06:21 / 20.06.2021
4 818

«Бу инсониятга қарши жиноят...» – Махфий лагерларга доир маълумотлар очиқланди


Фото: Molly Crabapple / Amnesty International
Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Хитой назоратидаги Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилди. 160 саҳифали ҳисоботда «қайта тайёрлаш лагерлари» деб аталган юзлаб тутқунгоҳларда уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик каби оз сонли миллат вакилларига нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юритилаётгани қайд этилади.

Ҳисоботни тайёрлаш жараёнида халқаро ташкилот вакиллари мўъжиза туфайли қутулиб қолган 50 дан ошиқ маҳбуслар, шунингдек, йўқолган ёки ҳибсга олинганларнинг оила аъзолари, журналистлар билан суҳбатлашган, ҳужжатлар ҳамда ОАВ материалларини тадқиқ этган.

Қайд этилишича, «терроризмга қарши кураш» дея ниқобланаётган кампаниядан кўзланган мақсад мазкур миллатларнинг диний эътиқоди, миллий қадриятлари ва тилини йўқ қилишдан иборатдир.

Халқаро ташкилот ҳисоботига кўра, 2017 йилдан бошлаб Шинжонда яшовчи юз минглаб мусулмон фуқаролар ўзбошимчалик билан қамоққа олинган, бир миллионга яқини мажбурий равишда «қайта тайёрлаш лагерлари»га ташланган. 

Amnesty International ходимлари суҳбатлашган собиқ маҳбуслар бирор ноқонуний хатти-ҳаракат содир этмагани, шунчаки хориждаги қариндоши билан мулоқот қилгани ёки диний амалларни бажаргани учунгина қамоққа ташланганини ҳикоя қилган.
Маҳбусларга нисбатан калтаклаш, электр токи қўллаш, озиқ-овқат, сув ва уйқудан маҳрум қилиш ва бошқа жисмоний, руҳий қийноқлар қўлланган.

Ҳисоботда қайд этилишича, Шинжонда яшовчи мусулмонларга ўз диний арконларига амал қилишига кучли тўсқинлик мавжуд. Намоз ўқиган, рўза тутганлар ҳам «экстремист» деб топилиши мумкин. Қуръони карим, жойнамоз амалда тақиқланган. Ҳудуддаги масжид ва диний-маданий иншоотлар бузиб ташланган ёки бошқа мақсадларда ишлатилмоқда. 

«Биз ҳатто «ассалому алайкум» дея олмай қолдик», – дея ҳолатни баён этган Amnesty International суҳбатлашган шинжонлик.
Қайд этилишича, тутқунгоҳларда мусулмон этник халқлардан эътиқоди ва тилидан воз кечиш талаб этилиб, хитой тили ва коммунистик партия ғоялари мажбуран сингдирилмоқда.

Ҳисоботда таъкидланишича, Хитой ҳукумати Шинжонда инсон ҳуқуқлари бузилишини яшириш учун мисли кўрилмаган чоралар кўрмоқда.

Amnesty International бош котиби Аньес Калламар Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида мусулмон этник озчиликларга нисбатан давлат томонидан уюштирилган оммавий қамоқ, қийноқ ва таъқиблар инсониятга қарши жиноят деб баҳоланиши лозимлигини таъкидлаган. Халқаро ташкилот раҳбари Хитойдан зудлик билан лагерлар фаолиятига барҳам беришни талаб қилган,  БМТдан эса ҳудудга мустақил тергов гуруҳини юборишни сўраган.

2020 йил июль ойида Австралия стратегик сиёсат институти (The Australian Strategic Policy Institute, ASPI) томонидан эълон қилинган ҳисоботда ҳам Хитой маъмурияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида уйғур ҳамда бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни тутқунликда сақлаш учун махфий лагерларни кўпайтираётгани баён этилган эди. Қайд этилишича, мусулмонларни «қайта тарбиялаш лагерлари» тармоғи жаҳон ҳамжамияти тасаввур қилганидан ҳам каттароқдир.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитойда бошланган тозалаш сиёсатидан кейин Шинжонда  яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонлар ёпиқ лагерларда тутқунликда сақланмоқда. Департамент ҳисоботида қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган.

Жаҳон ҳамжамияти Хитой ҳукумати Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи мусулмонларни халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда тутқунликда сақлаётгани борасида хавотир билдириб келмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши мазкур ҳолатни қоралаган.

Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти янглиш талқин қилинмоқда.

Хусусан, Хитой ташқи ишлар вазири Ван И жорий йил февраль ойида Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишида Шинжонда минтақа халқларига нисбатан геноцид, диний таъқиб ёки мажбурий меҳнат қўлланаётганини рад этган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Бу инсониятга қарши жиноят...» – Махфий лагерларга доир маълумотлар очиқланди