06:00 / 31.07.2020
2 882

«Иккинчи тўлқин бўлмайди». Карантин нега яна кучайтирилмоқда?

«Иккинчи тўлқин бўлмайди». Карантин нега яна кучайтирилмоқда?
Бундан олти ой муқаддам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 эпидемиясини дунё миқёсида фавқулодда ҳолат, деб тан олган эди. Ўтган вақт давомида бир қатор давлатлар касалликка қарши муваффақиятли курашиб, инқироздан чиқишга муваффақ бўлди. Аммо ҳеч ким хотиржам тортгани йўқ: исталган вақтда янги касаллик ўчоқлари пайдо бўлиши мумкин. ЖСТ томонидан таъкидланишича, касалликнинг иккинчи тўлқини бўлмайди, аммо биринчиси жуда оғриқли кечади.

Вьетнам
Хитойнинг энг яқин қўшниларидан бири бўлган Вьетнам икки марта касаллик ҳуружини тўхтатиб, бутун дунёни лол қолдирди. Касаллик ўчоқлари тезда назорат остига олинди ва гарчи статистика ҳаққоний бўлганига шубҳа қилувчилар топилсада, «вьетнамча муваффақият» ҳайрон қолдирмаслиги мумкин эмас.

Аммо ушбу мамлакатда ҳам ҳозир вазият анча жиддий. Сайёҳлик шаҳарчаси бўлган Данангда тўрт кишида коронавирус аниқланди. Ёмон томони, бу вирус аввалгиларидан анча фарқ қилади: у тезроқ тарқайди ва беморларни ўта оғир аҳволга келтириб қўяди.

Ҳозирда Данангдан чиқаётган ҳар бир инсон карантинга олинмоқда. Вирус мамлакатга қандай кириб келгани ҳозирча аниқ эмас. Таҳмин қилинишича, ноқонуний мигрантлар олиб келишган. Айни вақтда касаллик тарқалиши давом этмоқда, 27 июл санасида 11 кишида янги вирус аниқланган.

ЖСТ томонидан таъкидланишича, коронавируснинг янги штамми хавфни оширмайди. «Гарчи мутация жараёни давом этаётган бўлса-да, таҳликага тушишга ҳожат йўқ. COVID-19нинг хавфи ва юқумлилиги ошиб кетмади», — дейди ЖСТнинг Вьетнамдаги вакили Кидон Парк.

Шимолий Корея
Хитойнинг яна бир қўшниси — Шимолий Корея ўтган вақт давомида расман «тоза» бўлиб қолди. Июл ойи бошларида Ким Чен Ин мамлакат чегаралари коронавирусдан 100 фоиз ҳимоялангани ҳақида гапирган эди. Аммо 26 июлда мамлакатда илк зарарланиш эҳтимоли борлиги хабар қилинди. Биринчи бемор сифатида Жанубий Кореядан ўз ватанига қайтган қочоқ шубҳа остига олинган.

Айни вақтда у изоляцияда ва бемор билан мулоқотда бўлганлар қидирилмоқда. Қочоқ ўтиб келган Кэсон шаҳридаги ҳарбий-демаркация ўтиш нуқтаси тўлиқ ёпилган. Жанубий Корея матбуоти томонидан ёзилишича, шимолий кореялик қочоқ номусга тегиш билан боғлиқ жиноятда айблангани учун ўз ватанига қайта қочиб кетган. Аммо унда вирус бўлмагани айтилмоқда.

Жанубий Корея
Ўз навбатида Жанубий Кореяда вазият яна оғирлашган. Охирги ўтган икки ой давомида илк марта юздан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган. Шундан 34 таси Россиядан келганлар орасидан топилгани айтилмоқда. 8 июл куни Пусан портида тўхтаган «Петр Первий» кемасидаги 94 денгизчидан 34 нафари касалликни юқтирган бўлган.

Япония
Кунчиқар ўлкада ҳам вазият анча жиддий кўриниш олган. Айти префектурасидаги Осакада кунига юздан ортиқ касаллар аниқланмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб касалланганлар сони 600 нафардан ошиб кетди.

Хитой
Касаллик тарқаган мамлакатнинг ўзида 28 июл куни 64 кишида инфекция аниқланди. Касаллик асосан Уйғуристонда қайд этилган — 57 киши. Яна олти бемор Ляонин провинциясидан топилди.
Хитойда ҳукумат тўрт кун ичида бир неча миллион тест ўтказишга буйруқ берди. Касаллик яна бир неча ҳудудларда, хусусан пойтахт Пекинда ҳам қайд этилган.

Гонконг
Гонконгда ҳам карантин қоидалари қайта жорий этилди. Ўтган ҳафта давомида 108 кишида касаллик аниқланди. Илгари бундай натижа қайд этилмаган эди.

Европа иккинчи тўлқин арафасида
«Келинглар, ҳақиқатга тик боқайлик. Қўрқаманки, Европанинг баъзи ҳудудларида пандемиянинг иккинчи тўлқини бошланмоқда. Ўтган сафар касаллик авж олганда нималар бўлганини ҳаммамиз яхши биламиз», — деди Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 28 июлда сўзлаган нутқида. Ўша нутқдан бир кун муқаддам мамлакатда 685 кишида касаллик аниқланган эди.

Июл ойи бошларида Буюк Британия бир қатор мамлакатлардан келаётган сайёҳлар учун икки ҳафталик карантинни бекор қилган эди. Ушбу қарор шошма-шошарлик билан қабул қилингани сал туриб аён бўлди ва ҳозирги вақтда Испаниядан қайтаётганлар яна карантинга юбориляпти.

Бунинг сабаби ҳам тушунарли. Пиреней ярим оролида июн ойида статистика кескин ёмонлашди — кунига бир ярим мингдан ортиқ кишида касаллик аниқланмоқда. Аммо Испания ҳукумати вазият назорат остида эканини таъкидламоқда.

Францияда 16 мамлакатдан келган фуқаролар мажбуран тест топшириши белгилаб қўйилган. Германияда ҳам худди шундай вазият. Бу мамлакатда 27 июл куни 340 нафар, 28 июлда эса 633 нафар касалланганлар аниқланган эди.

Антирекорд учун жанг
Касалланиш бўйича антилидер ҳамон АҚШ бўлиб турибди. Пандемия бошлангандан буён мамлакатда 4,5 миллион кишида касаллик аниқланган. Бир кун давомида 50 мингдан кўпроқ киши вирусга чалиняпти. Калифорния, Флорида, Нью-Йорк ва Техасда вазият ўта жиддий. Бу ерда июл ойи бошларида карантин қоидаларини юмшатиш тўхтатилган эди.

Ҳозир барча умид — вакцинага қаратилган. 27 июлда 30 минг киши иштирокида вакцинани синовдан ўтказиш бошланди. Ушбу дастур 900 миллион долларга баҳоланмоқда.

Бразилия
Бразилияда ҳам кунига 50 мингдан ортиқ кишида касаллик аниқланмоқда. Президент Жаир Болсонару коронавирусга ишонмайдиган энг таниқли сиёсатчилардан бири эди. У ҳатто касалликка чалинганда ҳам ижтимоий масофа сақламади ва журналистлар билан учрашди. Энди уни судга беришлари мумкин.

ЖСТ
Бутун дунёда вазият анча жиддий, аммо ЖСТ коронавируснинг иккинчи тўлқини бўлишига ишонмаяпти. Ташкилот томонидан таъкидланишича, тўлқин битта, аммо жуда катта бўлади ва касалланишлар кўлами гоҳ кўтарилиб, гоҳ тушиб туради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)