07:57 / 08.04.2022
1 638

Урушнинг 43-куни. Москва Киевни келишувдан четга чиқишда, Украина Венгрияни Россияни қўллашда айблади

Урушнинг 43-куни. Москва Киевни келишувдан четга чиқишда, Украина Венгрияни Россияни қўллашда айблади
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Россия ТИВ расмий Киевни келишувдан четга чиқишда айблади, Украина Венгрияни Россия тажовузини қўллаб-қувватлашда айблади, Мариуполда эса 100 мингдан ортиқ киши оғир аҳволда қолишда давом этмоқда. Украинадаги урушнинг 43-кунида нималар рўй берди?

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Киевни Истанбулда эришилган келишувлардан четга чиқишда айблади. У Украина томонидан бир кун олдин тақдим этилган Россия билан келишув лойиҳасида «Истанбулдаги учрашувда қайд этилган қоидалардан четга чиқиш ҳолати мавжуд»лигини маълум қилди.

Лавров Украинани Истанбулдаги келишувни ўзгартиришга уринишда айбламоқда. Фото: EPA​​​​​​
Лавровнинг сўзларига кўра, Украина аввалига хавфсизлик кафолати Қримга тааллуқли бўлмаслигини айтганди, аммо келишувнинг янги вариантида бундай пункт мавжуд эмас.

Бундан ташқари, Украина Қрим ва Донбасс масаласини икки давлат раҳбарлари учрашувида муҳокама этишни таклиф қилмоқда, бу эса, Россия ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, қабул қилиб бўлмайдиган таклиф.

Киевдагилар нима дейишмоқда?
Подоляк бунга жавобан «Украинская правда» нашрига берган интервьюсида Украина томони уруш ва тинчлик масаласига тизимли ва масъулият билан ёндашаётганини маълум қилган ва Россия томонини провокация орқали босим ўтказишга уринишда айблаган.

Нашрнинг қайд этишича, Киев ҳозирча музокаралар тафсилотлари ва унда илгари сурилган таклифлар бўйича изоҳ бермаган.

«Муҳим қисми - Украина томонидан таклиф этилган хавфсизлик кафолатлари формуласи. Аниқ, пухта ўйланган», деган Украина президенти офиси маслаҳатчиси.

«Принципиал ўзгаришлар бўлиши мумкин эмас. Ҳозирда юридик гуруҳлар матннинг изчиллиги ва мувофиқлиги устида ишламоқда. Бундан бошқа гап йўқ», деган Подоляк.

Арахамия эса шу нашрга берган изоҳида Украина делегацияси Лавров билан ҳамкорлик қилмаётганини айтган.

Истанбулдаги музокаралар 29 март куни бўлиб ўтганди. Унда Украина томони келишув лойиҳасини кўриб чиқиш учун таклиф этган, унда Украина блоклардан холи ва ядросиз давлат бўлишига розилик билдирилганди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида фойдаланилган қонун тикланди
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, музокараларга Вашингтоннинг Украинага қурол етказиб беришда давом этиш қарори ҳам таҳдид солмоқда.

«Украинани қурол билан шишириш Россия-Украина музокаралари муваффақиятига ҳисса қўшмайди», - деган Кремл расмий вакили.

6 апрель куни АҚШ Сенати президент Жо Байденга Украинага қурол ва бошқа ёрдамлар етказиб беришни тезлаштириш учун ленд-лиз дастуридан фойдаланишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади. Ленд-лиз дастури Иккинчи жаҳон уруши пайтида яратилган бўлиб, АҚШга иттифоқчиларига қурол, озиқ-овқат ва стратегик хомашёни тезроқ жўнатиш имконини берган.

Бу қонунга кўра, АҚШ стандарт бюрократик тартиб-қоидаларни четлаб ўтган ҳолда битимлар тузиши ва Украинага қуролларни ҳақини кейин тўлаш шарти билан бепул етказиб бериши мумкин.

Энди ҳужжат Вакиллар палатаси томонидан кўриб чиқилиши керак. У ерда маъқулланса, имзолаш учун президентга юборилади.

Politico хабарида эътибор қаратилишича, Вашингтон «сўнгги бор XX асрдаги энг жиддий глобал можаро вақтида қўлланган фавқулодда тактикага мурожаат этмоқда» ва бу ҳам «АҚШ ва иттифоқчилар Россиянинг босқинини либерал тартиботга экзистенциал таҳдид деб билиши»нинг яна бир белгиси ҳисобланади.

Ленд-лиз тўғрисидаги қонун 1941 йилдан 1945 йилгача амалда бўлган, аммо Буюк Британия ва Хитой ленд-лиз бўйича ёрдам етказишни қонун тугатилгандан кейин ҳам давом эттиришга келишган. Ушбу тўрт йил давомида Қўшма Штатлар иттифоқчиларга умумий суммаси 50 миллиард доллардан ортиқ ленд-лиз ёрдамини ўтказди, шундан 11 миллиардга яқини СССРга тўғри келади.

Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Жо Байден президентликка келганидан бери Қўшма Штатлар Украинага 2,3 миллиард доллар ҳарбий ёрдам кўрсатган, шундан 1,6 миллиард доллари уруш бошланганидан кейин берилган.

Мариуполда 100 мингдан ортиқ киши қолмоқда
Қамалдаги порт шаҳардан ҳали ҳам 100 мингдан ортиқ киши чиқиб кетолмаяпти. Мариупол мэри Вадим Бойченко шаҳардаги вазиятни гуманитар ҳалокат деб атаган. «100 мингдан ортиқ киши омон қолишини сўраб ибодат қилмоқда. Бизга кенг кўламли эвакуация керак», деган у миллий телевидение орқали чиқишида.

Мариупол аҳолиси гуманитар ёрдам учун навбатда. Фото: Reuters
Ўққа учраётган Украина шаҳарларидан тинч аҳолини эвакуация қилиш билан шуғулланаётган Халқаро Қизил Хоч жамияти ташкилот конвойи сўнгги беш кун давомида Мариуполга етиб бориш учун бесамар уринаётганини маълум қилган. Жамият вакилларининг сўзларига кўра, уларнинг Мариуполдан тинч аҳолини олиб чиқиш учун юборилган автобуслари Россия назоратидаги ҳудудда россиялик ҳарбийлар томонидан ушлаб турилибди.

Ташкилот шунингдек Мариуполга конвой жўнатиш доимий отишмалар туфайли кўнгиллилар ва ташкилот ходимлари учун хавфсиз эмаслигини қайд этган.

Қизил Хочдагилар ҳам Мариуполдаги гуманитар ҳалокат ҳақида бонг урмоқда: бу ердаги одамлар бир ойдан ошиқ вақт давомида озиқ-овқат, электр токи ва иссиқлик таъминотисиз кун кечиришига тўғри келмоқда.

«Минглаб одамлар шаҳарда қопқонга тушиб қолишган. Уларга зудлик билан хавфсиз чиқиш йўлаги ва ёрдам зарур», дея мурожаат қилинади урушувчи томонларга.

Мариупол мэри ўтган вақт мобайнида шаҳарда тинч аҳоли вакилларидан камида 5 минг киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Уруш шароитида бу маълумотни мустақил манбалардан текширишнинг имкони йўқ.

Мариуполликлар ташқарида овқат тайёрламоқда. Фото: Reuters
Россиялик ҳарбийлар тарк этган шаҳарлардан - Киев ва Чернигов областларидан - россиялик ҳарбийларнинг қилмишлари оқибатлари бўйича янгидан янги хабарлар келиши давом этмоқда. Amnesty International халқаро ҳуқуқ ташкилоти Киев области ҳудудида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилиши ва зўрланиши ҳақидаги йигирма кишининг гувоҳлигини ёзиб олган.

Богдановка қишлоғидан бўлган 46 ёшли аёл (унинг шахси ошкор этилмаган) ҳуқуқ ҳимоячиларига россиялик ҳарбийлар аҳоли пунктига 7-8 март кунлари киришгани ҳақида айтади. 9 март куни отишма овозларидан кейин у ва эри, 10 ёшли қизи ва 81 ёшли қайнонаси уй ертўласига тушишган. Бу ерда уларни икки аскар кўриб қолган. «Улар бизни мажбурлаб ичкарига киритишди ва эшикни қаттиқ бекитишди. Бир дақиқа ўтиб эшикни очишди ва эримдан сигарет сўради. У икки ҳафтадан буён чекмаётганини айтди. Бири унинг ўнг қўлига отди, иккинчиси эса айтди: «Ишни тугат» ва у эримнинг бошига отди».

Яна бир бир аёл (унинг исми ва яшаш жойи келтирилмаган) ҳикоя қилишича, россиялик ҳарбийлар уйга бостириб кириб, унинг эрини отиб ташлашган ва ўзини зўрлашган. Уларнинг тўққиз ёшли ўғли панага яширинган.

«Биз Россия ҳарбийлари судсиз қатллар амалга оширилгани бўйича далиллар йиғдик, улар ҳарбий жиноятчилар сифатида тергов қилиниши керак. Бу гувоҳликлар кўрсатадики, Украинада қуролсиз оддий фуқаролар ўз уйларида ҳам, кўчаларда ҳам ўлдирилган, бу даҳшатли шафқатсизлик», деган Amnesty International бош котиби Аньес Калламар.

Украина Венгрияни Россия агрессиясини қўллашда айблади
Украина ТИВ Венгрияни Россия гази учун рублда тўлов қилишга тайёрлигини танқид қилди. Венгриянинг бундай қарори ҳақида Россия президенти Владимир Путин ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўртасидаги телефон мулоқотидан кейин маълум бўлганди. Путин ўтган ҳафтадаги парламент сайловларида партияси ғалаба қозонгани муносабати билан табриклаш учун Орбанга телефон қилган.

Орбан мулоқот вақтида Путинни Украинада ўт очишни тўхтатишга чақириб, Франция, Германия ва Украина етакчиларини Будапештда россияликлар президенти билан учрашувга келишга таклиф этган.
«Бизда рублда тўлов қилиш бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Агар руслар рублда тўлашни сўраётган бўлса, рублда тўлаймиз», - деди Орбан.

Украина ташқи ишлар вазирлиги Венгрия расмийсининг бу баёнотини нодўст давлат позицияси сифатида билишини маълум қилди.

«Афтидан, сайловлардан кейин Будапешт кейинги қадамни ташлашга ўтди - Путинга унинг Украинага қарши тажовузини давом эттиришида ёрдам беришга», дейилади вазирлик баёнотида.

«Бундай баёнотлар Россия инжиқликларини қаноатлантиришдан қатъий бош тортган Европа Иттифоқининг бирлашган позициясига ҳам зид келади», дея қўшимча қилган Украина ТИВ спикери Олег Николенко.

У Россия гази учун рублда тўлаш орқали Венгрия Россия президенти Владимир Путинга Украинага қарши агрессияни давом эттиришга ёрдам беришини қайд этган.

«Агар Венгрия чиндан урушни тўхтатишга ёрдам беришни истаса, буни шундай қилиши керак: ЕИ бирлигини бузишни бас қилиши, Россияга қарши янги санкцияларни қўллаб-қувватлаши, Россия ҳарбий машинаси учун қўшимча молия манбаларини яратиши эмас, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиши керак», дея Орбаннинг сўзларига муносабат билдирди Украина ТИВ.

Аввалроқ Франция, Германия, Италия ва Буюк Британияни ҳам ўз ичига олган «Катта еттилик» Россия энергия ресурслари учун тўловни рублда қилишга рози эмаслигини билдирганди. Эстония, Латвия ва Литва эса Россия газидан бутунлай воз кечди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Урушнинг 43-куни. Москва Киевни келишувдан четга чиқишда, Украина Венгрияни Россияни қўллашда айблади