Россия ва Украина уруши бутун дунё бўйлаб ўткир озиқ-овқат инқирози ва қашшоқликни кучайтириб юбориши мумкин. Урушнинг билвосита жабрдийдалари сифатида Россия ва Украина маҳсулотлари импортига кўпроқ қарам бўлган Туркия, Миср, Ҳиндистон, Таиланд, Грузия, Арманистон, Жанубий Африка, Ливан ва Шри-Ланка каби мамлакатлар кўрсатилмоқда.
Украинада ўсимлик мойи олинадиган далалар. Урушдан олдин. Фото: EPA
Урушдан олдинги даврда Россия ва Украина бир қатор асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида, хусусан, дон ва ўсимлик мойи экспортида етакчи ўринларни эгаллаган. Шунингдек, Россия нефть, нефть маҳсулотлари ва ўғитлар ҳамда табиий газнинг энг йирик экспортёри эди.
Айни пайтда эса Украинанинг ўзида озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилмоқда. Мамлакатдаги портлар Россия флоти томонидан тўсиб қўйилгани туфайли экспорт ва импорт тўхтаган.
Прогнозларга кўра, кейинги даврда бу ҳолат янада ёмонлашиши мумкин. Жорий йилда ҳосил қандай бўлиши номаълум, чунки кунгабоқар уруғлари етиштириладиган унумдор Украина ерлари миналар ва вайрон қилинган рус танклари билан тўлиб-тошган, фермерлар ўз техникаларидан доимий равишда фойдаланишдан маҳрум қилинган.
Ушбу омиллар оилавий бюджетининг катта қисмини озиқ-овқатга сарфлайдиган камбағал мамлакатлар аҳолиси учун жуда ҳам оғриқли ҳисобланади. Дунё ковид ва ўтган йилги қурғоқчиликдан зўрға тикланди, урушсиз ҳам озиқ-овқат нархи кўплаб рекордларни янгилади.
БМТ маълумотларига кўра, биргина март ойининг ўзида озиқ-овқат нархлари 13 фоизга қимматлашган. Бу индекс юритилиб келинаётган 1990 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассислар нархлар яна 8 фоизга ва ҳаттоки 22 фоизгача ошиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Тростянецда украинлар тракторда руслар қолдириб кетган зирҳли техникани судраб кетмоқда. Фото: Reuters
Уруш туфайли қишлоқ хўжалиги техникалари учун зарур бўлган ёнилғи нархи, денгиз ва қуруқлик йўллари орқали юк ташиш, ўғитлар ва сақлаш харажатлари қимматлашмоқда. Одамлар учун ҳам, чорва молларига ҳам ғалла етишмаяпти, шу боис гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси ҳам ошиб бормоқда.
Bruegel тадқиқот маркази мутахассисларининг фикрича, энг ёмон ҳолатда ҳам, дунёда бутун сайёра аҳолиси таъминоти учун етарли миқдорда озиқ-овқат бўлади.
Қайси давлатлар кўпроқ зарар кўради?
Урушнинг оқибатлари айниқса қурғоқчил минтақалар – Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги ривожланаётган мамлакатлар учун оғриқли бўлади. Ушбу давлатлар умумий озиқ-овқатининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар эса Россия ва Украинадир.
«Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши билан гуманитар инқироз ва сиёсий хавфлар кучаяди. Охирги марта нархлар ҳозиргидек қимматлашганида ҳаммаси араб баҳорига айланганди», дея огоҳлантиради тадқиқотчилар.
Ўн йил аввалги норозилик ва инқилоблар тўлқини Ливия, Тунис, Миср ва Яманда режимлар ўзгаришига, Сурияда эса узоқ йиллик фуқаролик уруш бошланишига олиб келганди.
Жаҳон банки ва ЕТТБ экспертлари Россиянинг Украинада бошлаган урушининг билвосита қурбонлари сифатида Туркия, Миср, Ҳиндистон, Таиланд, Грузия, Арманистон, Жанубий Африка, Ливан ва Шри-Ланкани кўрсатишмоқда.
Ушбу мамлакатлар Россия ва Украина билан савдо-сотиққа қаттиқ боғланган, туризмдан яхшигина даромад олишади. Ўз навбатида, Россияга қарши қўлланаётган санкцияларни бузиб, Ғарб билан очиқ тўқнашувни ҳам истамайди. Қўшимча равишда эса, сиёсий барқарорликка таҳдид солувчи ички иқтисодий инқироз билан тўқнаш келишмоқда.
Суматрада индонезияликлар танқис маҳсулотга айланган пальма ёғи учун навбатда турибди. Фото: AFP
Масалан, Миср дунёдаги энг йирик буғдой импортчиси ҳисобланади. Мамлакатга ташриф буюрадиган сайёҳларнинг 20 фоизи Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келган. Туркияда ҳам шунга ўхшаш ҳолат: мамлакат ички эҳтиёжлари учун зарур бўлган нефтнинг 93 фоизи, газнинг 99 фоизи импорт ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари, Россиядан озиқ-овқат ва энергия сотиб оладиган барча қўшни давлатлар ҳам жиддий зарар кўради. Аммо энг катта йўқотишга Россияга меҳнат муҳожири сифатида келган қатлам вакиллари дуч келиши мумкин. Валюта ва транспорт чекловлари ҳамда санкциялар туфайли Россия иқтисодиёти секинлашиши, ишчи кучига талаб пасайиши кузатилмоқда. Бу эса Россиядаги хорижликларга нисбатан бағрикенглик даражасини ёмонлаштиради.
Урушгача Россияда ишлаётган фуқароларнинг пул ўтказмалари Тожикистон ва Қирғизистон иқтисодиётининг чорак қисмини, Ўзбекистон ва Арманистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб ўндан бир қисмини ташкил қилган.
Очарчилик Афғонистон ёки Яман каби энг қашшоқ ва можароли мамлакатларда янада таҳдидли бўлади.
БМТ маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага ҳужумидан олдин дунё миқёсидаги 38 мамлакатда истиқомат қилувчи 44 миллион аҳоли очлик ёқасида яшаган, 720 миллиондан ортиқ одам эса тўйиб овқатланмаган. Уруш ушбу кўрсаткични БМТнинг мўътадил сценарийси бўйича яна 8 миллионга, пессимистик сценарий бўйича эса 13 миллиондан зиёдга ошириши мумкин.
Ёғ ва дон далалари ўрнида тўплар
Россия дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси бўлиб, йилига 33 миллион тоннага яқин буғдой сотади. Украина эса 20 миллион тонна етказиб беради. Бу рақамлар умумий ҳисобда жаҳон экспортининг чорак қисмини ташкил қилади.
Бомбардимонлар орасида Харков яқинидаги Яковлевка қишлоғи фермерлари буғдой даласини ўғитламоқда. Улар ҳосилни йиға олишларини аниқ билишмайди. Фото: Reuters
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, уруш туфайли дунё 5 миллион тонна Украина буғдойи ва 3,5 миллион Россия буғдойини йўқотиши мумкин. Бу жаҳон буғдой истеъмолининг 1 фоизини (йилига 770 миллион тонна) ташкил этади.
Аргентина ва Бразилиядаги яхши ҳосил эса йўқотишларни қисман қоплашга ёрдам бериши мумкин. Россиянинг ўзи ҳам экспортни камайтирмаяпти.
Ўз ўрнида, нархлар қимматлашиши фонида асосий экспортёр мамлакатларнинг ўзи ҳам ички бозордаги инфляцияни жиловлаш учун экспортни чеклаши мумкин. Шунингдек, Жанубий Америкадан юк ташиш анча узоқ ва қимматроқ, чунки юк ставкалари ва денгиз ёнилғиси нархи ўтган йилга нисбатан икки баравар ошган.
Кунгабоқар ёғи билан юзага келаётган вазият эса анча жиддий. Узилишлар сабаб аллақачон нархлар ошган. Камбағал мамлакатлардаги миллионлаб одамлар анъанавий қовурилган таомлардан воз кечишга ва эски ёғда пиширилган кўча таомларининг янги таъмига кўникишга мажбур бўлишмоқда.
Аргентинадаги қурғоқчилик. Фото: AFP
Умумий кунгабоқар ёғи экспортининг 57 фоиз улуши Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келади. Асосий импортчилари эса Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва Туркия ҳисобланади. Ушбу мамлакатлар ўсимлик мойининг бошқа турларига ўтмоқда, бу эса бозорда нархлар ошишига олиб келмоқда.
Малайзияда пальма ёғи ишлаб чиқариш пасайиши, шунингдек, Канада, Бразилия ва Аргентинадаги ўтган йилги қурғоқчилик туфайли ўсимлик ёғи бозорида даҳшатли танқислик мавжуд.
«Тинчлик йўқ жойда фаровонлик ҳам йўқ»
БМТнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Украина уруш туфайли экин майдонларининг 20-30 фоизини, экспортининг бир қисмини йўқотади.
Bruegel прогнозларига кўра, энг ёмон ҳолатда, мамлакатдаги бутун ҳосил ташқи бозорларга умуман чиқарилмайди. Энг яхши ҳолатда эса экспорт учдан бир қисмга қисқаради. Аммо бу уруш яқин вақт оралиғида тугашидан келиб чиқиб ҳисобланган прогнозлар.
«Оқибатларнинг тўлиқ таъсири кузда, ҳосил йиғиб олинганда сезилади», дея огоҳлантирган тадқиқот муаллифлари.
Ғарб давлатлари энг кам даражада зиён кўриши мумкин.
«Агар сиз олдиндан тайёргарлик кўрсангиз, озиқ-овқат тақчиллиги таъсири ва оқибатларини юмшата оласиз. Йирик дон ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Австралияда бундай имконият бор. Чунки уларда самарадор қишлоқ хўжалиги ва экинларни кўпайтириш учун етарли миқдорда бўш ер бор», дейилади тадқиқот хулосасида.
Россиянинг Украина билан олиб бораётган уруши билвосита ҳам глобал озиқ-овқат инқирозини янада чуқурлаштириши мумкин. Хусусан, Ғарб Украинага ёрдам бераётган бўлса-да, Афғонистон ва Яманга бу борада етарли кўмак кўрсатилаётгани йўқ. Ёрдамга муҳтожлар сони кескин ошди, озиқ-овқат танқислиги сабаб нархлар кўтарилди, транспорт харажатлари қимматлашди, бой мамлакатлардаги гуманитар соҳага ажратиладиган бюджет маблағлари тўхтаб қолди ёки қисқарди.
Европада қишлоқ хўжалиги ерларининг катта захиралари мавжуд
Урушдан олдин Украина БМТнинг озиқ-овқат дастури доирасида бошқалар учун ғалла ва нефть етказиб берган бўлса, айни пайтда ўзи ёрдам олувчи давлатга айланди. Ҳозиргача 1 миллион украиналик озиқ-овқат учун моддий ёрдам олган, яқин келажакда эса 3,3 миллион украиналикни қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.
Ўз-ўзидан бошқа муаммолар ҳам юзага келмоқда. Озиқ-овқат нархлари ошиши умумий инфляцияни тезлаштиради, бу эса марказий банкларни ставкаларини оширишга мажбур қилади. Натижада одамлар, мамлакатлар ва компаниялар юқори ставкалар сабаб камроқ қарз олади, бу бой мамлакатларда ривожланишга тўсқинлик қилса, камбағал мамлакатларда банкротлик хавфини оширади. Шундоқ ҳам пандемия таъсирида 40 га яқин энг қашшоқ мамлакатлар қарз инқирозига тушиб қолган.
Уруш шунингдек, глобал товарлар савдоси ўсишига ҳам путур етказди. Жаҳон савдо ташкилоти йил бошида 2022 йилда қарийб 5 фоиз ўсиш бўлишини кутганди, аммо ҳозирда кейинги икки йил ичида ўсиш кўрсаткичи 3 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
«Тарих бизга дунё иқтисодиёти қарама-қарши блокларга бўлиниб, қашшоқ мамлакатлардан юз ўгирса, на тинчлик, на фаровонлик бўлишини ўргатиб бўлган», дейди ЖСТ раҳбари Нгози Оконжо-Ивеала. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди