Ёзнинг жазирама кунлари. Cоат миллари тобора югургилаётгани, вақт эса алламаҳал бўлганига қарамай, Улуғбекдан ҳамон дарак йўқ эди. Маржона қизларини ухлатиб, барча юмушларни тугатди ҳамки, дарвоза очилиб, остонада Улуғбек кўринди.
— Ассалому алайкум! Бунча ҳаялладингиз? — эрига пешвоз чиқди Маржона.
— Роса чарчадим. Бугун чойхонам бор эди, болалар қўйишмади, — деди Улуғбек костюмини хотинининг қўлига тутқазаркан. — Ойим қани?
— Ухлаб қолди ойим.
Эр-хотин у ёқ-бу ёқдан бирпас гаплашган бўлишса-да, аммо чарчоқ, барибир, ўз кучини кўрсатиб, Улуғбекнинг кўзлари юмилди. Тун ярмида Улуғбек қўрқинчли туш таъсириданми ёки алаҳсирадими, хуллас, бақирганча уйғониб кетди.
— Маржона, сув олиб кел! — деди Улуғбек кўксига туф-туфлаб қўйгандан сўнг.
Бироқ хотинидан жавоб бўлмади.
— Маржона, турақол, сенга айтяпман!
Тағин жавоб бўлмагач, ёнбошига эгилиб, кўрпани кўтарди. Аммо Маржона ўрнида йўқ эди. Улуғбек уни ошхонага чиққандир, деб хаёл қилди ва бошқаларни уйғотиб юбормаслик учун ўзи ошхона томонга ўтди. Бироқ ошхонада ҳам хотини йўқ эди. Сўнг у болаларнинг хонасига борди. Йўқ, болалари пишиллаганча ухлаб ётишарди. Дастлаб Улуғбек ҳайрон бўлди. Кейин ҳаммаёқни айланиб чиқиб ҳам хотинини тополмагач, кўнглини ваҳима, хавотир, ғулғула эгаллади.
Ахийри онасининг хонасини тақиллатишдан бошқа чораси қолмади.
— Ойи… ойи…
— Ҳа, болам! Нима гап? Тинчликми?! — хавотир аралаш сўради ичкаридан бошига рўмолини илиб чиқаётган онаси хавотирланиб. — Ўтакамни ёрай дединг-ку, ваҳиманг қурсин!
— Маржона йўқ!
— Нега йўқ бўлади? Ҳаммаёқни қарадингми?
— Қарадим. Йўқ, ойи, йўқ-да…
— Вой ўлмасам! — дея шўрлик онанинг ҳам ҳайрати ваҳима билан қоришди. — Қаерда бўлиши мумкин? Шошмасдан ҳаммаёқни қара. Хаёл ёки чарчоқ билан бирор ёқда ухлаб қолгандир.
Шу пайт оғилхонадан сигирларнинг мўрагани эшитилди-ю, Улуғбек онасига ўгирилди.
— Балки, молхонададир. Сигирларни соғишга ўтдимикин?
— Соат уч бўлди. Маржона сигирларни бешларда соғарди.
Улуғбек онасининг изоҳига ҳам қарамай, оғилхонага қараб юрди.
Улуғбекнинг бақиришидан Мастона ая чўчиб тушди ва оёғини қўлга олганча оғилхонага югурди. Эшикка суяниб қолган ўғлининг елкаси оша келинини кўрди-ю, турган жойида ҳайкалдек қотди.
Марҳумани пешинга чиқаришди. Жанозага йиғилган тумонат одамнинг бари ёқасини ушлаган, ҳамма ҳайрон эди. Тўғри-да, ўзини энг бахтли инсонлардан санайдиган аёл ўз жонига қасд қилиб ўтирса, ким ҳам ажабланмасин?
Маржонанинг онаси Нафиса аянинг йиғиси оламни ларзага келтирди.
— Болам, жоним болам! Гулдай қизларингни, ота-онангни кимга ташлаб кетдинг, жоним болам?!
Маржонани олиб чиқиб кетишаётганида Нафиса ая жудоликни кўтаролмай ҳушидан кетиб йиқилди. Уни тезда шифохонага олиб кетишди.
* * *
Маржонани тупроққа қўйиб, расм-русумлар адо этилгач, йиғилганлар қабристонни бирин-кетин тарк эта бошлади. Фақат Улуғбеккина кетишни хаёлига ҳам келтирмас, ерга мук тушганча хотинининг қабрига термилиб, унсиз йиғларди. Хаёлида «Нега? Нима учун?!» деган саволлар ғужғон ўйнар, аммо жавоб йўқ эди. Оғайнилари уни зўрға уйига олиб келишди.
— Ўғлим, бир пиёла чой ичиб оласанми? — остонада туриб ҳайиққанча сўради онаси.
— Ойи, нега бундай бўлди, нимага?! — йиғламсиради Улуғбек ичкарида хотинининг суратига тикилиб ўтирганча.
Шундоғам юраги тилка-пора она ўғлининг саволига жавоб беролмай, рўмолининг учига кўз ёшларини артганча ортига қайтди. Ўша оқшом Улуғбекнинг кўзига уйқу келмади. Аччиқ кўз ёшлар-у, аламли дарди билан тонгни қарши олди.
Эртасига тағин одамлар йиғилди. Улуғбек эшик олдида турганча келиб-кетганларни қарши олаётган бўлса-да, аммо хаёли олисларда, миқ этган товуши ҳам чиқмасди. Шу тоб Маржонанинг укаси Азиз поччасининг олдига келди.
— Ойим яхшими? — деб сўради Улуғбек қайнукасидан.
— Ҳозир бироз яхши. Юраги кўтаролмаган экан. Жонлантириш бўлимида ётибди.
— Аллоҳ шифо берсин!
— Почча, нимага бундай бўлди-а? Бирон нарса денг, нима деб ўйлайсиз? Ҳар қалай, опам ҳаётидан мамнун эди. Оилаларингиз ҳавас қилгудек эди, почча!
— Кошкийди менда жавоб бўлса, ука, кошкийди. Жавоб ахтариб ақлдан озай деяпман-ку.
* * *
Маросимлар ўтди. Бу орада Улуғбек ва Мастона ая шифохонага бориб, Нафиса аянинг ҳолидан хабар олиб келишди. Шўрлик Нафиса ая фақат бир нуқтага тикилиб ётар, на гапира олар ва на бир луқма овқат ўтарди томоғидан.
Мастона ая шифохонадан кела солиб овқатга, уй ишларига уннади. Улуғбек тағин ўз хонасига қамалиб, хотинининг суратига термилганча у билан ғойибона суҳбатлаша бошлади. Шу алфозда қанча ўтирганини ўзи ҳам сезмаган.
Улуғбек.Онасининг хитобидан ўзига келди.
— Ўзингни асра, болажоним…
— Нима қилай, она? Нега, нимага деган саволлар истасам-истамасам тинчлик бермаяпти. Ич-этимни еб боряпти, ахир.
— Биламан, болам, биламан. Шўрлик…
Мастона ая у ёғини гапиролмади. Тағин ҳиқиллашга тушди.
— Эсингиздами, она, — деди Улуғбек худди ўзи билан ўзи гаплашаётгандек деярли пичирлаб, — Маржонанинг янги келин бўлиб тушган кезлари. Фаросатлигина, доногина дердингиз. Ўзи ёш болага ўхшарди.
— Ҳа, лекин чаққонгина, ҳам пазанда, ҳам қўли гул тикувчи эди. Худойим унинг сабрини кўп синади. Беш йил фарзанд бермаган бўлса, кейинчалик ҳомиласи нобуд бўлди. Саккиз йил, саккиз йил деганда она бўлди шўрлик. Худойим унинг қийноқларига малҳам қилибми, эгизаклар билан сийлади. Озмунча қийналмади. Улар туғилганида бирам хурсанд эдики… Энди бўлса, болалари ҳали уч ёшга тўлмасдан гул етим бўлиб қолишди…
Мастона ая гапираётиб йиғлар, ўзини қўлга ололмаётганди. Улуғбекнинг кўз ўнгидан эса онаси гапиргани сари ўша воқеалар жонланарди.
Уларнинг суҳбатини Наргизанинг овози бузди:
— Ойи? Ака? Қаердасизлар?
— Ҳа, болам, нима бўлди? — ўрнидан туриб қизига пешвоз чиқди она.
— Қуда холам оламдан ўтибди, — деди Наргиза ер чизиб. — Юраги дош беролмабди.
— Вой, шўрим!
* * *
Орадан тўрт ой ўтди. Марҳуманинг болаларига қайнсинглиси Наргиза билан Мастона ая қарашар, Улуғбек эса хонасига қамалиб оладиган одат чиқарганди. Унинг руҳий ҳолати онасини изтиробга соларди. Улуғбек ҳатто ишга ҳам чиқмай қўйганди…
Ҳаммаёққа нур таратиб қуёш ҳам чиқиб келди. Ҳозиргина мол-ҳоллардан хабар олган она нонушта ҳозирлашга тушган эди ҳамки, хонасидан чиқиб келган ўғлини кўриб, чиройи бироз очилгандек бўлди.
— Ассалому алайкум, она!
— Ваалайкум ассалом, кел, болам, нонушта қиламиз.
— Йўқ, кеч қоляпман, ишга боришим керак.
Улуғбек ғишт заводида бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Заводга яқин қолганида йўл устида кўзга ташланиб турган қабристонни кўрди-ю, оёқлари беихтиёр ўша томонга йўналди. Аёлининг қабри бошига етганида ҳайратда қолди. Бир йигит кўзида ёш билан фотиҳа тортди-ю, ўрнидан турди. Улуғбек дастлаб адашган бўлса керак, қайсидир яқинини зиёрат қилмоқчи бўлган, деб ўйлади. Аммо сўнг қабртошга кўзи тушиб, чидаб туролмай, йигитнинг йўлини тўсди ва:
— Кимсан?! Хотинимнинг қабри бошида нима қиляпсан?! — деб сўради кўзлари ёниб.
— Ўзингизни босинг, ака, ҳозир тушунтириб бераман. Нотўғри тушунманг, мен Маржонанинг синфдошиман…
Улуғбек у йигит билан қабристондан чиққач, холироқ жойга ўтди. Синфдошиман деган йигит, афтидан, нималарнидир гапиргиси келар, ҳар гал тараддудланар, аммо Улуғбекка кўзи тушгач, тағин фикридан қайтгандек ерга қараб оларди. Шу алфозда бироз фурсат ўтди. Ниҳоят, йигит гапиришга қарор қилди.
— Бир пайтлар Маржона билан синфдош бўлганмиз, — дея ҳикоясини бошлади у. — У жуда самимий, оқкўнгил, азбаройи уятчан қиз эди. Уни яхши кўрардим.
Шу гапни айтиши билан йигит суҳбатдошига қаради. Жаҳли чиқиб, портлаб кетса керак, деб ўйлаганди. Аммо Улуғбекнинг кўзлари бир нуқтага қадалган, ияклари қалтирар, бироқ ҳеч нарса демасди.
— Унга бу ҳақда ҳеч қачон айтолмаганман, — деди йигит. — Унинг дилини оғритиб қўйишдан, кейин юзкўрмас бўлиб кетишдан чўчирдим. Мактабни тамомлаган йилимиз у ўқишга кирди, мен келаси йили ҳарбий хизматга кетдим. Қайтганимда унинг тўйи бўлган экан. Бор гап шу. Унинг ўлими ҳақидаги хабар мени эсанкиратиб қўйди. Маржона ҳақида ноўрин ва нотўғри хаёлларга борманг!
— Бу ерга тез-тез келиб турасанми? Бизни ўйламадингми? Ақалли марҳуманинг охиратини-чи?
— Бу ерга биринчи келишим. Ўзим юқори қишлоқда тураман. Оилам, фарзандларим бор. Бир ният қилгандим, холос.
— У ҳам сени севармиди? — деб юборди Улуғбек ўзи билмаган ҳолда.
— Йўқ.
— Бу ерда сени бошқа кўрмай!
Йигит бошини силкиди. Сўнг индамасдан кета бошлади. Улуғбек эсанкираб қолган, ишга борганида ҳам, уйга келганида ҳам йигитнинг гаплари ҳақида ўйларди.
«Ўзинг тўғри йўлни кўрсат, Тангрим!» дея кечга томон ҳовлига чиқиб, бирпас сўрига чўзилди. Мастона ая ёнига келиб, ҳол-аҳвол сўраганида Улуғбек ҳаммасини айтиб берди.
— Ёмон хаёлларга борма, болам! Келиним раҳматли фариштадеккина аёл эди. Бемаъни ўйларга борма, хўпми?
Улуғбекнинг кўзи тонгга яқин илинди. Туш кўрди. Маржона оппоқ либосда, аммо юзини яширган кўйи дарахт тагида ўтирган экан.
— Маржона?! Менга қара!
— Йўқ…
— Уйга юр, ҳамма кутяпти сени.
— Мен энди бормайман.
— Тўхта, тўхта!
Улуғбек уйғониб кетди. Тура солиб юз-қўлларини ювди. Нонуштага ўтирганида онасига тушини айтиб берди.
— Бемаъни ўйларга борганинг ёқмаган унга, кўрдингми? — оҳиста уришиб қўйди онаси. — Кел, чойингни ичиб ол!
Улуғбек ишга бораётиб, йўлда яна хотини ҳақида ўйлади. Ўша куни бозорга тушмоқчи эди. Нима олишини эса сир тутган. Нима бўлиши мумкин, дея ўйлаб-ўйлаб ўйига етолмагач, марҳуманинг уйига, укаси Азизга қўнғироқ қилди.
— Сенда бир ишим бор эди, Азиз. Яхшиси, кўришиб гаплаша қолайлик, — деди Улуғбек салом-аликдан сўнг муддаога кўчиб.
Улар келишилган вақтда, келишилган жойда кўришишди.
— Биласанми, Азиз, Маржона ўша куни сизларникига меҳмонга бормоқчи, сўнг бозорга тушмоқчи эди.
— Биламан, келганди.
— Бозорга-чи?
— Бозорга ҳам тушди. Фақат болалар хархаша қилавергани учун ойим болалар билан қолди.
— Маржона ким билан кетди?
— Ойдин билан. Холаваччам.
Улар Ойдинни излаб боришди. Эшикни Ойдиннинг ўзи очди.
— Келинглар! — деди Ойдин уларни ичкарига таклиф этиб.
Улар ичкарига киришди.
— Маржона вафот этган куни сиз билан бозорга тушган экан, — деди Улуғбек дастурхон устида.
— Ҳа, бозорга боргандик, — деди Ойдин ҳайрон бўлиб.
— Нима сотиб олмоқчи эди?
— Болаларга кийим-кечак, — елка қисди Ойдин ҳалиям ҳеч нарсага тушунолмаётгани учун. Сўнг бир Азизга, бир Улуғбекка қаради-да, давом этди. — Олдин шифокорга кўринайлик, деб туриб олди. Сўнг у ердан чиққач, ҳаммаси жойида экан, деди. Кейин бозорга тушдик. Лекин у менга битта мактуб бераман, эгасига топширасан, деганди. Аммо бермади, улгурмади раҳматли.
— Эгаси ким бўлиши мумкин?
— Билмадим.
Ўша куни Улуғбек деярли сой бўйида тонг оттирди. Қандай мактуб ва эгаси ким бўлиши ҳақида ўйлайвериб ақлдан озай деди. Уйига келиб, тўғри хонасига йўналди. Мактубни излашни дастлаб ўз хонасидан бошлади. Кўп изланмади ҳам. Мактуб ёстиқнинг астари ичидан чиқди. Мактубда қуйидагилар ёзилганди:
«Бегим, бу мактубни ўқиётганингизда мен ёнингизда бўлмайман. Ёлғончи дунёни тарк этган бўламан. Мактубни Ойдинга бермоқчи бўлдим, лекин дил дардларимни ўзингиз топиб ўқишингизни лозим топдим.
Биламан, бегим, мен бундай яшамаслигим керак эди, аммо иложсиз эдим. Сиз билан бахтли эдим. Агар Тангрим қайта умр берса, сизни деган бўлардим. Сизни хурсанд қилиш учун ўғил фарзанд ато этмоқчийдим. Табиийки, буни сизга айтмадим. Қарши чиқишингиздан қўрқдим. Шундоғам ойижонни зўрға кўндиргандим. Шифокорга сиздан яширинча қатнадим.
Аввалига ҳаммаси яхши эди. Бир курс даволаниб бўлганимдан сўнг ўзимни ёмон ҳис эта бошладим. Мен бундан хурсанд бўлдим. Мендаги ўзгариш эса вақт ўтгани сари ортаверди. Охирги натижалар эса…
Менда ОИТС аниқланибди. Қон билан боғлиқ. Аниқроғи…
Ойдинга ҳеч нарса дея олмадим. Уйга қайтиб, роса ўйладим. Бу иснодни энди қатнай кўтараман, сизга қандай айтаман? Эҳтимол, Яратганнинг хоҳишига қарши чиққаним учун жазолангандирман. Жуда-жуда яшагим келяпти. Лекин бу исноддан сизни халос этгим келди. Барибир, узоғи билан бир неча йил яшардим, холос.
Сиздан ягона илтимосим, аввало, мени кечиринг! Болаларимни етим қолдирманг, бирорта оқила аёлга уйланинг! Мактуб эса сиримиз бўлиб қолсин. Сизни севаман…»
Улуғбек мактубни қўллари титраб, кўзлари ёшланиб ўқиди. Тонггача ухламади.
Орадан йиллар ўтса-да, Улуғбек бошқа уйланмади. Онаси ҳар қанча ялиниб-ёлвормасин, у, барибир, кўнмади. Марҳума аёлига содиқ қолди…
Маъпура МИРҚОСИМОВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Европа Чемпионлар Лигасининг 5-турида қандай натижадар қайд этилди?
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди