Мбаппе жароҳат олди: "Реал" ҳужуми учун хавотирли сигнал бу...

"Реал Мадрид"нинг етакчи ҳужумчиси Килиан Мбаппе Ла Лиганинг 32-туридан ўрин олган "Бетис"га қарши баҳсда жароҳат олди ва учрашувнинг сўнгги дақиқаларида майдонни тарк этишга мажбур бўлди.
Клуб матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, 27 ёшли франциялик форварднинг чап оёқ сон орқа қисми мушакларида зўриқиш қайд этилган. Бу каби жароҳатлар одатда тикланиш учун маълум вақт талаб қилади ва футболчининг кейинги ўйинларда иштирок этишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу мавсумда Килиан Мбаппе “қаймоқранглилар” сафида жуда юқори самарадорлик намоён этмоқда. У барча турнирлар доирасида 41 та учрашувда майдонга тушиб, 41 та гол ва 6 та голли узатма билан жамоанинг асосий голеадорига айланди. Унинг бундай статистикаси жамоа ҳужум чизиғида ҳал қилувчи роль ўйнаётганини яққол кўрсатади.
Айни пайтда футболчининг жароҳати қай даражада жиддий экани ва тикланиш муддати борасида аниқ маълумотлар ҳали очиқланмаган. Қўшимча текширувлардан сўнг клуб томонидан расмий баёнот берилиши кутилмоқда.
Қисқача айтганда," Реал Мадрид" учун бу ҳолат жиддий сигнал бўлиши мумкин. Мавсумнинг ҳал қилувчи босқичи яқинлашаётган бир пайтда Мбаппенинг ҳолати жамоа натижаларига бевосита таъсир қилиши эҳтимолдан холи эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!