15:51 / 03.03.2021
4 758

Яқин йилларда сув остида қоладиган шаҳарлар

Яқин йилларда сув остида қоладиган шаҳарлар
Фото: «Getty Images»
Ҳолливуд фильмларида йирик шаҳарлар ва мегаполисларнинг сувга ғарқ бўлиши ҳодисаси кўп марта тасвирланган. Аммо ушбу табиий офат шунчаки киношинавандаларни жалб этиш воситаси бўлиб қолмай, аллақачон реал хатарга айланган.

Иқлим ўзгаришларини тадқиқ этувчи олимлар инсониятни жиддий хавф-хатардан огоҳлантирмоқда. Антарктида ва Гренландия музликлари ҳозирги суръатда эришда давом этса, океан сатҳи яқин ўнйилликларда ҳалокатли даражада кўтарилиб дунёнинг кўплаб соҳилбўйи шаҳарлари сув остида қолади.

БМТ ҳузуридаги Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳукуматлараро гуруҳ экспертлари глобал исиш жараёни тўхтатиб бўлмас даражада кечаётгани, тошқинлар ҳам вақт масаласи эканини таъкидламоқда.

Шаҳарларнинг денгизга ғарқ бўлишига фақат иқлим ўзгариши сабаб бўлмайди. АҚШ геология хизмати мутахассиси Том Парсонс бу борадаги яна бир омилни аниқлади. Қайд этилишича, шаҳарларнинг вазни ҳам уларнинг сув остига равона бўлишига олиб келиши мумкин. Олимнинг ҳисоб-китобига кўра, АҚШнинг Сан-Франциско шаҳри сўнгги йилларда аста-секин чўкиб бормоқда. Яқин йилларда сув сатҳи 300 миллиметрга кўтарилиши кутилмоқда. Шаҳарнинг тахминий оғирлиги 1,6 триллион килограмм экани инобатга олинса, бу ҳолат ҳалокатга етаклаши аён бўлади.

Соҳа тадқиқотчилари яқин ўнйилликларда сув остида қолиши кутилаётган ўнлаб шаҳарлар номини очиқлаган.

Индонезия пойтахти Жакарта тўфонлардан энг кўп азият чекаётган шаҳарлар сирасига киради. Айни пайтда шаҳарнинг 40 фоиз қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашган. Кўп миллионли нуфусга эга шаҳар йилига 10 см қуйига шўнғимоқда.

Бангладешнинг бош кенти Дакка аҳолиси ҳам имкор қадар дарё ўзанидан четроққа кўчишга уринмоқда. Чунки сув сатҳи 10 баравар тезроқ суръатда кўтарилмоқда.

Нигерия пойтахти Лагос шаҳри ҳам айни шу муаммога рўбарў бўлган. Сув сатҳининг 20 см кўтарилиши 740 минг аҳоли бошпанасиз қолишига олиб келади. Ҳукумат сув ҳаракатини назорат қилиш учун рухсатсиз қудуқ қазиганларга жазо чораларини кучайтирган.

Абадий музларнинг эриши Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳри аҳолисига ҳам қимматга тушиши мумкин. 1984 йили Темза дарёси сатҳи кўтарилишини назорат қилиш учун махсус тўғон қурилган. Аммо тўғон ҳам табиий офатга тўсқинлик қила олмайдиганга ўхшайди.

Таиланд ҳукумати бир неча йил олдин хавотирли ҳисобот эълон қилди. Унга кўра, пойтахт Бангкок кейинги 15 йил давомида сув остида қолиши мумкин. Ташвишу хавотирлар бежиз эмас. Айни пайтда гавжум шаҳар денгиз сатҳидан атиги 1,5 метр баландда жойлашган.

Нафақат Хитой, балки Осиёнинг энг йирик мегаполислари сирасига кирувчи Шанхай ҳам сув балосига дучор бўлиши мумкин. Гирдогирди сув билан ўралган Шанхайдаги миллионлаб тонна тош босадиган осмонўпар бинолар шаҳарни замин қаърига тортмоқда.

Филиппин пойтахти Манила тез-тез тўфон ва довулларга нишон бўлади. Таҳлилларга кўра, шаҳарнинг чўкиш кўрсаткичи йилига 10 см ни ташкил этмоқда. Бу ҳолат тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Сайёрамизнинг қадимий кентларидан бири, кимсан Александр Македонский бино қилган Мисрдаги Искандария шаҳри ўз тарихи мобайнида кўплаб ёнғину зилзилаларга гувоҳ бўлган. Ўртаер денгизи уч томондан Искандарияни “қамал” қилиб келмоқда: кўҳна шаҳар 2020 йилда сув остида қолиши мумкин.

Давлатманд сайёҳларнинг севимли маскани бўлмиш Мальдив ороллари ҳам, пессимистик хулосаларга кўра, яқин ўнйилликларда сув домида қолади. 1200 га яқин кичик ороллар тобора чўкиб бормоқда.

Сув балоси Европанинг бир қатор шаҳарларига ҳам хавф солмоқда. «Италия марвариди» саналган Венеция ҳам иқлим ўзгариши, ҳам ортиқча оғирлик сабаб сув остида қолиши мумкин. Айни пайтда шаҳарнинг чўкиш кўрсаткичи йилиги 5 мм ни ташкил этмоқда. Ҳукумат ошиғич равишда тўғонлар қуриш орқали Венецияни ҳалокатдан қутқариб қолишга уринмоқда.

Кўприклар ва гуллар шаҳри Амстердам (Нидерландия) ҳам хавф остида. Шаҳардаги ўрта асрларга мансуб бир қатор ёдгорликлар аллақачон сув қаърида қолган. 10 йил ичида сув шаҳарнинг қадимий қисмига ҳам кириб боради.

Таҳлилларга қараганда, Ер аҳолиси жуда нотекис тақсимланган. Сайёра аҳолисининг 50 фоизи денгиз ва океан соҳилидан 200 км масофада яшайди. Сув сатҳининг кўтарилиши ушбу тарихий тақсимотни буткул ўзгартирса ажаб эмас.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Яқин йилларда сув остида қоладиган шаҳарлар