09:45 / 20.08.2020
2 395

Лукашенко Меркелни писанд қилмади, ЕИ Беларусга санкциялар ваъда қилмоқда

Лукашенко Меркелни писанд қилмади, ЕИ Беларусга санкциялар ваъда қилмоқда
Фото: Виктор Драчев / ТАСС
Лукашенко Меркель билан гаплашишни истамади

Германия канцлери Ангела Меркель Беларусь президенти Александр Лукашенко билан мулоқот қилмоқчи бўлгани, аммо у буни рад этгани ҳақида маълум қилди.

«Мен президент Лукашенко билан телефон мулоқоти ташкил этишга ҳаракат қилдим. Аммо афсуски у буни рад этди», деган Меркель Европа Иттифоқи етакчиларининг онлайн-учрашувидаги чиқишида.

У Германия Беларусдаги сайлов натижаларини тан олмаслигини таъкидлаган ва мамлакатдаги тинч намойишларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Меркель хоним сайловда «шубҳасиз» ёппасига қоидабузарликлар бўлганини қайд этиб, ҳукуматни намойишлар вақтида қўлга олинганларни озод этишга ва намойишчиларнинг талабларини қондиришга, мухолифат билан мулоқот қилишга чақирган. Унинг ишонч билдиришича, Беларусь аҳолисининг ўзи мамлакат кетадиган йўлни танлаши керак.

Шу билан бирга, Беларусдаги сиёсий инқироз бошқа давлатлар аралашувисиз ҳал этилиши зарурлиги таъкидланган. Шу билан бирга, ЕХҲТ Беларусь ичида мулоқот ташкил этишга кўмак кўрсатиши мумкинлигини, Россиянинг аралашуви эса вазиятни янада чигаллаштириши мумкинлигини қайд этган.

Лукашенконинг муносабати
Александр Лукашенко Россия президенти Владимир Путиндан Ангела Меркелга мамлакат ички ишларига аралашмаслик бўйича илтимосини етказиб қўйишни сўраган.

«Мамлакатимиз президенти россиялик ҳамкасбидан Меркель хонимга Германия ва Ғарбий Европа Беларуснинг ички ишларига аралашмаслиги кераклигини айтиб қўйишни сўради», деган Эйсмонт «Россия 1» телеканалининг «60 минут» кўрсатуви эфирида.

У Лукашенко айни вақтда Меркель билан мулоқотга зарурат йўқ деб ҳисоблашини маълум қилган. Беларусь президенти шу вақтгача Путин билан бир неча марта телефон орқали гаплашиб, ўз ҳаракатларини келишувлар доирасида мувофиқлаштирган.

«Ростданам, айтинг-чи, Беларусь президенти параллел равишда Путиндан ташқари Меркель билан ҳам ниманидир муҳокама қилиши қандай кўринади. Бизнингча, камида пухтасизлик бўлиб кўринади», деган Эйсмонт.

«У билан мулоқотдан қандай самара бўлиши мумкин? Катта эҳтимол билан салбий натижа бўлади, чунки бугунги кунда биз истаётган асосий иш - Ғарб Беларусдаги вазиятни беқарорлаштираётганларни қўллаб-қувватламаслигидир», деган матбуот котиби.

Тихановскаянинг ЕИга мурожаати
Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган мухолифатчи Светлана Тихановская Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларига видеомурожаат йўллаб, иттифоқ аъзоларини Беларусдаги сайлов натижаларини тан олмасликка чақирди.

«Ҳурматли Европа етакчилари. Менинг халқим икки ҳафтадан буён ўз раҳбарларини танлаш бўйича конституциявий ҳуқуқлари учун тинч курашмоқда. 9 август куни бўлиб ўтган сайлов ҳаққоний ҳам, шаффоф ҳам бўлмади. Натижалар сохталаштирилди. Ўз овозларини ҳимоя қилиш учун Беларусь бўйлаб кўчаларга чиққан одамлар шафқатсизларча калтакланди, ҳибсга олинди, ҳокимиятга қаттиқ ёпишиб олган тузум томонидан қийноққа солинди.

Бу айни дамда Европа марказида юз бермоқда. Мен барчангиздан бу сохталаштирилган сайловни тан олмасликни сўрайман. Лукашенко халқимиз ва бутун дунё олдида ҳар қандай легитимликни йўқотди. Ҳукумат трансферини амалга ошириш мақсадида Беларусда мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш ташаббуси билан чиқдим. У ҳокимиятни тинч йўл билан мулоқот орқали топшириш жараёнига бош бўлади. У зудлик билан халқаро кузатувчилар иштирокидаги янги, адолатли ва демократик президентлик сайловини эълон қилади.

Ҳурматли Европа давлатлари раҳбарлари, сизларни Беларуснинг ҳаракатини қўллаб-қувватлашга чақираман. Беларусь Республикаси суверенитети ва Беларусь халқи танловини ҳурмат қилишга чақираман
», деган у.

Кутилаётган санкциялар
ЕИ давлатлари раҳбарлари Беларусга нисбатан санкциялар киритилишини маъқуллашди.

Шарль Мишель (Фото: Olivier Hoslet / Reuters)
«Биз яқин вақтлар ичида Беларусь ҳукуматидаги расмий шахсларга қарши санкциялар жорий этамиз», деди Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ЕИ видеосаммитидан кейинги матбуот анжуманида.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен санкциялар рўйхати синчиклаб тузилишини қўшимча қилган.
Европа матбуоти маълумотига кўра, Беларусь раҳбариятининг санкция қўлланадиган аъзолари, амалдорлар ва бошқа шахслар рўйхати кейинги ҳафта бошида эълон қилинади.

Ҳозирча бу рўйхатдан Беларусь президенти Александр Лукашенко ўрин олиши ҳақида аниқ айтилмаяпти. У 2016 йилгача ҳам ЕИ санкциялари остида бўлган.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Италиянинг La Stampa нашрига берган интервьюсида санкцияга тушувчиларнинг тўлиқ рўйхати август ойи охирида аниқ бўлади.

«Биз Беларусга жиддий босим қилишни истаймиз. Ким одамларни ҳибсга олган бўлса, зўрлик ишлатган бўлса, тинч намойишчиларни қатағон қилган бўлса, санкцияга учраши керак... Биз сайловларда сохтакорликка йўл қўйилганига ва намойишчиларга куч ишлатилишига алоқадор бўлган барча шахсларга қарши санкциялар жорий этмоқчимиз. Рўйхат тасдиқланиш босқичида», деган германиялик вазир.

ЕИ давлатлари етакчилари Беларусдаги 9 август кунги президентлик сайлови эркин ва шаффоф ўтказилмаган деб ҳисоблашган ва расмий натижаларни тан олишмаган.

«Биз Беларусь ҳукумати томонидан эълон қилинган натижаларни тан олмаймиз», дейилади саммит якунлари бўйича баёнотда.
Урсула фон дер Ляйен ЕИ янги сайловлар ўтказишга чақириши ҳамда ҳокимият тинч йўл билан топширилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. У бу масалада беларусларнинг ўзи қарор қабул қилишини таъкидлаган.

3 млн - мухолифатга, 50 млн - шифокорларга
Фон дер Ляйен саммитдан кейин Евроиттифоқ Беларусдаги тартибсизликлар вақтида жабрланганлар ва ушбу мамлакат фуқаролик жамияти учун ёрдам ажратилишини маълум қилди. Шу билан бирга, бу пуллар Беларуснинг ҳозирги ҳукуматини айланиб ўтган ҳолда юборилиши қайд этилган.

«Биз Беларусни Шарқий ҳамкорлик дастури доирасида қўллаб-қувватлаб келганмиз. Аммо ҳозирда Беларусь халқига ёрдам жуда зарур ва маблағлар Беларусь фуқаролик жамияти ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади[i][/i]», деган фон дер Ляйен.

Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия қўшимча 53 млн евро ажратади: 2 млн евро қатағондан жабрланганларга, 1 млн евро фуқаролик жамияти ва мустақил матбуотни қўллаб-қувватлашга, қолган 50 млн евро эса - Беларусь соғлиқни сақлаш соҳасига коронавирусга қарши курашиш учун.

Персонал ёндашув
Европа Иттифоқининг расмий шахслари кўп марта санкциялар персонал бўлиши - санкцияга тушганлар ЕИ ҳудудига кириши ва уларнинг активлари музлатилиши, санкциялар Беларусь иқтисодиёти ва фуқароларга зарба бермаслигини таъкидлашганди.

Европа иттифоқи атиги тўрт йил муқаддам Лукашенко ва Беларуснинг яна 169 нафар расмийсига қарши санкцияларни бекор қилганди. Фақат репрессиялар учун қўлланиши мумкин бўлган ускуналар ва қуроллар етказиб беришга тақиқ ўз кучида қолган. Шунингдек, Лукашенконинг сиёсий мухолифларини ўлдириш ва ўғирлашга алоқадор бўлган 4 амалдорга нисбатан санкциялар ҳам ечилмаган.

Европалик шарҳловчиларнинг қайд этишича, ЕИ қаршисида жиддий муаммо турибди: иттифоқ бир томондан қўшни давлат фуқароларини қўллаб-қувватлаши ва эркин сайловлар ўтказилишини талаб қилиши керак, бошқа томондан Лукашенко ва Москва томонидан Беларуснинг ички ишларига аралашиш бўйича айбловлар қўйилишига сабаб бўлмаслиги керак.

«Ўта эҳтиёткор бўлиш керак, Лукашенко лагери томонидан турли фитна назариялари пайдо бўлишига имкон қолдирмаслик керак», дея ЕИнинг юқори мартабали амалдорларидан бирининг сўзларини келтирмоқда Politico нашри.

Ғарб ва Шарқ аралашмайди
18 август куни Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Европа кенгаши раиси Шарль Мишель навбатма-навбат Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилишди.

Кремль бундан олдинроқ ташқи аралашув рўй берса, ўз иттифоқчисига ёрдам кўрсатишини маълум қилганди. Шу туфайли европаликлар Лукашенко ва Путин ташқи аралашув имкониятини кўриб чиқишидан хавотирда.

Путин билан гаплашгани ҳақида қисқача маълумот берган Шарль Мишель Кремлнинг сўнгги баёноти Россия Беларусь ишига куч билан аралашмоқчимаслигини кўрсатаётганини айтиб ўтган.

ЕИ Беларусь ҳукумати ва мухолифат ўртасида воситачилик роли Беларусь ва Россия ҳам, Европанинг бошқа барча давлатлари ҳам аъзо бўлган ЕХҲТга берилишига мойиллик билдирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лукашенко Меркелни писанд қилмади, ЕИ Беларусга санкциялар ваъда қилмоқда