Истанбулда ер остидан энг йирик яширин қурол омбори топилди

Истанбулнинг Пендик туманида полиция дронлар ёрдамида ер остидаги сув резервуарида яширилган йирик ноқонуний қурол омборини фош этди. Тезкор рейд давомида қурол йиғиш учун мўлжалланган 5 мингга яқин турли деталлар ва эҳтиёт қисмлар мусодара қилинди. Мазкур жиноий фаолиятга алоқадорликда гумон қилиниб 4 нафар шахс қўлга олинди. Ушбу топилма Туркияда бир вақтнинг ўзида аниқланган энг йирик яширин қурол захираларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Туркиянинг Истанбул шаҳрида кенг кўламли махфий қурол омбори фош этилди. Хабар қилинишича, ушбу яширин жой Пендик туманида ер остидаги сув резервуари ҳудудида аниқланган. Бу ҳақда Hürriyet нашри маълум қилди.
Маълумотларга кўра, омбор жойлашуви Истанбул полицияси томонидан олиб борилган махсус кузатув жараёнида, хусусан, дронлар ёрдамида жиноятчилар фаолиятини назорат қилиш орқали аниқланган. Шундан сўнг ҳудудда тезкор тинтув ўтказилган.
Тинтув давомида қурол ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган минглаб эҳтиёт қисмлар қўлга киритилган. Жумладан, 3 092 дона тўппонча деталлари, 1 869 дона затвор механизмлари ҳамда яна кўплаб турли қурол компонентлари аниқланган. Мутахассислар бу қисмлар ноқонуний қурол йиғиш учун мўлжалланганини тахмин қилмоқда.
Ўтказилган операция давомида мазкур фаолиятга алоқадор бўлган 4 нафар гумондор қўлга олинган. Ҳозирда улар устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Расмийларга кўра, бу топилма Туркия ҳудудида шу турдаги рейдлар доирасида бир мартада аниқланган энг йирик яширин қурол омборларидан бири ҳисобланади. Ҳодиса мамлакатда ноқонуний қурол айланмасига қарши кураш янада кучайтирилаётганини кўрсатмоқда.






























Изоҳлар 0
…