Тошкент шаҳрида 2025 йилнинг охиригача тунги автобусларнинг биринчи йўналиши иш бошлайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Оллоёр Норбўтаевга таяниб Gazeta.uz хабар берди.
Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг йиғилишида пойтахтда тунги соат 22:00 дан эрталаб 06:00 гача ҳаракатланадиган қизил рангли автобуслар йўлга қўйилиши мумкинлиги айтилганди. Таклифга кўра, автобуслар аэропортлар, темирйўл вокзаллари, метро бекатлари, тундаги туризм кўчалари, савдо ва кўнгилочар марказлар, йирик деҳқон бозорлари, талабалар ётоқхонаси ва шифохоналар орқали ҳаракатланади.
Туризм кўчалари бўйлаб умумий ҳисобда 15 та йўналиш икки босқичда, оралиқ интервали дастлаб 30 дақиқани ташкил этган ҳолда ташкил этилади”, дейилади хабарда.
Оллоёр Норбўтаевнинг билдиришича, биринчи босқичда 8 та йўналиш бўлиб, жами 136 км йўлни қамраб олади. Мазкур йўналишларда 31 та автобус ҳаракати йўлга қўйилади:
T1: Қўйлиқ деҳқон бозори — Ҳусайн Бойқаро кўчаси;
T2: Қипчоқ кўчаси — Ўзгариш метроси;
Т3: Чилонзор буюм бозори — Гулханий кўчаси;
Т4: Маҳаллий аэропорт (Терминал 3) — Чорсу савдо маркази;
Т5: Шифобахш сувлар кўчаси — Чорсу АШБ;
Т6: Юнусобод мавзеси 6-даҳа — Юнусобод мавзеси 17-даҳа;
Т8: Тошкент вокзали АШБ — Шофайз маҳалласи.
«Уларнинг рақами Т дан бошланадиган қилиб таклиф берганмиз, яъни Т1, Т2, Т3 деб. Мана шу йилнинг охиригача Т1 йўналишимизни очишни режалаштирганмиз», — деди Тошкент шаҳри транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Оллаёр Норбўтаев.
Унинг сўзларига кўра, Т1 йўналиши Бектемир туманининг Ҳусайн Бойқаро кўчасидан Қўйлиқ бозори тарафга ҳаракатланиб, Қўйлиқ бозоридан ҳозирги Хонободтепа шоҳ кўчаси орқали юради.
Иккинчи босқичда эса 7 та йўналиш бўлиб, умумий 98 километрлик йўлдан ўтади. 23 та автобус жалб этиладиган бу босқич учун 14,2 млрд сўм сарфланиши режа қилинган. Йўналишлар:
Т9: Ғишткўприк чегара пости — Амир Темур хиёбони;
Т10: ТТЗ АШБ — Амир Темур хиёбони;
Т11: Food city мажмуаси — Амир Темур хиёбони;
Т12 Қипчоқ метро бекати — Амир Темур хиёбони;
Т13: Чилонзор буюм бозори — Чорсу савдо маркази;
Т14: Назарбек маҳалласи — Чорсу АШБ;
Т15: Келес шаҳарчаси — Чорсу АШБ.
«Ушбу кўчалар орқали туризм йўналишларини ташкил этишнинг асосий вазифалари тунги вақтда ҳаракатланиш зарур бўлган шаҳар пунктларини аниқлаш, йўловчилар кўп бўлган йўналишлар асосида, йўловчи оқимини режалаштириш, хавфсизлик, мониторинг ва рақамли тўлов тизимларини жорий этишдан иборат», — деди Оллоёр Норбўтаев.
Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Ҳусайн Байқаро, Шокирариқ, Меҳригиё, Суғдиёна, Жалоир, Ал-Хоразмий, Фарҳод, Гулханий, Қўрғонтепа, Фаробий, Тараққиёт, Рихсилий, Юқори Қорақамиш, Ҳамид Олимжон, Содиқ Азимов, Ўзбекистон овози, Тарас Шевченко ҳамда Шота Руставели кўчаларида туризм кўчалари ташкил қилинмоқда.
Норбўтаев чипта нархи кундузги билан бир хил бўлишини айтганди. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, Туризм комиссияси томонидан нархни қимматроқ қилиш бўйича таклифлар бўлган.
«15 та йўналишда 54 та автобус ҳаракатланади. Ўша йўналишдаги тушумни ҳисобламасак, ўртача 33 миллиард сўм маҳаллий бюджетга юклама тушади», — деган Оллаёр Норбўтаев.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!