00:43 / 10.04.2020
2 998

Дунёда беморлар бир ярим миллиондан ошди, АҚШ ва Британияда бемисл қурбонлар

Дунёда беморлар бир ярим миллиондан ошди, АҚШ ва Британияда бемисл қурбонлар
Фото: Getty Images
Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони бир ярим миллиондан ошган (1 млн 582 мингдан ошиқ), 95 мингга яқин киши ушбу касалликдан вафот этган, 348 мингдан ортиқ киши соғайган. Covid-19’дан энг кўп жабрланган давлат АҚШ бўлиб қолмоқда: бу ерда беморлар сони 454 мингдан ошди, 16 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

АҚШда чоршанба куни ҳам, қаторасига иккинчи куни қарийб 2 минг киши коронавирусдан зарарланиш оқибатида вафот этди. Америка ҳукумати вирусдан зарарланишнинг энг юқори нуқтасидан ўтилиши яқин эканига умид қилмоқда, президент Дональд Трамп эса «туннел охирида ёруғлик кўринаётгани»ни айтиб ўтган.

Бу вақтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебреисус барча мамлакатларни вазиятни сиёсийлаштирмасдан, вирусга қарши биргаликда курашишга чақирмоқда.
Аввалроқ Трамп ЖССТни коронавирус пандемияси ҳақида эълон қилишни жуда кечиктиришда ва асосий эътиборни Хитойдаги вазиятга қаратишда айблаб чиққанди.

Британияда бир кунда қарийб 900 қурбон
Айни вақтда коронавирусдан зарарланиш туфайли шифохонага ётқизилган бош вазир Борис Жонсон ўрнига вақтинча ҳукуматни бошқараётган Ташқи ишлар вазири Доминик Рааб мамлакатда вирус пандемиями билан боғлиқ сўнгги маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, Буюк Британияда Covid-19 яна 881 кишини ҳаётдан олиб кетди ва мамлакатда коронавируснинг жами қурбонлари сони 7 978 нафарга етди. Вирусдан зарарланиш ҳолатлари 60 мингдан ошган.

Пайшанба кунги ўлимлар сони чоршанба кунгидан камроқ - ўтган куни 938 киши коронавирус қурбонига айланганди.

Раабнинг сўзларига кўра, қурбонлар сони бундан кейин ҳам ўсишда давом этиши мумкин, аммо 23 март куни ҳукумат томонидан жорий этилган карантин чоралари вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Унинг айтишича, бу чоралар Британия вирус авж олиши чўққисидан ўтмагунча сақлаб қолинишини маълум қилган. Вазир ҳозирча чўққидан ўтилмагани, лекин умидлар пайдо бўлгани, чунки шифохоналарда сунъий нафас олиш аппаратига эҳтиёж сезаётган беморлар сонида юқори темпда ўсиш кузатилмаётганини қайд этиб ўтган.

Рааб матбуот анжуманини бош вазир Борис Жонсоннинг аҳволи ҳақида маълумот бериш билан бошлаган. «У ҳамон интенсив терапия бўлимида қолмоқда, аммо унинг аҳволи яхшиланган, кайфияти ҳам яхши», деган Доминик Рааб.
Молия вазири Риши Сунак ҳам Жонсон «тўшакда ўтирган ҳолда тиббий ходимлар билан мулоқот қилаётгани» тўғрисида айтиб ўтганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жонсон интенсив терапия бўлимидан оддий палатага ўтказилган.
Кейинги ҳафта бошида ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида 23 март куни жорий этилган карантин чоралари қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Айни вақтда бу чоралар юмшатилиши ёки кучайтирилиши ҳақида аниқ гап йўқ. Ҳукумат фуқароларни Пасха таътили вақтида тавсияларга қатъий амал қилишга чақирмоқда, дам олиш кунларида мамлакатда ҳаво 25 даражагача исиши кутилмоқда, бундай ҳавода эса британияликлар кўчага интилиши кучайиши мумкин.

Британия полиция яқин икки ҳафта давомида кўчалар ва хиёбонларда карантин тартибларига амал қилиниши устидан қатъий назорат ўрнатилиши ҳақида огоҳлантирган.

Бу вақтда Уэльсда карантин муддати узайтирилди, Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержен эса ўзини иҳоталаш режими яна бир неча ҳафта давомида сақланиб туришини маълум қилди.

Кембриж герцоги, шаҳзода Уильям ва герцогиня Кейт Миддлтон Ланкаширдаги Casterton Primary Academy мактабига видеоқўнғироқ амалга оширишди ва ота-оналари айни вақтда муҳим соҳаларда - Миллий соғлиқни сақлаш хизмати, супермаркетлар ва транспорт агентликларида хизмат қилаётган болалар билан мулоқот қилди. Айни вақтда мамлакатдаги барча ўқув муассасалари ёпилган, мактабга фақат муҳим соҳаларда ишлаётганларнинг фарзандлари келиши мумкин.


Руминия: туғруқхонада инфекция
Руминия ҳукумати мамлакат ғарбидаги Тимишоара шаҳрида янги туғилган 10 нафар чақалоқда коронавирус аниқлангач жиноий иш очди. Тахмин қилинишича, чақалоқлар туғруқхона ходимларидан зарарланган - чунки уларнинг оналарида Covid-19 бўлмаган.

Руминиядаги нашрларда ёзилишича, аввалроқ шифохонанинг бир неча ходимида коронавирус аниқланганди. Терговчилар вирус аниқланган ходимлар карантинга олингани ва улар билан алоқада бўлган ҳамкасблари аниқлангани бўйича текширув ўтказмоқда.

Руминия соғлиқни сақлаш вазири Нелу Тэтарунинг сўзларига кўра, чақалоқларнинг деярли барчаси айни вақтда уйига юборилган.
Тиббий ходимлар оммавий равишда зарарланиши - Руминиядаги жиддий муаммо. Чоршанба куни мамлакатдаги яна бир шифохона ундаги ходимларнинг аксар қисми вирусдан зарарлангани туфайли карантинга ёпилганди.

Сўнгги кунда мамлакатда вирусдан зарарланиш билан боғлиқ яна 441та ҳолат аниқланди ва жами зарарланганлар сони 5202 нафарга етди. Эпидемия бошланганидан буён 246 киши вафот этган - сўнгги 24 соат ичида 26 ўлим.

Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги аҳвол
Испанияда пайшанба куни вафот этганлар сони чоршанба кунгидан камроқ бўлди - 747га 446. Ўз навбатида 8 апрель куни 6278та зарарланиш ҳолати қайд этилган бўлса, 9 апрель куни 4226 кишида вирус аниқланди. Айни вақтга келиб Испанияда қурбонлар сони 15 мингдан ошган, зарарланиш ҳолатлари 152 мингдан ошиқ.

Мамлакат бош вазири Педро Санчес энг ёмон давр ортда қолаётгани ҳақида гапирган. У мамлакатдаги барча сиёсий кучларни иқтисодиёт тикланиши учун бирлашишга чақирган ва 1970-йилларда диктатор Франконинг ўлимидан кейинги умумхалқ бирдамлигини намуна қилиб келтирган.

Францияда сўнгги бир кунда Covid-19’дан ўлимлар сони бўйича рекорд қайд этилди - 1341 қурбон. Айни вақтга келиб мамлакатда коронавирусдан вафот этганларнинг жами сони 12 мингдан ошиб кетган, зарарланиш ҳолатлари 117 мингдан ошиқ. Ҳукумат карантин чораларини янада кучайтирмоқда, кўчага чиқишга фақат маълум соатларда рухсат берилган - эрталабки соат 10гача ва 19:00дан кейин.

Италия апрель ойи охирига бориб карантин чораларини сусайтириши мумкин. Мамлакат бош вазири Жузеппе Конти агар зарарланиш ҳолатлари камайишда давом этса, чоралар юмшатилиши мумкинлигини истисно этмаган.

У шунингдек, Европа иттифоқи пандемия шароитида мутлақо бефойда ташкилот эканини, Брюссель коронавирусдан жиддий зарар кўрган давлатлар, хусусан Италиянинг ёрдам сўраб йўллаган чақириқларига эътиборсизлик билан қараганини қайд этиб ўтган.

Мамлакатда 9 апрель куни коронавирусдан ўлим ҳолатлари 610тага, зарарланиш ҳолатлари 4204тага ошди. Италия янги вирус қурбонлари сони бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда - 18 279, жами зарарланиш ҳолатлари сони 143 мингдан ошган.

Сербия ҳукумати мамлакат аҳолисига шу ҳафтанинг дам олиш кунларида уйдан чиқишни тақиқлаган. Комендантлик соати жума куни соат 17:00дан душанба куни соат 05:00га қадар давом этади. Сербия президенти Александр Вучич ўзининг катта ўғли Данило коронавирус инфекциясидан зарарлангани ва айни вақтда шифохонада эканини маълум қилган.

Нидерландиядан яхши хабар келди, Covid-19га чалинган 107 ёшли аёл соғайди.

Корнелия Расда 17 март куни, 107 ёшга тўлганининг кейинги кунида вирус аниқланганди. Хабарларга кўра, у черковдаги ибодатда зарарланган, ўша маросимда қатнашган 40 кишида вирус аниқланган, уларнинг 12 нафари вафот этган.
Корнелия Рас дунёда коронавирусдан тузалган энг ёши катта киши бўлди.

Россияда пайшанба куни эпидемия бошланганидан бери энг кўп бемор қайд этилди - 1 459, ҳозирча мамлакатда вирусдан зарарланиш ҳолатлари - 10 131та. 76 киши вафот этган.

Германияда қаторасига учинчи кун касалланиш ҳолатлари сони ўсмоқда, бундан аввал тўрт кун давомида беморлар сони ўсиши темпи пасайиб келганди. Пайшанба куни мамлакатда яна 4 974 бемор аниқланган ва жами ҳолатлар сони 115 523тага етган. 9 апрель куни яна 102 киши вафот этди ва жами қурбонлар сони 2451 нафарга етди.

Хитойда карантин чоралари юмшатилиши давом этмоқда, аммо Россия билан чегарадаги Суйфиньхэ шаҳрида касалланиш сони оша бошлагани туфайли янги карантин чоралари жорий этилди. Бу ерда Covid-19 беморлари учун махсус 600 ўринли янги шифохона қурилмоқда.

Бугун ХХР ҳукумати сайтида «номаълум сабабга кўра пневмония» тарқалаётгани ҳақида хабар берилганига 100 кун бўлди.
Ўтган вақт давомида янги вирус одамлар кўп тўпланган шароитда осонлик билан тарқалиши маълум бўлди.

Пайшанба куни Британиянинг Guardian нашри пандемиядан энг кўп жабр кўраётган мамлакатларда бир хил тенденция кузатилаётгани ҳақида ёзди: зарарланганларнинг кўпчилиги қайсидир маданий, диний ёки спорт тадбирида - одамлар кўп вақт давомида бир-бирига яқин масофада турадиган йиғилишларда қатнашганида зарарланган. Бундай тадбирларда одамлар қўл бериб кўришиши, ўпишиб сўрашиши ёки бир-бирлари билан ичимликлар алмашиши мумкин - бу эса зарарланишлар сони кескин ошишига олиб келган.

Шу туфайли Европа давлатлари баҳорги байрамлар, хусусан Пасха арафасида ҳушёрликни оширган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёда беморлар бир ярим миллиондан ошди, АҚШ ва Британияда бемисл қурбонлар