
Британиядан қуллик учун товон талаб қилинмоқда. “Reuters” ёзишича, Кариб ҳавзаси ва Африка қитъасидаги бир қатор мамлакатлар Буюк Британиядан қуллик ва мустамлакачилик оқибатлари учун расмий ва молиявий жавобгарликни талаб қилиб чиқмоқда.
Маълумотларга кўра, Кариб ҳамжамияти (CARICOM) таркибидаги давлатлар репарациялар масаласини муҳокама қилиш учун Лондонга махсус делегация юбормоқда. Комиссия Буюк Британия ҳукумат ва парламент аъзолари билан учрашиб, қуллик давридаги оғир тарихий адолатсизликлар ва уларнинг бугунгача сақланиб келаётган ижтимоий-иқтисодий оқибатларини батафсил муҳокама қилади.
CARICOM тақдим этмоқчи бўлган репарация режасида “тўлиқ ва расмий узр сўраш, таълим дастурларини кенгайтириш, қатор давлат қарзларини бекор қилиш, молиявий компенсация ажратиш” каби бир қанча талаблар ўз аксини топган. Африка Иттифоқига аъзо бир неча давлат ҳам ўхшаш дастур устида ишлаяпти — улар Европанинг XV–XIX асрларда амалга оширган қуллар савдоси учун товон талаб қилмоқда. Ўша даврда 12,5 миллиондан зиёд африкалик мажбуран олиб кетилиб, қул сифатида сотилгани таъкидланади.
Шу билан бирга, нашр ёзишича, дунёда репарация масаласига нисбатан қаршилик ортиб бормоқда. Кўплаб Европа етакчилари замонавий давлатлар ўтмишдаги хатолар учун тўлиқ жавобгар бўлолмаслигини таъкидлаб, бу мавзуда расмий мулоҳазаларга шошмаяпти.
“The Repair Campaign” буюртмаси билан ўтказилган 2025 йилги сўровнома эса қизиқ натижа кўрсатган: Буюк Британияликларнинг 85 фоизи мамлакат Кариб минтақасига уч миллиондан ортиқ африкаликни мажбуран кўчирганини умуман билмаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.