Биргина хато – тирик одам 9 кун “ўлик”ка айланди

Қозоғистоннинг Қостанай вилоятида кутилмаган ва ғайриоддий ҳолат юз берди. Владимир Шремф исмли фуқаро тизимдаги техник хатолик сабаб бир муддат расмий равишда вафот этган шахс сифатида қайд этилган. Бу ҳолат унга жиддий қийинчиликлар келтириб чиқарган.
“31.kz” маълумотига кўра, воқеа Шремф онасининг вафотига оид ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида юзага келган. Тиббиёт ходимининг нотўғри киритган маълумоти оқибатида эркакнинг шахсий маълумотлари тизимда “марҳум” сифатида қайд этилган.
Натижада у бир неча кун давомида расмий ҳужжатларда мавжуд бўлмаган шахсга айланган. Бу эса унинг кундалик ҳаётига кескин таъсир кўрсатган. У ишга кира олмаган, ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилинган, автомобил бошқариш имкониятидан маҳрум бўлган.
Шунингдек, банк ҳисоблари блокланганлиги сабабли молиявий операцияларни амалга ошириш ҳам имконсиз бўлиб қолган. Давлат идораларига мурожаат қилганда эса барча жойда ягона шахс идентификация рақами талаб қилинган, бироқ тизимда у “йўқ шахс” сифатида кўрсатилган.
“Мен ҳеч нарсани ҳал қила олмадим. Ҳамма жойда мен тирик эканимни исботлашга мажбур бўлдим,” — дея у вазиятни изоҳлаган.
Орадан 9 кун ўтгач, хатолик тузатилиб, Владимир Шремф расмий равишда “тирик” сифатида қайта рўйхатга олинган. Шу тариқа унинг ҳуқуқий мақоми тикланган.
Эндиликда у ушбу хато сабаб етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
Тиббиёт муассасаси вакиллари эса ҳолат юзасидан изоҳ бериб, хатолик аниқланиши биланоқ уни бартараф этиш чоралари кўрилганини маълум қилган. Шунингдек, масъул ходим интизомий жавобгарликка тортилгани қайд этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!