
Жо Байден АҚШ президенти сифатида илк хорижий сафарини бошлади. У чоршанба куни Буюк Британияга келди, бу ерда у дастлаб бош вазир Борис Жонсон билан музокаралар олиб боради, кейин «Катта еттилик» давлатлари саммитида иштирок этади. 16 июнь куни Байден Женевада Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказади.
Буюк Британияга келгач, Байден Қироллик ҳарбий-ҳаво кучларининг Милденҳоллдаги базасида америкалик ҳарбийлар қаршисида чиқиш қилди. У ўз ташриф дастури ҳақида гапирди, шу жумладан, Путин билан бўлажак учрашуви ҳақида ҳам.
«Бу менинг АҚШ президенти сифатидаги илк хорижий ташрифим. Мен «Катта еттилик» саммитига бораман, кейин НАТО вазирлари билан учрашувга йўл оламан, кейин эса жаноб Путин билан учрашув ўтказаман, унга билиши керак бўлган гапларни айтиш учун. Сафарим босқичлари давомида биз АҚШ қайтгани ва жаҳон демократияси келажагимиз учун аҳамиятга эга бўлган муҳим муаммоларни ҳал қилишга қатъий қарор қилганини кўрсатиб қўйишимиз керак», деди Байден ва унинг бу сўзлари олқишлар билан кутиб олинди.
Шу тариқа, Байден ўз администрацияси олиб борадиган ташқи сиёсат ўзидан аввалги президент, биринчи навбатда АҚШнинг ички муаммоларига, кейин бошқаларга эътибор қаратишга урғу берган Трампнинг администрацияси сиёсатидан жиддий фарқланишига ишора қилди. Оқ уйнинг ҳозирги раҳбари шу вақтгача Трампнинг кўплаб қарорларини бекор қилди, жумладан, АҚШни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига қайтарди, Иқлим бўйича Париж келишувига қўшилди ҳамда миграция бўйича баъзи чекловларни бекор қилди. У шунингдек, Вашингтон Трамп томонидан бир неча бор қаттиқ танқидга учраган НАТО блокига содиқлигини маълум қилди.
Путин билан учрашувда нималар ҳақида гаплашилади?
Президент Байден ва Путин ўртасидаги биринчи учрашув 16 июнь куни Женевадаги Ла Гранж вилласида бўлиб ўтади. Бу АҚШ президентининг Европа бўйлаб саккиз кунлик турнесининг якуний босқичи бўлади, шундай экан, Байден НАТО бўйича ҳамкорлари хавфсизлиги соҳасидаги барча муаммоларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлади.

Оқ уй Путин билан музокараларда Байден «эътибор талаб қиладиган барча масалалар»ни, шу жумладан, қуролланиш устидан назорат, иқлим ўзгариши, Россиянинг Украинадаги ҳарбий аралашуви, россиялик ҳакерлар фаолияти ва россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг таъқибга учраши каби масалаларни муҳокама қилишни ният қилгани ҳақида таъкидлаган.
Чоршанба куни Москва шаҳар суди Навальнийнинг тузилмасини экстремистик деб топган ва унинг фаолиятини тақиқлаганди. Энди Навальнийнинг ҳудудий штаблари, Коррупцияга қарши кураш фонди (ККФ) ва Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондига ҳар қандай маълумотни тарқатиш, молиявий операцияларни амалга ошириш, шунингдек, сайловларда қатнашиш ва акциялар ташкил этиш тақиқланди.
Шунингдек, суд ККФ ва Навальнийнинг штаблари фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарор зудлик билан ижро этилиши кераклигини белгилаб қўйди.
Байден Қўшма Штатларга зарар келтирадиган қандайдир ҳаракатга тоқат қилиб ўтирмаслигини қайд этган.
«Биз Россия билан зиддият изламаймиз. Биз барқарор ва нормал муносабатлар истаймиз. Аммо аниқ қилиб айтаман: агар россияликлар ҳукумати зарар келтирувчи фаолиятни амалга оширса, Қўшма Штатлар қатъий ва сезиларли жавоб қайтаради», деган Байден Милденҳоллдаги чиқишида.
Ҳозирда Москва ва Вашингтон муносабатларида сўнгги йиллардаги энг ёмон вазият кузатилмоқда. Апрелда Путин Ғарбни Россияга босим ўтказишга уринишда айблаган ва ҳамкорларни қизил чизиқни босиб ўтмасликка чақирганди.
«Бизнинг давлатларимиз ақл бовар қилмас даражадаги катта масъулиятни зиммасига олган, шу жумладан стратегик барқарорлик ва қурол-яроғ назорати бўйича келишувларга риоя этилишини таъминлаш. Мен бундай масъулиятга жиддий ёндашаман, аммо ҳамиша аниқ қилиб айтаманки, АҚШ Россиянинг зарар келтирувчи фаолиятига қатъий ва ҳақиқий жавоб қайтаради», деган Байден.
Байден билан учрашув арафасида Путин бу музокаралардан катта ютуқлар кутмаслиги, аммо конструктив алоқалар ўрнатилишига умид қилишини билдирди.
«Мен ҳозир буларни санамайман, чунки, менимча, ўзаро учрашувимиз арафасида Россия-Америка муносабатлари барбод бўлишига нималар хизмат қилганини санаш ўринли эмас. Аммо қадамлар етарлича. Нима, биз АҚШга қарши санкциялар киритганмидик? АҚШ бизга қарши санкциялар қўллаган ва ҳамон бир сабаб топиб, сабабсиз ҳам янги санкциялар киритиб ётишибди. Шунчаки биз борлигимиз улар учун сабаб бўлиб хизмат қилади. Бунга кўникишга тўғри келади. Россия ҳамиша бўлган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади, худди АҚШ каби дунёда жуда муҳим ролни бажаради», деганди Путин яқинда Петербург иқтисодий форуми вақтида (иқтибос ТАССдан).
«Катта еттилик» саммитида нималар бўлиши кутилмоқда?
«Катта еттилик» таркибига дунёнинг энг йирик саноатлашган давлатлари киради: Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи.

Байденнинг Жонсон билан музокаралари пайшанба куни Корнуоллда бўлиб ўтади, бу ерда кейинроқ «Катта еттилик» саммити очилади. АҚШ президент Виндзор қасрида қиролича Елизавета II билан ҳам учрашади. Бу 95 ёшли қироличанинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп вафотидан кейинги илк бор хорижий давлат раҳбари билан учрашиши бўлади.
Бошқа етакчилар Корнуоллга жума куни етиб келиши кутилмоқда, саммит эса шанба куни тонгда бошланади.
Муҳокамаларнинг асосий мавзуси дунёни коронавирус пандемияси туфайли юзага келган инқироздан олиб чиқиш дастури, шу жумладан, инсониятни 2020-21 йиллардаги воқеалар такрорланишидан ҳимоялашга қодир бўлган янада шаффоф соғлиқни сақлаш тизимини яратиш бўлади.
Бундан ташқари, «еттилик етакчилари иқлим ўзгариши ва халқаро савдо масалаларини муҳокама қилишади.
Байден «Брексит»дан кейин Британия ва Европа Иттифоқи ўртасида давом этаётган ўзаро савдо шартлари бўйича баҳс масаласини кўтармоқчи. Хусусан, АҚШ президенти Шимолий Ирландиядаги кўп йиллик қонли зиддиятга барҳам берган 1998 йилги «Хайрли жума келишуви»га риоя қилишга чақиради.
Саммитдан кейин мезбон сифатида Буюк Британия «Катта еттилик» етакчиларининг якуний баёнотини эълон қилади.
500 млн доза вакцина ҳақида нималар маълум?
Америка нашрлари маълумотига кўра, ташриф давомида Оқ уй раҳбари Pfizer компанияси томонидан ишлаб чиқилган 500 миллион доза вакцина камбағал давлатлар учун ажратилиши ҳақида эълон қилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, шундан 200 млн доза вакцина жорий йил охиригача, қолган қисми - 2022 йилда юборилади.

Шунча миқдордаги вакцина сотиб олингани ҳақида расмий маълумот йўқ, аммо журналистлар Байдендан унинг глобал вакцинация дастури бўйича стратегияси ҳақида сўрашганида, АҚШ президенти шундай жавоб қайтарган: «Менда шундай стратегия бор ва мен бу ҳақда эълон қиламан».
Reuters агентлиги маълумотига кўра, АҚШ ҳукумати ялпи ички маҳсулоти бўйича кўрсаткичлари паст бўлган 92 давлатга, шу жумладан, Африка иттифоқи давлатларига текинга вакцина етказиб беришни режалаштирган. Препаратлар Covax халқаро дастури орқали тарқатилиши маълум қилинган. Аввалроқ АҚШ Covax учун 60 млн доза вакцина юборишни ваъда қилганди.
New York Times нашрининг келишув шартлари билан таниш бўлган манбасининг хабар қилишича, АҚШ Pfizer вакциналари учун имтиёзли нархларда пул тўлайди, бунда фақат ишлаб чиқиш учун кетган харажатлар қопланади, фойда олиш кўзда тутилмаган.
Байден 500 млн доза вакцина сотиб олиниши ҳақида пайшанба куни расман эълон қилиши кутилмоқда, бу вақтда Америка президенти билан бирга Pfizer бош директори Альберт Бурла ҳам жамоатчилик олдида чиқиш қилади.
Ўтган ҳафтада Жонсон «Катта еттилик» давлатларини дунёни кейинги йил охирига қадар Covid-19га қарши вакциналар билан таъминлашга чақирганди. Аммо Британия, худди Канада каби ҳозирча вакцинация дастури учун қанча миқдордан препарат ажратишга тайёрлигини маълум қилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар