар БМТ маълумотига кўра, 13 минг киши бу урушнинг қурбони бўлди. Бу ҳудудларда ҳозир иккита мустақил давлат пайдо бўлган ва улар истаган вақтда ўз ҳудудларини қуролли равишда кенгайтириш учун интилиб қолиши мумкин.

    Донбассдаги қарама-қаршиликка нуқта қўйиш мақсадида 2014 йил 6 июнда Нормандиянинг Шато-де-Бенувил шаҳрида Германия, Франция, Россия ва Украина раҳбарлари учрашуви билан «Нормандия формати» бошланган эди. Ўша йили 16-17 октябрда Милан шаҳрида ушбу формат мажлисида Украинанинг Луганск ва Донецск вилоятлари айрим туманларига констициявий алоҳида мақом бериш ҳақида қонун муҳокама этилди.

    2015 йил 11-12 февралда Беларусь пойтахтида тўрт давлат етакчилари иштирокида музокараларда «Минск битими» изоланди. Аммо 2016 йил октябрда Берлиндаги сўнгги қўшма учрашувдан кейин «тўртлик» фаолияти амалда тўхтаб қолди. 2018 йилдаги Аахен музокараларига Путин бормади.

    Лекин давлат раҳбарлари вақти-вақти билан телефон мулоқотлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашувлари орқали Минск битимини бажариш масалаларини муҳокама қилиб туришади. Уларда можаро ҳудудида ЕХҲТнинг мониторинг имкониятларини кенгайтириш ва тинчликпарвар кучларни киритиш, ҳудуддан оғир техникаларни олиб чиқиб кетиш, ўт очишни тўхтатиш, Донбассда маҳаллий сайловларни ўтказиш, асирларни алмашиш, миналардан тозалаш, гуманитар муаммолар ечимлари ҳақида сўз боради. Бу орада Донбассга алоҳида мақом берувчи қонуннинг кучга киришига доир «Штайнмайер формуласи» эълон қилинди.

    Бу формула Германия собиқ ташқи ишлар вазири (ҳозирда президент) Франк-Вальтер Штайнмайер томонидан 2016 йилда эълон қилинган эди. Унга кўра, ЕХҲТ стандарларига мос ҳолда маҳаллий демократик сайловлар ўтказиш ва минтақага ўзини ўзи бошқариш бўйича босқичма-босқич «алоҳида мақом» бериш кўзда тутилади. Немис томонининг таърифича, бу Минск келишувларини амалга оширишга қаратилган ташаббусдир. Бироқ ЕХҲТ стандартлари хорижий қўшинлар ва ёлланма аскарлар бўлган ҳудудда сайлов ўтказишни ман қилади. Шу сабабли Донбасснинг тақдири ҳанузгача ҳамон осилиб қолмоқда, ҳар куни бегуноҳ инсонлар қурбон бўлаяпти.

    29 майда Зеленский Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари билан мулоқот ўтказиб, Минск келишувларини жонлантириш масаласини кўтарди. 17-18 июнда эса у Париж ва Берлинга расмий ташрифлари чоғида бу масалани кун тартибидаги асосий мавзу қилиб белгилади.

    29 июнда Осакадаги G20 саммитида Ангела Меркель ва Владимир Путин «Нормандия формати»ни давом эттиришга келишиб олишди. Франция президенти Эмманюэль Макрон буни бажонидил хоҳламоқда. 11 июль Владимир Зеленский ва Россия президенти Путин ўртасидаги илк телефон суҳбатида ҳам томонлар розилигини билдирди. Демак, тўртлик аллақачон келишиб олишган, фақат вақти ва жойи аниқланса кифоя.

    Фото: rt.com
    «Биз урушни тўхтатишимиз ва ўз ҳудудимизни қайтариб олишимиз керак. Бунинг ягона йўли – дипломатия. Унинг қудратли ва амалий қуроли – айнан санкциядир, – дейди Зеленский ўз фикрини билдириб. – Мен бу учрашув ниҳоят амалга ошишини кутмоқдаман. Мамлакатимизда уруш кетаётганида биз сиёсатчилар наҳотки уч-тўрт йилда бир маротаба учраша олмаймиз. Биз бунчалик кўп кута олмаймиз. Чунки ҳар куни фарзандларимиз қурбон бўлмоқда. Урушга нуқта қўйиш, барча украин ҳудудларини босқинчилардан озод қилиш асосий миссиямиз бўлиб қолади. Мулоқот орқали ишни яхши томонга ўзгартириш мумкин».

    Зеленский форматга истиқболда Буюк Британия ва АҚШни ҳам жалб қилиш ниятида. Ҳозир расмий Киев Донбассдаги урушни якунлаш учун бу ерда ҳал қилувчи позицияга эга бўлган Россияга Ғарб давлатлари қўли билан кучли босим ўтказишга уринмоқда. Чунки уни куч билан якка ўзи қайтара олмаслигини яхши билади. Шу билан бирга Донбасс бўйича Путинга ён беришни истамайди.

    Аммо Европа давлатлари Москва билан муносабатлари аста-секин илиқлаштириб, санкциялар билан боғлиқ таранглик юмшаяпти. Чунки санкциялар расмий Москвани иқтисодий боши берк кўчага олиб кириб қўя олмади. Европаликлар эса бу масалани аввалгидай қизғин кўтармай қўйишди.

    Собиқ президент Кучма эса Зеленскийга осон эмаслигини, у бошқарувда камида «учта сиёсатчи» билан курашишига тўғри келишини айтди.
    Донбассга алоҳида мақом бериш бўйича Констицияга ўзгартириш киритиш масаласини Зеленский ҳозирча рад этмоқда.

    Аммо асирлар алмашуви бошлангани ижобий ҳодиса, деб баҳоланмоқда. Яқинда Украина ташқи ишлар вазири Вадим Пристайко икки давлат ўртасидаги муносабатлар илиқлашаётгани ҳақида очиқ билдирди. Ҳар икки томон ҳам тинчликни тиклаш масаласида бўйича муроса йўлини қидирмоқда ва асирлар «барчага барча» форматида алмашилмоқда.

    Фото: 112.ua
    Жумладан, 7 сентябрда Россия ва Украина «35га 35» схемаси асосида асирларни озод этди. Руслар Керч бўғозида қўлга олинган 24 нафар ҳарбий асир – украин денгизчилари ва 11 нафар сиёсий маҳбусларни ўз она ватанига қайтарди. Улар ўз навбатида 12 нафар рус фуқароларини ва 23 нафар Донбасс Халқ Республикаси фуқароларини қўйиб юборди. Асирлар афв этилган ҳолда озодликка чиқарилди.

    Тез орада янги ва кўламдор алмашувларга киришилади. Ҳозир мустақил бўлиб олган Донецк ва Луганск вилоятида 227 нафар украиналик асирлар сақланмоқда. Яна 113 нафар киши Россия ва Қрим қамоқхоналарида мураккаб аҳволда қолишган.

    Зеленский асирлар алмашувини «Минск жараёнлари»да назарда тутилган ўт очишни тўхтатиш йўлида муҳим қадам ва Россия билан мулоқотни тиклашнинг зарур шарти ҳисобланади.

    Давоми бор.
    А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Зеленский ва бугунги Украина: умидлар оқланадими? (1-мақола)