date

Суперлига. "Насаф" "Бухоро"ни йирик ҳисобда таслим этди

Суперлига. "Насаф" "Бухоро"ни йирик ҳисобда таслим этди

Ўзбекистон Суперлигасининг 21-турига старт берилди ва илк беллашув Қаршида бўлиб ўтди. Унда маҳаллий “Насаф” клуби меҳмон “Бухоро” жамоасини қабул қилди. Кутилаётгандек, қаршиликлар ўз мухлисларини қувонтириб, йирик ҳисобда зафар қучишди. Ушбу ғалаба ҳам натижа, ҳам кўрсатилган ўйин сифати жиҳатидан майдон соҳиблари устунлигини яққол тасдиқлади.

Беллашувнинг дастлабки дақиқалариёқ “Насаф” футболчилари ўз устунлигини намоён қила бошлади. 13-дақиқада Ҳусайн Норчаев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, 25-дақиқада Юсуф Отубанжо жамоаси номидан иккинчи голни киритди.

Ҳужумкор ўйинни давом эттирган қаршиликлар 28-дақиқада Шароф Муҳиддинов орқали яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Орадан уч дақиқа ўтиб, яна Отубанжо гол урди ва натижа 4:0 кўринишини олди. Биринчи бўлим якунигача “Насаф” барқарор устунликка эга бўлиб, ўзини ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам ишончли намоён қилди.

Иккинчи тайм бошланиши биланоқ майдон эгалари ҳисобни яна оширишди. 47-дақиқада тажрибали форвард Драган Черан тўпни дарвозага йўллаб, ҳисобни 5:0 кўринишини яратди. Ушбу гол беллашувнинг якуний нуқтаси бўлди.

Суперлига. 21-тур
Насаф – Бухоро 5:0
Голлар: Норчаев (13) – 1:0, Отубанжо (25) – 2:0, Муҳиддинов (28) – 3:0, Отубанжо (30) – 4:0, Черан (47) – 5:0.

“Насаф” таркиби: Абдувоҳид Неъматов, Муродбек Раҳматов (83-дақ. Жавоҳир Убайдуллаев), Драган Черан, Шароф Муҳиддинов, Ҳусайн Норчаев (59-дақ. Суҳроб Нуруллоев), Стефан Чолович (46-дақ. Жавоҳир Сидиқов), Юсуф Отубанжо (59-дақ. Ойбек Бозоров), Игорь Голбан, Шуҳрат Муҳаммадиев, Шерзод Насруллаев, Умарбек Эшмуродов (59-дақ. Ғолиб Ғайбуллаев).

Захирадагилар: Олександр Воробей, Алибек Давронов, Аденис Шала, Диёрбек Абдуназаров.

“Бухоро” таркиби: Ширинбой Абдуллаев, Равшан Хайруллаев (33-дақ. Фране Чиряк), Азизбек Амонов, Жавоҳир Рўзиев, Билол Туплиев (69-дақ. Анваржон Жўраев), Тома Табатадзе (69-дақ. Доминик Бегич), Муҳаммад Йўлдошев, Йосип Томашевич (46-дақ. Иброҳим Нўмонов), Марко Колакович, Фране Икич, Шоҳбоз Жўрабеков.

Захирадагилар: Мардонжон Мелиев, Жавоҳир Отамуродов, Сардор Қулматов, Муҳаммадсафо Фозилов, Нодирбек Аҳмаджонов.

Огоҳлантиришлар: Фране Икич (27), Норчаев (58), Жўрабеков (76), Нўмонов (80).

“Насаф” Суперлигадаги илк 21-тур баҳсида мухлисларини ҳурсанд этди ва ўз мақсадлари йўлида муҳим 3 очкони қўлга киритди. Бу натижа жамоага мусобақада янада юқори мақсадлар учун курашишда куч бағишлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлига. "Насаф" "Бухоро"ни йирик ҳисобда таслим этди