15:39 / 17.07.2020
2 643

Трамп «дунёдаги энг хавфли одам» экани ҳақидаги китоб рекорд миқдорда сотилмоқда

Трамп «дунёдаги энг хавфли одам» экани ҳақидаги китоб рекорд миқдорда сотилмоқда
Фото: veteransnewsreport.com
Дональд Трампнинг жияни Мэри Трамп томонидан АҚШнинг амалдаги президенти ҳақида ёзилган «Жуда кўп ва ҳамиша оз: менинг оилам қандай қилиб дунёдаги энг хавфли одамни яратди» («Too much and never enough: how my family created the world's most dangerous man») китоби савдо рекордларини ўрнатмоқда. Бу ҳақда CNN китобни чоп этаётган «Simon and Schuster» нашриётига таяниб хабар берган.

Манбада айтилишича, 14 июлда сотувга чиқарилган китоб биринчи куннинг ўзида 950 минг нусхада сотилган. Бу рақамларда китобнинг босма, электрон ва аудио нусхалари савдоси ҳисобга олинган. «Simon and Schuster» нашриёт уйи бу кўрсаткични ўзи учун рекорд натижа деб атаган.

Нашриётга кўра, Трампнинг жияни ёзган китоб савдоси АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон томонидан ёзилган ва аввалроқ шу нашриёт томонидан чоп этилган «Бу воқеа содир бўлган хона: Оқ уй мемуарлари» («The room where it happened: a White house memoir») хотира китобига тегишли рекордни янгилаган.

Бу китобда Болтон Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган даврида бўлган ҳодисаларни ёзган ва китобда Трампга боғлиқ хотираларга катта жой ажратилган. Болтоннинг китоби чоп этилган илк ҳафтада 780 мингдан ортиқ нусхада сотилган эди.

Клиник психология фанлари доктори илмий даражасига эга Мэри Трамп ўз китобида АҚШ раҳбари салбий муҳит ҳукмрон бўлган оилада улғайганини ёзган. Шунингдек, китобда ёзилишича, оиладаги салбий муҳит таъсири туфайли Дональд Трамп қўрс бўлиб улғайган.

Муаллифнинг ёзишича, Трамп отаси ундан норози бўлмаслиги истаги билан ўсган. Мэри Трамп шунингдек, бўлажак АҚШ президенти улғайган шароит уни кўплаб ҳиссиётлардан маҳрум қилгани ва реал ҳаётдан узоқлаштиргани ҳақида ёзган.

Маълумот учун, Amazon.com'да Мэри Трампнинг китоби 15 ва 16,80 доллардан сотилмоқда. Китобнинг аудио форматини эса сайтда бепул ва рўйхатдан ўтмаган ҳолда онлайн тинглаш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп «дунёдаги энг хавфли одам» экани ҳақидаги китоб рекорд миқдорда сотилмоқда