date

Антарктидада 332 та улкан сувости каньонлари очилди

Антарктидада 332 та улкан сувости каньонлари очилди

Жаҳон илм-фан оламини хайратга солган навбатдаги кашфиёт Антарктида музлари остида рўй берди. Барселона университети ҳамда Корк университет коллежининг халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Антарктида сувости каньонларининг энг йирик ва тўлиқ каталогини тузишга муваффақ бўлди. “Marine Geology” журналида эълон қилинган маълумотларга кўра, олимлар уммон тубида жами 332 та улкан сувости каньонини аниқлашган. Улардан айримларининг чуқурлиги 4000 метрдан ҳам ошиб кетади.

Илгари ўтказилган изланишларда бундай кўламдаги маълумот қайд этилмаган. Янги хариталаш усуллари эса олдинги натижалардан камида беш баробар кўпроқ каньонларни очиш имконини берди. Олимлар таъкидлашича, бундай сувости водийлари фақатгина геологик тузилиш эмас, балки озуқавий моддалар айланиши ва глобал иқлим тизимида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Антарктида каньонлари дунёдаги бошқа сувости каньонларига ўхшаш бўлса-да, уларнинг ўлчамлари ва чуқурлиги қутб музликларининг минг йиллик таъсири сабабли анча катта. Тадқиқот натижалари Шарқий ва Ғарбий Антарктидадаги сувости тузилмалари ўртасида катта фарқ мавжудлигини кўрсатди.

Шарқий Антарктидадаги каньонлар кўп қиррали, мураккаб ва U шаклидаги кесимга эга бўлиб, улар доимий музлик ҳаракатлари таъсирида юзага келганини кўрсатади. Тадқиқотда қайд этилишича, энг таъсирчан ва йирик сувости каналлари айнан шу ҳудудда жойлашган. Улар кўпинча қитъа шельфининг турли нуқталаридан бошланиб, якка йирик каналга бирлашади.

Аксинча, Ғарбий Антарктидадаги каньонлар қисқароқ, тикроқ ва V шаклида. Олимлар бу ҳолатни муз қатламининг тарихий шаклланиш жараёнлари билан изоҳлаб, Шарқий Антарктидада музликлар анча қадимдан шакллангани назариясини тасдиқлайди.

Муҳими, топилган каньонлар чуқур океан суви билан континентал шельф ўртасидаги айланиш жараёнини осонлаштиради. Бу жараён Антарктида туб сувининг ҳосил бўлишига хизмат қилади — у эса бутун жаҳон океан айланишининг асосий пойдеворидир. Бироқ олимлар яна бир жиддий хавфни таъкидламоқда: каньонлар орқали иссиқроқ сувлар қирғоқ чизиғига етказилади ва бу муз токчаларининг тезроқ эришини кучайтиради.

“Агар муз токчалари заифлашса ёки қуласа, континентал муз қатламлари денгизга анча тез оқиб кетади. Бу эса глобал денгиз сатҳининг кўтарилишига бевосита олиб келиши мумкин,” — дейилади тадқиқотда.

Кашфиёт Жанубий океаннинг халқаро батиметрик харитаси (2-версия) асосида амалга оширилди. У пиксел бошига 500 метр ўлчамда тайёрланган бўлиб, аввалги хариталардан тўрт баробар аниқроқ ҳисобланади. Шу билан бирга, олимлар ярим автоматлаштирилган идентификация усули ва махсус ГИС-скрипт ишлаб чиқишган. Бу усул орқали каньонларнинг морфометрик параметрлари ҳисоблаб чиқилди.

Тадқиқотчилар таъкидлаганидек, ҳозирги иқлим моделлари бу каби мураккаб жараёнларни тўлиқ ҳисобга олмайди. Шунинг учун ҳам иқлим ўзгариши прогнозлари етарлича аниқ эмас. Олимлар фикрича, глобал исишнинг ҳақиқий оқибатларини башорат қилиш учун денгиз тубини янада батафсил хариталаш ва моделларни такомиллаштириш зарур.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Антарктидада 332 та улкан сувости каньонлари очилди