Смартфон ва иловалардаги махсус функциялар сизни жосуслик дастурларидан ҳимоя қилади

Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсий фаолларга қарши жосуслик дастурлари орқали амалга ошириладиган ҳужумлар энди камёб ҳодиса эмас. 2025-йил бошида WhatsApp Европа бўйлаб 90 га яқин фойдаланувчини Исроилнинг Парагон Солутионс компанияси томонидан нишонга олингани ҳақида огоҳлантирди. Кўп ўтмай, Apple ҳам iOS фойдаланувчиларига хавф ҳақида билдиришномалар юборди. Экспертиза натижалари икки нафар журналистнинг қурилмаси Грапҳите жосуслик дастури ёрдамида "зеро-кликк" (ҳеч қандай ҳаволани босмасдан амалга ошадиган) ҳужумга учраганини тасдиқлади. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Сўнгги 15 йил давомида хавфсизлик тадқиқотчилари ҳукумат хакерлари томонидан амалга оширилган кўплаб муваффақиятли ҳужумларни ҳужжатлаштиришди. Ушбу ҳужумлар инсоннинг кундалик ҳаётига оид барча маълумотларни сақлайдиган смартфонларга яширинча кириш имконини берувчи қимматбаҳо ва мураккаб воситаларга таянади. Жосуслик дастури операторга қурилмадаги барча маълумотларга тўлиқ кириш, қўнғироқларни ёзиб олиш, хабарларни ўғирлаш, камера ва микрофонни масофадан ёқиш ҳамда реал вақт режимида жойлашувни кузатиш имконини беради.
Бундай таҳдидларга жавобан Apple, Google ва Meta каби технологик гигантлар ўз фойдаланувчилари учун кучайтирилган ҳимоя тизимларини жорий этишди. Хусусан, ушбу компаниялар мақсадли ҳужумларга қарши туриш учун махсус функцияларни таклиф қилмоқдалар. Гарчи бу функциялар баъзи одатий имкониятларни чекласа-да, улар тақдим этадиган хавфсизлик даражаси ушбу кичик ноқулайликлардан анча устун туради. TechCrunch ва соҳа мутахассислари, агар сиз ўз фаолиятингиз туфайли кузатув остида бўлишингиз мумкин деб ҳисобласангиз, ушбу ҳимоя воситаларидан фойдаланишни қатъий тавсия этадилар.
Ҳеч қандай хавфсизлик чораси мукаммал эмас ва жосуслик дастурларини яратувчилар доимий равишда янги заифликларни қидирадилар. Бироқ, бу мавжуд ҳимоя воситаларидан воз кечиш керак дегани эмас. Аксинча, ушбу функциялар ўз самарадорлигини исботлаган. Хавфсизлик бўйича тадқиқотчи Руна Сандвик таъкидлаганидек, бу функциялар бепул, уларни ёқиш осон ва улар бугунги кунда мураккаб жосуслик дастурларига қарши энг яхши ҳимоя ҳисобланади. Агар улар бирор ишга халақит берса, исталган вақтда қайта ўчириб қўйиш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!