date

Чўчқа буйраги ўтқазилган бемор 6 ой яшаб қолди

Чўчқа буйраги ўтқазилган бемор 6 ой яшаб қолди

Тиббиёт оламида янги тарихий ютуқ қайд этилди. 67 ёшли америкалик бемор Тим Эндрюсга генетик жиҳатдан ўзгартирилган чўчқадан олинган буйрак кўчириб ўтказилди ва у бу орган билан олти ойдан ортиқ вақт яшаб келмоқда. Бу ҳолат чўчқа аъзоларини инсонга кўчириш — ксенотрансплантация соҳасида мутлақ рекорд сифатида қайд этилди. Бу ҳақда нуфузли Nature журнали маълумот берди.

Маълумотларга кўра, Эндрю терминал буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келган ва икки йилдан кўпроқ вақт давомида диализга муҳтож бўлган. Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган амалиётдан сўнг у диализсиз ҳаёт кечирмоқда. Мутаҳассислар бу натижани ксенотрансплантациянинг энг катта ютуқларидан бири сифатида баҳолашмоқда.

Эндрю Массачусетс штати, Кембриж шаҳридаги eGenesis биотехнологик компанияси томонидан тайёрланган генетик жиҳатдан модификация қилинган чўчқа буйрагини олган уч бемордан бири эди. Унинг буйрагида бир нечта ўзгартиришлар амалга оширилган:

– рад этиш хавфини камайтириш учун айрим антигенлар олиб ташланган;

– инсон генларидан еттитаси қўшилган, бу яллиғланиш ва қон кетиш эҳтимолини пасайтиради;

– шунингдек, чўчқа геномида мавжуд ретровируслар фаолсизлантирилган.

Австралия университети трансплантация бўйича мутахассиси Уэйн Хоторн бу ҳақда шундай деди:

“Олти ой — бу ақл бовар қилмайдиган натижа. Айнан дастлабки олти ой бемор учун энг хавфли давр ҳисобланади. Бу вақт мобайнида қатор асоратлар, жумладан, камқонлик ёки иммун тизимининг органни рад этиши кузатилиши мумкин. Шу боис олти ойлик белги — муваффақиятдан дарак. Агар бемор бир йилдан ортиқ умр кўрса, бу тиббиётда янги босқич бўлади”.

Илгари ҳам шунга ўхшаш тажриба амалга оширилган эди. 53 ёшли америкалик Тована Лунига чўчқа буйраги кўчириб ўтказилган ва у тўрт ой-ю тўққиз кун яшаган. Бироқ кейинроқ орган рад этилгани сабабли олиб ташланди. Тим Эндрюснинг ҳолати эса анча муваффақиятли кечмоқда.

Тиббий экспертлар таъкидлашича, ксенотрансплантация келажакда миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Чунки ҳозирда дунё бўйлаб орган трансплантациясига муҳтож беморлар сони жуда катта, лекин донор органлар етарли эмас. Чўчқа аъзоларидан фойдаланиш эса инсон саломатлигини сақлашда янги йўналиш очиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чўчқа буйраги ўтқазилган бемор 6 ой яшаб қолди