
Эрталаб ишга шошилаётган Шодивойнинг кайфияти пастроқ эди. У ойнага қараб, тўзғиган сочларини тартибга келтиряпти. Шу пайт хотини дазмолланган бўйинбоғини олиб келаркан, эри унга қараб, чуқур уф тортди.
Аёл: (хавотир олгандек) Нима бўлди? Бунча уф тортмасангиз?
Эр: (ночор аҳволда секингина) Туғилган кун…
Аёл: Қанақа туғилган кун? Оиламизда бу ойда туғилган киши йўқ-ку…
Эр: Бошлиқники.
Аёл: Тушунарли, совға олиш керак, денг?
Эр: Ҳа…
Аёл: Неча ёшга чиқди?
Эр: Элликка, бу юбилей дегани, совға ҳам думалоққина бўлиши керак. Бир нарса ўйлаб топ, хотинжон.
Аёл: Уйдаги янги чангютгични совға қилинг.
Эр: У ишламайди-ку.
Аёл: Шунча совғанинг ичида чангютгични ишлаш-ишламаслигини текшириб кўрармикан. Балки, у ҳам бошқасига совға қилиб юборар.
Эр: Йуқ, тўғри келмайди, у атайлаб текшириб кўриши мумкин, яна шу баҳона бўлиб ишдан ҳайдаб юбормасин.
Аёл: Топдим, дадаси, қадоғи бузилмаган эркаклар атири бор, французларники, шуни совға қилинг, барибир фойдаланмаяпсиз.
Эр: Ҳиди қадоғидан ҳам чиқиб турибди, қўланса. Сепиб кўрса, балога қоламан.
Аёл: Унда тахи бузилмаган янги кўйлакни беринг.
Эр: Тўғри келмайди-да…
Аёл: Нега тўғри келмас экан? У ҳам чет элники…
Эр: Гавдасини айтяпман, бошлиғимизнинг ҳозирги аҳволини кўрмагансан, бу куйлак унинг қорнига ёпинч бўлолмайди. Мукофот пулидан мосуво бўлмайин яна…
Аёл: Унда анави гулдонни совға қилинг, ҳали янгидек турибди.
Эр: Маъқул бўлармикан?..
Аёл: Совғанинг зўри — гулдон!.. Доим сизни эслатиб туради.
Эр: Тўғри, маладес хотинсан-да! Аммо гулдон тўғри келмайди.
Аёл: Нега?
Эр: Хўжайиннинг хотинини билмайсан-да, жаҳли ёмон, эр-хотиннинг орасидан гап ўтса, шу гулдон билан хўжайиннинг бошини ёриб қўйса-я, йўқ, тўғри келмайди.
Аёл: У десам, ёқмаса, бу десам, ёқмаса, унда ўзингиз топинг. Мени ишдан қолдиряпсиз. Бўлмаса, ана, шкафда турган биллур гулдонни совға қилинг.
Эр: Ўртасидан дарз кетган гулдонни айтяпсанми?
Аёл: Билинар-билинмас ёрилган, билинмайди.
Эр: Йўқ, бўлмайди, сен уни билмайсан, у жуда синчков, меҳмонлар кетганидан кейин лупа билан текшириб кўрса, ҳолимга вой.
Аёл: Шу охиргиси, бошқа сўраманг…
Эр: Нима экан? Айтақол….
Аёл: Беш йилдан бери турган туфлини совға қилинг. Ҳали қутисидан олинмаган.
Эр: Маъқул, ишқилиб, нуқсони йўқми?
Аёл: Пойма-пойлигини айтмаса, бошқа айби йўқ, лекин импортний, оёқда билинмайди…
Эр: Тўхта, хотин, бу… шунча увол — чиқинди нарсалар қаердан йиғилган?
Аёл: Ҳаммаси туғилган кунингизга келган совғалар-ку!
Эр: Ярамаслар! Бунақа совғаларни кимлар олиб келган?
Аёл: Кимлар эмас, ким денг?
Эр: Ким экан у паст?
Аёл: Ким бўларди!?. Ўша бошлиғингиз Норим Тўраевич-да.
Эр: Вой, номард, мен унга совға танлаб ўтирибман-а. Бўлди, хотин, топдим, ўша пойма-пой туфлини совға қиламан.
Аёл: Ўзи совға қилган нарсани ўзига қайтарсангиз, қандоқ бўларкан?
Эр: Зўр бўлади, жа жойига тушади.
Аёл: Яна ишдан бўшатиб юбормасин.
Эр: Бўшатиб юборса ҳам майли, энди билдим, хотинжон, унинг кимлигини…
Умид ИКРОМ
Манба: Hordiq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг