Индонезияда интернат директори зўравонликда гумонланмоқда

Индонезиянинг Марказий Ява ҳудудида жойлашган Тлогосари қишлоғидаги қизлар учун мўлжалланган мактаб-интернат атрофида жиддий можаро юзага келди. Мазкур таълим муассасаси ўқувчиларга нисбатан эҳтимолий зўравонлик ҳолатлари ортидан фаолиятини тўхтатди.
Халқаро нашр BBC хабарига кўра, 58 ёшли мактаб раҳбари Кияи Ашари бир неча ўн нафар қизларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумон қилинмоқда. Ҳолат юзасидан 2 май куни юзлаб фуқаролар интернат биноси олдига тўпланиб, норозилик намойиши ўтказди. Улар турли шиорлар билан аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.
Ҳозирча расмий равишда бир нафар жабрланувчи ариза билан мурожаат қилган. Бироқ унинг ҳуқуқий вакили Али Юсроннинг таъкидлашича, эҳтимолий қурбонлар сони 30 нафардан 50 нафаргача етиши мумкин.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи ўқувчи қизларнинг хоналарига кириб, турли баҳоналар остида уларга ножўя ҳаракатлар қилган. Ушбу ҳодисалар 2020 йилдан 2024 йилгача давом этгани айтилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу каби айбловлар Ашарига нисбатан илгари ҳам илгари сурилганини билдирган. Аммо айрим ҳолатларда жабрланувчилар ва уларнинг ота-оналари кейинчалик ўз кўрсатмаларидан воз кечган.
Мутахассислар ва жамоатчилик фаоллари ушбу воқеа айрим интернатларда назорат тизими сустлигини кўрсатишини қайд этмоқда. Можаро ортидан Индонезия Дин ишлари вазирлиги томонидан мазкур интернатнинг лицензияси бекор қилинди.
Ҳозирда таълим муассасаси ёпилган бўлиб, ўқувчилар уйларига қайтарилган ёки бошқа мактабларга жойлаштирилган. Тергов ишлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!