date

Президент таниқли уч актёрни “Халқ артисти” унвони билан тақдирлади

Президент таниқли уч актёрни “Халқ артисти” унвони билан тақдирлади

Ўзбек театр ва кино санъати яна бир унутилмас кунни қарши олди. Президент Шавкат Мирзиёев 23 август куни имзолаган фармонга кўра, бир қатор таниқли актёрлар – Саида Раметова, Карим Мирҳодиев ва Тоҳир Саидов “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан тақдирланди.

Фармонда таъкидланишича, улар мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, ўзининг серқирра истеъдоди, театр ва кино соҳасидаги самарали фаолияти ҳамда халқ маънавиятини юксалтиришга қўшган беқиёс ҳиссаси учун ушбу юксак унвонга сазовор бўлди.

Саида Раметова – ўзбек кино ва театр саҳнасининг энг севимли юлдузларидан бири. У кўплаб фильм ва сериалларда ўзига хос образлар яратиб, мухлислар қалбидан жой олган. Актрисанинг илк катта қадамларидан бири 1995 йилдаги “Бомба” фильмидаги Жамила образи бўлса, кейинчалик “Сарвиноз”да Марям опа, машҳур “Суперкуёв”да Мунира опа – Сардорнинг онаси роллари орқали катта шуҳрат қозонди. Кейинги йилларда ҳам у “Учар қиз”, “Мажруҳ”, “Фаришта” каби фильмларда бош ролларни ижро этиб, ўз ижодий йўлини янада юксалтирди. 2021 йилда эса халқаро лойиҳа “Мендирман Жалолиддин” сериалида иштирок этиб, ўз маҳоратини янада кенг майдонга олиб чиқди. Умуман олганда, Саида Раметова 80 дан ортиқ фильм ва сериалларда турли қиёфаларни яратган.

Карим Мирҳодиев эса ўзбек саҳнасида катта из қолдирган устоз актёрлардан бири ҳисобланади. 1954 йил 29 июлда Бухорода туғилган у, Тошкентдаги Островский номидаги Давлат театр ва рассомлик институтида таҳсил олган. Кейинчалик Аброр Ҳидоятов номидаги театрда (собиқ Ёш гвардия театри) фаолият юритиб, 60 дан зиёд спектаклда турли ролларни ижро этган. 2001 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилган бўлса, бугунги кунга келиб унинг санъатга қўшган хизматлари янада юксак баҳоланди.

Тоҳир Саидов эса Хоразм вилоятининг маъруф санъаткорларидан. 1965 йилда туғилган актёр ўз ижодий йўлини 1991 йилда Ўзбек миллий академик драма театридан бошлаган ва шундан бери 60 дан зиёд спектаклларда иштирок этган. Унга катта шуҳрат келтирган рол “Кўнгил кўчалари” сериалидаги гадой қиёфаси бўлди. Шунингдек, “Шайтанат” ва “Сардор” сериаллари, “Сўғдиёна”, “Чавандоз”, “18 квадрат” каби 20 дан ортиқ фильмлардаги роллари орқали кенг танилди. 2005 йилда у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган эди.

Шубҳасиз, бугунги тақдирлаш нафақат актёрларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун ўзбек театри ва киносига берилган катта эътироф сифатида аҳамият касб этади. Саида Раметова, Карим Мирҳодиев ва Тоҳир Саидов каби санъаткорлар ўз ижоди билан нафақат саҳна, балки миллионлаб мухлислар қалбини забт этди.

Бу фахрий унвон уларнинг ижодий йўлини янада ёрқин давом эттиришга, янги изланиш ва ғалабаларга ундайди. Чунки халқ севган санъаткорлар ҳар доим қадрланади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Президент таниқли уч актёрни “Халқ артисти” унвони билан тақдирлади