13:00 / 01.04.2020
2 259

Коронавирус албатта бартараф бўлади: тушкунликка тушмаслик учун 5 сабаб

Коронавирус албатта бартараф бўлади: тушкунликка тушмаслик учун 5 сабаб
AFP Photo/Ina FASSBENDER
Коронавирус бугун ер юзи бўйлаб миллионлаб кишиларнинг ҳаёт тарзи ва режаларини ўзгартириб юборди. Мутахассислар фикрига кўра, коронавирус таъсирида белгиланётган карантиндан бир неча ҳафтада қутулиб бўлмайди, бу ҳолат ойларга чўзилиши ҳам мумкин.
Бундай вазиятда бирор ижобий ҳолни кўриш қийин, аммо шунга қарамай, катта таҳдидга дучор бўлган одамзод ўз инсонийлигини намоён қилиш учун куч топа оляпти.

1. Оқ халат кийган одамларга миннатдорчилик қарсаклари
Дунёнинг барча мамлакатларида коронавирусга қарши курашда шифокорлар, ҳамширалар ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа ходимлар коронавирусга қарши курашда энг олдинги сафларда турибди. Ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, улар амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар туфайли вирус юқтирган кўплаб одамлар тузалиб чиқишмоқда.

Шундай таҳликали вақтда ўз жонини хавфга қўйиб, коронавирус билан касалланган беморларга ёрдам бераётган тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнатларига миннатдорчилик изҳор этиш учун учун турли мамлакатларда одамлар кечки пайт ўз уйи деразаси ёки балконидан туриб уларнинг шаънига якдил бўлиб қарсак чалишмоқда.

Тиббиёт ходимларини биргаликда олқишлаш коронавирус дастлаб тарқалган Хитойнинг Уҳан шаҳрида илк марта амалга оширилган эди. Бугун бу олқиш дунё бўйлаб янграмоқда — коронавирус Хитойдан ташқарига чиқиб, дунё бўйлаб тарқаб кетганидан буён тиббиёт ходимларини олқишлаш ҳам дунё бўйлаб трендга айланди.

2. Хитой карантинни юмшатяпти

Роман Пилипей / EPA / Scanpix / LETA
Хитой расмийларига кўра, ҳозир улар коронавирус тарқалишининг олдини олишга муваффақ бўлишган.

Хитойда вирусга чалинганлар даражаси тобора камроқ қайд этилмоқда, боз устига, уларнинг аксарияти касалликни хорижда юқтириб келганлар бўлмоқда. Хитойда вирус тарқалиши деярли тўхтаган. Шу туфайли расмийлар мамлакатда карантин чораларини босқичма-босқич енгиллаштирмоқда.

Пандемия бошланган Ҳубэй провинциясида жорий этилган кириб-чиқиш карантин чекловлари 25 март куни олиб ташланди. Коронавирус ўчоғи бўлган Уҳан шаҳридаги чекловларни 8 апрелдан енгиллаштириш режалаштирилган.

BBC’нинг Хитойдаги мухбири Стивен Макдонеллга кўра, энди Пекин аҳолиси том маънода кўксини тўлдириб чуқур нафас олиши мумкин. Албатта, Хитойда эпидемиянинг иккинчи тўлқини бошланиши мумкин, деган хавотирлар ҳам йўқ эмас, аммо секин-аста чекловларни юмшатаётган ҳукумат яхши натижаларга умид қилмоқда.

3. Италия: туннел охирида ёруғлик кўринмоқдами?
Ўтган ҳафтанинг ўрталарида Италия расмийлари мамлакатда коронавирус тарқалиши барқарор босқичга ўтгани, кетма-кет тўрт кун давомида вирусга чалинганлар сони ва ундан вафот этиш ҳолатлари нисбатан камайгани ҳақида хабар берди.

Ўтган ҳафтанинг чоршанба куни Италияда коронавирус юқтириш бўйича 3612та янги ҳолат аниқланган ва бу аввалги тўрт кунлик кўрсаткичлардан кам эди. Аммо пайшанба куни вирус юқтирганлар сони яна бироз ошгани кузатилди. Жума куни эса ҳаммаси аралашиб кетди, касалликка чалинганлар сони камайди, аммо пандемия бошланганидан бери ўлим энг юқори даражага кўтарилган.

Гарчи жума куни ўлим ҳолати кўпайган бўлган ҳам умумий манзарада ҳафтанинг илк тўрт кунида касалликка чалиниш ҳолати камайгани коронавирусдан энг кўп жабрланаётган Италияда касалликни енгиш мумкин, деган умид уйғотди.

Италияда сўнгги ҳафтада вирусга чалиниш ҳолатлари камайганини ЖССТ «умидбахш хабар», деб атади. Италияда коронавирусдан жиддий зарар кўрган минтақа, Ломбардия вилоятининг бош шифокори эса ҳолатга «туннел охирида ёруғлик кўриняпти», деб изоҳлади.

4. Вакцина қидираётган олимлар

AFP
Бутун дунёда барча коронавирусга қарши янги вакцина ишлаб чиқилишини кутмоқда. АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Kaiser Permanente илмий тадқиқот марказида коронавирусга қарши бир нечта вакциналар синовдан ўтказилмоқда. Аллақачон тўрт нафар кўнгилли янги вирусдан олинган хавфсиз генетик коднинг экспериментал дозаси билан эмланди. Энди унинг натижаси кутилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ва шунга ўхшаш бошқа синовлар коронавирусга қарши қанчалик самарали эканлигини аниқлаш учун уларга бир неча ой керак бўлади.

Бундан ташқари, олимлар янги коронавирус ҳақида тобора кўпроқ маълумотга эга бўлишмоқда. Ўтган ҳафтада вируснинг генетик кодини ечиш бўйича ўтказилаётган тадқиқотлар борасида далда берувчи хабарлар пайдо бўлди.

Одатда аксарият вируслар ҳайвонлар ёки инсон танасида кўпайиб кетганда мутацияга учрайди. Олимларнинг таъкидлашича, SARS-CoV-2 (коронавирус) мутацияга жуда секинлик билан учрамоқда ёки ҳеч қачон мутацияга учрамайди.

Агар ушбу кузатувлар тасдиқланса, бу узоқ вақт давомида одам иммунитетини бу вирусга қарши юқори даражада чидамли қилиш учун битта вакцина етарли бўлиши мумкинлигини англатади.

«Барқарор генга эга бўлган вирус — эмлашнинг фойдали бўлиши учун яхши янгиликдир», деб тасдиқлайди коронавирус муаммоси билан шуғулланаётган профессор Стефано Менцо.

5. Ҳамма битта қайиқда

GETTY IMAGES
Коронавируснинг тарқалиши кўпчилигимизни жисмоний томондан иҳоталаб қўйганига қарамай, ахлоқий жиҳатдан одамлар ўртасидаги бундай яқинлик ва ўзаро илиқ муносабат узоқ вақт давомида кузатилмаган эди.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида инсонлар ўзаро ёрдам, раҳм-шафқат ва бошқалар ҳаётига бефарқ бўлмаслик ҳамда ўзгалар учун қайғуришга чақириқлар билан чиқяпти.

Яқинда Буюк Британияда юз минглаб одамлар Миллий соғлиқни сақлаш хизматига (NHS) ёрдам бериш учун кўнгиллилар сафига қўшилиш чақириғига лаббай деб жавоб беришди. Улар расмийлар томонидан кўнгиллилар бўлинмаси учун сўралганидан бир неча баробар кўп.

Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг Англия бўйича директори Стивен Повиснинг сўзларига кўра, у «одамларнинг бегоналар учун қайғуриши бу даражада кучлилигидан ва тиббиёт учун текин хизмат қилишга ошиққанидан ажабланган».

Шу кунларда мижоз қабул қилмай, фақат етказиб бериш йўли билан ишлаётган кўплаб кафе ва ресторанларда тиббиёт ходимларига қаҳва ва сендвичлар бепул бериляпти.

Испанияда чоп этиладиган El Pais газетасининг хабар беришича, бир шифокорнинг чақириғига биноан ўн минглаб одамлар касалхонада оғир синдром билан курашаётган беморларга соғайиб кетиш тилаклари ва далда сўзлари ёзилган мактуб юборишган. Қолаверса, бугун дунёдаги кўплаб компаниялар, тадбиркорлар вирусдан азият чекаётганларга турли кўринишда ёрдам қилишмоқда. Бундай мисоллар жуда кўп.

Бир сўз билан айтганда, дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус эътиқодидан, ирқидан, дунёқарашидан қатъи назар, барчани бирлаштирди, бир-бирига меҳр кўрсатишга ундади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус албатта бартараф бўлади: тушкунликка тушмаслик учун 5 сабаб