date

Бин Салмон ва Трамп глобал хавфсизлик келишувини муҳокама қилади

Бин Салмон ва Трамп глобал хавфсизлик келишувини муҳокама қилади

18–19 ноябр кунлари Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон АҚШга расмий ташриф билан келди. Унинг Оқ уйда президент Доналд Трамп билан ўтказадиган музокаралари Вашингтон медиасида катта қизиқиш уйғотди. Суҳбатларда нефть бозори, минтақавий хавфсизлик, мудофаа келишувлари ва келажакка қаратилган геосиёсий лойиҳалар асосий ўринни эгаллаши кутилмоқда.

Бу ташриф ҳақида гап кетганда, 2018 йилда Истанбулда журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши яна бир бор қайд этилмоқда. Қошиқчи АҚШда яшаган, Washington Post’да ишлаган, унинг йўқолиши ва сафсата билан ўлдирилиши дунёда қаттиқ баҳсларга сабаб бўлган эди. АҚШ разведкаси бин Салмон операцияга рухсат бергани ҳақида хулоса чиқарган, шаҳзода эса тўғридан-тўғри буюрмаганини айтса-да, масъулиятни умумий раҳбар сифатида ўз зиммасига олган.

Шунга қарамай, орадан етти йил ўтиб, Яқин Шарқда кескинлик кучайган шароитда Саудия раҳбарининг Вашингтонга келиши янги воқеликларни кўрсатмоқда. Бин Салмон ўзини минтақа мувозанатини тиклайдиган воситачи сифатида ҳам кўрсатяпти: Эрон билан муносабатларни яхшилаш, Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, Суриянинг араб дунёсига қайтишини қўллаши — қироллик ташқи сиёсатининг янги бурилиш нуқтаси.

Ташрифнинг марказида эса мудофаа бўйича янги келишувлар туради. Саудия Арабистони узоқ йиллар давомида Қўшма Штатлар билан «нефть–хавфсизлик» формуласи асосида иш юритган, аммо 2019 йилда Эроннинг Саудия нефть объектларига зарбаси ва Вашингтоннинг жавоб бермагани бу келишувни амалда заифлатган эди. Ҳозир эса Эр-Риёд АҚШдан Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш эвазига кучли мудофаа кафолатларини талаб қилмоқда. Исроил эса буни фақат Фаластин давлати ҳақидаги қонуний мажбурият билан боғламоқда — айнан шу энг катта тўсиқ бўлиб турибди.

Саудия томони шунингдек, 48 тагача F-35 самолёти сотиб олиш бўйича музокараларни кучайтирган. Пентагон ичкарисида бу масала бўйича муҳим босқичлар ўтгани айтилмоқда. Бироқ Конгресс тасдиғи, Исроилнинг позицияси ва минтақанинг нозик ҳолати жараённи қийинлаштиряпти.

Бин Салмон ташриф доирасида нафақат мудофаа, балки сунъий интеллект ва ядровий энергетика соҳаларида ҳам янги ҳамкорлик изламоқда. Саудия қироллиги «Vision 2030» ислоҳотлари доирасида иқтисодий диверсификацияга ўтишни мақсад қилган ва бу учун АҚШдан юқори даражадаги чиплар, AI лойиҳалари ва фуқаровий ядровий дастурлар бўйича келишувларга муҳтож. Бу эса мамлакатни БАА ва Эрон билан технологик рақобатда кучлироқ қилади.

Вашингтон ядровий фан бўйича келишувга эҳтиёткор ёндашяпти: Саудиянинг уранни бойитиш ёки сарфланган ёқилғини қайта ишлаш талабига рози бўлмасдан туриб, ҳужжатни имзолаш қийин. Чунки бу амалиётлар ядровий қуролга эришиш сари қадам бўлиши мумкин. Шу билан бирга, таҳлилчилар айтишича, ташриф чоғида ядровий энергетика бўйича дастлабки келишувлар ёки йўл хариталари эълон қилиниши инкор этилмайди.

Муҳаммад бин Салмоннинг бу сафарги ташрифи нафақат икки давлат муносабатларига, балки бутун Яқин Шарқдаги мувозанатни ўзгартириш эҳтимолига эга. АҚШ–Саудия ўртасидаги янги хавфсизлик архитектураси, AI ва ядровий технологиялар ҳамкорлиги, нефт бозорининг келажаги — буларнинг барчаси сайёра геосиёсий манзарасига таъсир қилувчи йирик масалалардир.

Юзма-юз учрашувда айнан қайси битимлар имзоланишини эса яқин кунларда билиб оламиз.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Бин Салмон ва Трамп глобал хавфсизлик келишувини муҳокама қилади