21:23 / 08.02.2021
1 440

Олимлар иқлим ўзгариши ва COVID-19 келиб чиқиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлади

Олимлар иқлим ўзгариши ва COVID-19 келиб чиқиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлади
Фото: Getty Images
Кембриж университети, Поцдам иқлим ўзгаришини ўрганиш институти ва Гаваи университети олимлари Хитой жанубидаги иқлимнинг ўзгариши ва COVID-19 пандемиясини келтириб чиқарган SARS-CoV-2 вируси пайдо бўлиши ўртасида боғлиқликни аниқлади. Бу ҳақда Кембриж университети берган маълумотларга таяниб «Интерфакс» хабар берди.

«Тадқиқот давомида ўтган аср давомида Хитойнинг жанубий Юннан провинцияси ҳамда Мьянма ва Лаос атрофидаги ҳудудларда ўсувчи ўсимликларда катта ўзгариш юз бергани аниқланди. Иқлим ўзгариши, хусусан, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қуёш нури ва атмосферадаги карбонат ангидриднинг ўсимлик ва дарахтларга таъсири натижасида тропик буталар ўз табиий ўрнини тропик саванналар ва япроқлари мавсумий бўлган ўрмонларга ўзгартирган. Натижада, асосан, ўрмонда яшовчи кўршапалакларнинг аксарият турлари учун муносиб яшаш муҳити пайдо бўлган», — дейилади хабарда.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, ўтган асрда Хитойнинг жанубий Юннан провинциясига яна 40 турдаги кўршапалак ва улар орқали юзга яқин коронавирус тури кўчиб келган.

Тадқиқотчилар бир аср аввалги ҳарорат, ёғингарчилик ва булутларга оид қайдлардан фойдаланган ҳолда дунё ўсимликлари харитасини тузди. Сўнг улар 1900 йиллар бошидаги ҳар бир турнинг глобал тарқалиши учун хизмат қилган кўршапалакларнинг «севимли» ўсимликлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланди.

Олимларнинг фикрича, кўршапалакларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиши ҳайвонлар ва вирус ўртасида ўзаро янги алоқа келтириб чиқаради, натижада янада зарарлироқ вируслар тарқалади ёки ривожланади.

Дунёдаги жами кўршапалаклар тахминан 3 минг хилдаги коронавирус учун «омбор» бўлиб хизмат қилади, ушбу ҳайвонларнинг ҳар бир турида ўртача 2,7 турдаги коронавирус мавжуд — уларнинг аксарияти симптомсиз.

Иқлим ўзгариши натижасида маълум бир минтақада кўршапалак турлари сонининг кўпайиши ўша ерда зарарли коронавируснинг пайдо бўлиш, ёйилиш ёки ривожланиш эҳтимолини ошириши мумкин.

Кўршапалаклар ташийдиган коронавирусларнинг аксарияти одамга юқмайди. Аммо кўршапалакдан одамларга бир нечта турдаги коронавирус, жумладан, ўлимга олиб келадиган учта: Яқин Шарқ респиратор синдроми ҳамда оғир ўткир респиратор синдромлари SARS-CoV-1 ва SARS-CoV-2 юқиши аниқланган.

Таъкидланишича, иқлим ўзгариши натижасида юзага келган кўршапалакларга бой ҳудудларда, шунингдек, SARS-CoV-2 учун оралиқ хост бўлиб хизмат қилган сутемизувчи панголинлар ҳам яшайди.

Бундан ташқари, тадқиқот шуни кўрсатдики, ўтган асрда иқлим ўзгариши Марказий Африка атрофидаги минтақалар ҳамда Марказий ва Жанубий Америкадаги тарқоқ жойларда кўршапалак турларининг кўпайишига олиб келган.

Аввалроқ ЖССТ мутахассиси Ухань шаҳрида COVID-19 келиб чиқишига оид муҳим далиллар топилганини маълум қилганди. Унинг фикрича, вирус тарқалишида маҳаллий озиқ-овқат бозорининг роли мавжуд.

Ундан аввал Уханга ташриф буюрган ЖССТ экспертларидан бири Владимир Дедков коронавируснинг Ухандаги лабораториядан сизиб чиққанини тасаввур қилиш қийинлигини айтганди. Дедков, шунингдек, Ухань шаҳридаги денгиз маҳсулотлари бозорида коронавирус инфекциясининг пайдо бўлиши учун барча шароитлар мавжудлигини таъкидлаган, чунки у санитария қоидалари нуқтаи назаридан талабларга умуман жавоб бермайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)