Зеленскийга Россия душманми? (2-мақола)

  • 03 октябрь 2019, 20:46
  • 933
  • Дунё
  • Зеленскийга Россия душманми? (2-мақола)
    Фото: delo.ua
    Украинада жорий йил бўлиб ўтган сайловларда 39 та номзод қатнашди. Иккинчи турда 73,2 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонган ва 2019 йил майдан ҳокимиятга келган Украинанинг 41 ёшли янги президенти Владимир Зеленский қатор ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу украин халқи томонидан ҳам, яқин ва узоқ қўшнилари тарафидан ҳам катта умидлар ва ишонч билан кутиб олинмоқда...

    Бошланиши: Зеленский ва бугунги Украина: умидлар оқланадими? (1-мақола)

    Россия душманми?
    Украина президенти аввалги ҳамкасбларидан фарқли равишда Россияни ўзи учун душман деб атагани йўқ эди. Аммо шу кунларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош Ассамблеясида чиқиш қилиб, Россияни босқинчиликда айблади.

    Бош вазир Алексей Гончарук эса Россияни босқинчи деб ҳисоблашини, аммо Украина ҳукумати энг катта қўшниси – Россия билан прагматик алоқалар ўрнатиш режаси борлигини билдирди.

    Ғарб экспертларининг фикрича, Украинанинг ўз қардошлари – Россия билан ҳар қандай яқинлиги уни Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиш имкониятларини шунчалик камайтириб юборади. Шу билан бирга, Европа давлатлари Украина манфаатлари деб, Россияга нисбатан иқтисодий сакцияларни узоқ муддат давомида сақлаб қолиш нияти ҳам йўқ.

    Ҳозирги босқичда, албатта, Россия билан тил топишиш муҳим. Чунки, уни душман атаб зиддиятга бориш Украина учун яхшилик билан тугамаслиги муқаррар.

    Ғарб давлатларининг эълон қилинган разведка маълумотларига кўра, Украина чегарасида 80-90 минг рус аскарлари, 1800 танк, 2400 БТР бор. Бундан ташқари, Қримнинг ўзида русларнинг йирик ҳарбий бўлинмалари жойлаштирилган. Керак бўлса, бунга қўшимча равишда РФнинг Жанубий ҳарбий округнинг юз минглаб аскарлари, 8 минг танки, артиллерия қуроллари жанговар шай ҳолатда ва қисқа вақтда керакли жойда пайдо бўлиши мумкин.

    Фото: delo.ua
    Қолаверса, Донбасс ва Луганскда 35-40 минг жангарилар бор. Бу кучлар бирлашса, нафақат Украина, балки бутун НАТОнинг Европадаги кучларига қарши курашишга қодирлиги айтилмоқда. Шундай шароитда Украинанинг Россия билан ҳарбий тўқнашуви унинг мағлубиятига хизмат қилади, холос.

    Умуман олганда, Россия агар Украина томонидан аниқ кафолат бўлмаса, унинг ҳудудидаги уруш оловини ҳеч қачон тўхтатишга шошмаслиги аниқ. Чунки Украинадаги ҳарбий зиддият узлуксиз давом этар экан, унинг Европа Иттифоқи ва НАТОга қўшилиши учун асосий тўсиқ бўлиб қолаверади. Бу эса расмий Москванинг манфаатларига жуда мос келади.

    Россия билан илиқлик ҳақида гап кетиб турганда Украина бош вазирининг Европа Иттифоқига интеграция масалалари бўйича ўринбосари Дмитрий Кулеба МДҲ давлатлари билан алоқалар бўйича танқидий фикри Зеленскийнинг ташқи сиёсатда тизимли ва аниқ бир стратегия асосида иш олиб бораётганидан далолат беради. «МДҲ – бу омадсизлар клуби. Шу сабабли шахсан мен учун бу ёпиқ тарих. Биз Европа Иттифоқига, албатта, аъзо бўлиб кирамиз».

    Вашингтон узоқда, лекин барчадан яқинроқ
    АҚШ Россияни тийиб туриш, Европа қитъасига маҳкамроқ ўрнашиш ниятида Украинани ўзига оғдириб олгани аниқ. Шу боис охирги 5 йил мобайнида бир миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди. Оқ уй асосий эътиборини хавфсизлик ва мудофаа соҳаларига қаратаётгани боиси ҳам шудир.

    Украина етакчиси АҚШ билан ажойиб алоқаларга эгалигини, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий ҳимоя қилиб келаётгани, тез орада яна 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатаётгани учун Вашингтондаги дўстларига чуқур миннатдорлик билдирди.

    Зеленский Ғарбдаги қайси бир сиёсатчи билан учрашмасин, Украинада тинчлик тўлиқ тикланмагунига қадар Россияга нисбатан халқаро санкцияларни сақлаб қолиши кераклигини эслатиб келмоқда.

    Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти Украинага иқтисодий ёрдам кўрсатишни европалик иттифоқчиларига – Франция ва Германия елкасига илиб қўйишга уринмоқда. Бу ҳатти-ҳаракатидан кейин Россия агар қатъийроқ ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборса, АҚШ бевосита воқеалар ривожига аралашадими-йўқми, деган шубҳа ҳам келиб чиқмоқда.

    Қолаверса, Трамп 2014 йилда «Катта саккизлик»дан чиқиб кетган Россияни яна ушбу форматга қайтариш кераклиги ҳақида баёнот берди. Зеленскийни эса имкон қадар Россия билан яқинроқ бўлишга чорламоқда. Путин ҳақида бутун президентлик даврида бирорта ножўя фикр билдирмади.

    Владимир Зеленский 23-26 сентябрда БМТнинг Бош Ассамблеясида иштирок этиш доирасида АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ҳам мулоқот ўтказди. Бироқ кутилмаганда ҳозир Трамп олдида янги муаммо чиқди. У аввалроқ Зеленскийга қўнғироқ қилиб, бўлажак сайловларда ўзининг асосий рақиби бўлмиш Жозеф Байденнинг ўғлига (беш йил давомида Украинадаги йирик газ компанияси директорлар кенгаши аъзоси бўлган) нисбатан жиноят иши очишни тайинлаган.

    Фото: eurointegration.com.ua
    Бошида сал кулгули туюлган бу фикрлар эндиликда демократлар томонидан ҳақиқий сиёсий дастакка айлантирилмоқда. Улар Трампни бўлакжак сайловларда ўз рақибини обрўсизлантириш, ўйиндан чиқариб юбориш учун ўзга давлат етакчисини қўрқитишда айблашмоқда. Буни импичмент қўллаш учун асосий далил сифатида кўрсатишаяпти.

    Дастлаб, конгресс тергов бошлаб, Зеленский ва Трамп ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатини тўлиқ ҳажмда жаоматчиликка ошкор қилиш талабини қўйди. У матбуотда эълон қилингач, Трампга импичмент эълон қилишга чоғланишмоқда. Ҳозирча 155 нафмар конгрессмен бу режани маъқулламоқда. Улар сафига яна 70 нафар ҳамкасблари қўшилса, Трамп жуда оғир вазиятда қолади. Гарчи импичментчилар мағлубиятга учраганда ҳам сиёсий фоннинг ўзи бўлажак баҳсларда унга ҳаддан ташқари зиён етказиши аниқ. Бу можаро йўқ жойдан Зеленскийни ноқулай вазиятга тушириб қўйди.

    Телефон қўнғироғи чоғида Зеленскийнинг Франция ва Германиянинг Украинага етарлича ёрдам бермаётганини танқид остига олгани ҳам кўҳна қитъа сиёсий марказларида катта норозиликни келтириб чиқарди ва уни кўрнамакликда айблашмоқда.

    Аслида Европа Иттифоқи 2014 йилдан буён мамлакатга жами 3,3 миллиард евро макромолиявий ёрдамлар кўрсатган, 2014-2016 йилларда яна 3 миллиард евро Европа инвестиция банкидан кредит сифатида, 2014-2017 йилларда Европа реконструкция ва тараққиёт банкидан 3,5 миллиард евро сармоялар сифатида тақдим этилган.

    Яқин йилларда қитъадаги бошқа молия муассасалари билан субсидия ва қарзлар шаклида Украинадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 миллиард евро ажратиши ҳақида ваъда қилинаётган эди. Бу эса Европага интеграцияга жараёнларига ёмон таъсир кўрсатиши мумкин.

    Иқтисодий масалалар...
    Украина биринчи президенти Леонид Кравчукнинг маълум қилишича, мамлакат етакчиларининг асосий хатоси – мамлакатнинг барча минтақалари манфаатларини бирдек ҳисобга олмасликлари бўлган.

    Зеленский бу хатони тўғирлаш ниятида. Украина ғарбий ва шарқий ҳудудларида ўртасида доим ҳам фарқ сақланиб қолган. Аммо охирги йилларда орадаги тафовут кучайиб, ички бўлиниш вужудга келди. Барча губернаторлар истеъфога чиқарилди, лекин иқтисодий блок мувозанатлашган сиёсат олиб бора оладими – бу ноаниқ.

    Ҳозирда асосий муаммолардан яна бири – бу Украинанинг ҳаддан ташқари катта давлат қарзларидир. Украина молия вазирлиги давлат ва кафолатланган давлат қарзлари миқдори 82 миллиард долларни ташкил этаётганини билдирди.

    Киевга фақатгина қарзнинг фоизларини ёпиш учун ҳар йили 17-20 миллиард доллар зарур бўлади. Халқаро валюта жамғармаси ҳозир Украинанинг ташқи қарзини қоплаш учун 2020 йилда 16,8 миллиард доллар, 2021 йилда 18,5 миллиард доллар қарз бермоқда. Эътибор беринг, фақатгина қарзни ёпиш учун кўрсатилаётган ёрдамнинг миқдори қанчалик катта. Ҳозир давлат бюджетининг муқаррар инқирозидан Халқаро валюта жамғармаси қарзлари қутқариб турибди.

    Фото: argumentua.com
    Бу аҳолига қандай наф беради. Ҳеч қандай албатта. Қайтанга халқаро ташкилот сиёсий босим ва талабларни илгари суриш билан овора. Газ ва бошқа коммунал тўловларни ошириш бўйича ҳукумат олдига қўйилаётган талаб – биринчи мажбуриятдир. Агар тарифлар кўтарилмаса, демак халқаро кредит ҳам берилмайди ва мамлакат дефольт бўлади. Коммунал тарифларнинг муттасил ошиб бориши эса аҳолини қаттиқ норози қилмоқда ва бир кун байроқ кўтариб Зеленскийга қарши чиқиши мумкин.

    Россиянинг Европага газ транзити масаласи ҳам ҳанузгача ҳал қилинмади. Оқибатда кейинги йили 3 миллиард долларлик фойда йўқотилиши мумкин. Зиддият туфайли руслар Европага Украина орқали транзит миқдорини йил сайин камайтириб бормоқда. Натижада украинлар арзон газ импортидан ҳам маҳрум бўлиб қолмоқда. Кўмирга бой Донбасснинг қўлдан кетиши эса дард устига чипқон бўлди. Украина энди кўмирни Колумбия ёки АҚШдан неча минг километр денгиз оша олиб келишга мажбур бўлаяпти.

    Шундай бўлса-да ҳукумат оптимизм руҳи билан яшамоқда. «2016 йилдан буён иқтисодиёт йилига 2,5-3,3 фоиз миқдорида ўсмоқда. 2014 йилдаги муваффақиятсизликдан кейин ялпи ички маҳсулот 16 фоизга тушиб кетди. Янги ҳукумат иқтисодиётни эркинлаштириш, кенг кўламли хусусийлаштириш ва хорижий сармоялар ҳисобига ўсишини 5 йил давомида 40 фоизга оширишни кўзламоқда», – дейди янги бош вазир Владимир Гройсман.

    Давоми бор.
    А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

    Манба: Xabar.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Зеленскийга Россия душманми? (2-мақола)