Франция ва Британия Ормуз бўғозида кемалар хавфсизлигини таъминлайди

Франция ва Буюк Британия Ормуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўпмиллатли ҳарбий-денгиз миссиясини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши жанговар ҳаракатлари дунёдаги энг муҳим савдо йўлларидан бирида ҳаракатланишни қийинлаштиргани сабабли Европа давлатлари ушбу чорани кўришга мажбур бўлмоқда. Лондонда ўтган музокараларда 30 га яқин давлат вакиллари Форс кўрфазида савдо кемаларини ҳимоя қилиш режасини муҳокама қилди. Бу ҳақда Dw.com хабар беради.
Янги миссия фақат мудофаа характерига эга бўлиб, у қуруқликдаги объектларга зарба беришни назарда тутмайди. Операциянинг асосий вазифаси савдо кемаларини ракета, дрон ва тезюрар қайиқлардан ҳимоя қилишдан иборат. Германия, Франция ва Буюк Британия ҳарбий юкнинг асосий қисмини ўз зиммасига олиши кутилмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц миссия учун аниқ ҳуқуқий мандат зарурлигини таъкидлади. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Ўрта ер ва Қизил денгиздаги кучларнинг бир қисми, жумладан «Шарл де Голл» авиашаштаси ушбу операцияга йўналтирилиши мумкинлигини билдирди.
Экспертларнинг фикрича, фақат ҳарбий куч ишлатиш билан Ормуз бўғозида барқарорликка эришиб бўлмайди. Тўлиқ хавфсизликни таъминлаш учун Эрон билан дипломатик келишувга эришиш зарур. Ҳозирда Европа давлатлари Ҳиндистон ва Жанубий Корея каби мамлакатларни ҳам коалицияга жалб қилишга уринмоқда. Шу билан бирга, Ҳиндистон, Покистон ва Хитой ўз кемаларининг хавфсиз ўтиши бўйича Эрон билан икки томонлама келишувлар тузишга ҳаракат қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!