Фото: АР/ТАСС
Россия президенти Владимир Путин мамлакат Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан кейин Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини мустақил деб тан олиш бўйича қарорга имзо чекди. Путин бу қарорни гўёки кенгаш аъзоларининг фикрларидан кейин қабул қилди.
Бутун ҳудуд тан олинадими ёки қисманми?
Россия ДХР ва ЛХРнинг мустақиллигини тан олиш орқали улар ҳозиргача эгаллаб олган Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларига тегишли ерларни мустақил давлат ерлари деб тан олади. Ҳар икки республика конституциясида улар 2014 йил ўтказилган референдумдан кейин эгаллаган чегаралар ўзгармас экани қайд этилган. Референдум орқали республикалар ўзини вилоятларга тенглаштирган, аслида эса бундай эмас.
Ҳуқуқий жиҳатдан Россия ДХР ва ЛХР конституцияларида қайд этилган чегара бўйича бандларга кўра, уларни тан олишга оид алоҳида ҳужжат қабул қилиши керак. Яъни ДХР ва ЛХР ҳозир назорат қилаётган ҳудудларида тан олинади, Украина назоратида қолган ерлар эмас, деган мазмунда. Аммо афтидан, Россия бу борада нима қилишини ўзи ҳам билмайди.
22 февраль куни тонгда Россия Давлат думасининг МДҲ бўйича қўмитаси раиси Леонид Калашников ЛХР ва ДХР Донецк ва Луганск вилоятлари чегарасида тан олинишини айтди. Аммо кўп ўтмай унинг гаплари нотўғри талқин қилингани (ваҳоланки уларни Россия пропагандачи нашрлари тарқатганди), ДХР ва ЛХР ўз чегараларини ўзи белгилаши айтилди.
Кейинроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги ЛХР ва ДХР ўзи назорат қиладиган ҳудудларда тан олинишини эълон қилди. Бу гапни Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади.
Ҳозирда чегаралар бир томонлама шакллантирилган, аммо республикалар тўлиқ мустақил бўлиши учун улар Киев билан келишилган ҳолда рўйхатдан ўтказилиши керак. Ҳар икки республика ўз қонунларида чегара дахлсизлиги ҳарбий куч билан бўлса ҳам таъминланиши керак, деб қайд этган.
Путин республикалар билан дўстлик келишувига эришгач, Россия мудофаа вазирлигига ДХР ва ЛХР хавфсизлигини таъминлашни буюрди. Рус қўшинлари шу вақтгача ҳам яширинча Донбассда бўлиб келаётганди, энди эса очиқчасига Донбассга кирди.
Ҳозир яна бир муаммо юзага чиқди. Агар Россия ДХР ва ЛХРни Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари билан тенг деб топадиган бўлса, бу Киевга ҳудудий даъво қилиш учун навбатдаги асос бўлади.
Россия Давлат думаси халқаро алоқалар бўйича қўмитаси раиси Вячеслав Никонов бу борада Россиянинг позициясига ишора қилди ҳам. Унинг айтишича, Россия Киевдан республикалар ҳудудини бўшатиб қўйишни сўраши мумкин: «Агар ЛХР ва ДХР административ чегаралари аниқ бўлса, Россия бу ҳудудлар ичида қолган украин ҳарбийлари республикани тарк этишини Киевдан қатъий тарзда сўрашини истисно қилмайман. Ана ўшанда Киев чинакам мураккаб танлов олдида туради», деди Никонов.
Аммо Россия ДХР ва ЛХРни тан олгани улар учун жанг қилиб Донбассни олиб беради дегани эмас. Ўзини мустақил деб эълон қилган республикалар ҳам чегарасини узайтириш борасида ҳаракатлар олиб бормай қўйди. Чегаралар борасида тушунмовчиликлар икки «республика» Россия томонидан тан олинганидан кейин ҳам сақланиб қолади.
Санкциялар қўлланади. Биринчи қадам ташланди
Россиянинг бу ҳаракатлари Ғарб томонидан жавобсиз қолдирилмайди. АҚШ президенти Жо Байден америкаликларга ЛХР ва ДХРга инвестиция киритишни тақиқлади. Германия эса ўзининг нозик томони деб қаралган «Шимолий оқим-2» бўйича қарор қабул қилди. Олаф Шольц мамлакат иқтисодиёт вазирлигига «Шимолий оқим-2» ишлаши учун зарур бўлган сертификация жараёнини тўхтатиб қўйишни буюрди. Яъни оператор ишга туширилмайдиган бўлди.
Европа иттифоқи Россияга қарши қўлланиши мумкин бўлган санкцияларнинг тахминий рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, ЛХР ва ДХР тан олинишида иштирок этган 351 нафар депутат ва 11 нафар мансабдор санкцияга учрайди. Шунингдек, «босқинни қўллаши мумкин бўлган» банклар ҳам қора рўйхатга киритилган. Ҳозирча ЕИ конкрет шахсларга нисбатан санкцияларни эълон қилди. Аммо Брюссел Россия эскалацияни давом эттирган тақдирда қўшимча чоралар қўлланишини маълум қилди.
Санкциялар кучга кириши учун уни иттифоқнинг барча 27 аъзоси маъқуллаши керак. Аммо бу борада муаммо пайдо бўлиши мумкин, чунки Европа Иттифоқида давлат раҳбари Путинни қўллаб-қувватловчи Венгрия каби давлатлар бор. Виктор Орбан яқинда Кремлда учрашувда бўлиб қайтганди ҳам. Италия, Австрия ва Германия ҳам газ нархи ошиши сабаб мамлакатда энергия танқислиги кузатилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Британия ҳам Россиянинг ЛХР ва ДХРни тан олишда иштирок этган барча депутатларига қарши санкция қўлламоқчи. Шунингдек, Британия компаниялари ва жисмоний шахслари ЛХР ва ДХР тўлиқ Украина назоратига қайтмаганига қадар бу ҳудудларда ҳеч қандай фаолият билан шуғуллана олмайди.
Украина Олий радаси Россиянинг ҳаракатларига жавобан мамлакатни SWIFT банк тизимидан узишни сўрамоқда. АҚШда бу ҳақда гапиришган, аммо охирги марта бу тизим ҳақида сўз борганда Россияни ундан узиш кўриб чиқилмаётгани айтилганди.
Референдум бўладими?
Мантиқан олиб қаралганда Россия ўз ҳудудини ДХР ва ЛХР билан кенгайтириб олиши учун қаршилик сезмаяпти. Қримда бўлгани каби референдум ўтказилса, бир неча йилдан буён қийин шароитда яшаётган ДХР ва ЛХР фуқаролари катта эҳтимол билан Россия таркибига қўшилишни қўллайди, ҳозир уларга қайси давлат фуқароси бўлиш эмас, тинч яшаш муҳим. Уларнинг аксари рус паспортини олиб ҳам бўлди.
Россия бу ҳаракатларни ҳозир қилмаса керак, чунки шундоқ ҳам рус иқтисодиёти жиддий зарбалар қабул қилиш остонасида турибди. Аммо Қрим сценарийси каби Донецк ва Луганскни ҳам референдумга тортиш эҳтимоли жуда юқори. Бу борада ягона муаммо – чегара. Чунки икки ҳудуднинг фақат ярми ўзини мустақил деб эълон қилган айирмачилар назоратида, қолгани Киев тасарруфида бўлиб турибди.
Россия Ғарбнинг жиддий қаршилигига учрамади
Россия барибир дипломатия йўлини танлайди деганлар адашди. Путин барибир ўз мақсадига эришди ва «биринчи иккита ўлжани қўлга киритди». Чунки Ғарб бу борада фақат гап билан қаршилик қилди. Путин аслида кескинроқ қаршилик кутганди чоғи. Ҳатто Америка гапдан нарига ўтмай номига қурол юбориб қўйгач, Россия икки ҳисса руҳланиб, борган сари каттароқ талаблар қўя борди, охир-оқибат Донбассга қўшинларини очиқчасига киритиб олди. Путин Украина Ленин бобосидан қолгани ҳақида иддаосини ҳам ниҳоят очиқ айтиб олди.
Хуллас, бутун бошли бошқа давлатнинг бир неча йил олдин ўзи ёрдами билан «мустақил бўлган» ҳудудларини тан олиш орқали Россия бутун дунёга ҳеч ким билан ҳисоблашмоқчи эмаслигини, ҳаммасини куч ҳал қилишини айтди гўё. Бу учун кўпи билан Россия иқтисодий санкцияларга учрайди. Афтидан Европани газдан узиш орқали бутун қитъани зимистонда қолдиришига ишончи комил бўлган Путин санкцияларга тупуриб қўйган. Бундай кескин ҳаракатларни бошқача изоҳлаб бўлмайди. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди