Сокин қотилга қарши: юқори қон босимини туширувчи 7 маҳсулот...

Юқори қон босими — тиббиётда Гипертония сифатида танилган ҳолат — кўпинча “сокин қотил” деб аталади. Сабаби оддий: у йиллар давомида белгиларсиз кечиб, организмга секин-аста, лекин жиддий зарар етказади. EatingWell нашри таъкидлашича, бу касалликни назорат қилишда овқатланиш тарзи ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) маълумотларига кўра, ҳар иккинчи катта ёшли инсонда қон босими билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шу боис мутахассислар босимни табиий равишда барқарорлаштиришга ёрдам берувчи маҳсулотлар рўйхатини тавсия қилмоқда.
Аввало, банан энг оддий, аммо самарали вариантлардан бири ҳисобланади. У калийга бой бўлиб, организмдаги ортиқча натрийни чиқаришга ёрдам беради ва қон томирлардаги босимни енгиллаштиради. Бу айниқса қон босими юқори бўлганлар учун муҳим.
Ловия, нўхат ва ясмиқ каби дуккаклилар эса нафақат тўйимли, балки томирлар учун фойдали. Улар таркибида магний ва махсус клетчатка мавжуд бўлиб, артериялар эластиклигини сақлашга хизмат қилади. Илмий тадқиқотлар ҳам ўсимлик оқсили юрак фаолиятини енгиллаштиришини тасдиқлайди.
Йогурт ҳам рационда муҳим ўрин тутади. Ширинликсиз табиий йогурт кальций, магний ва калий каби учта асосий минерални ўз ичига олади. Шу билан бирга, пробиотиклар ичак микрофлорасини яхшилаб, умумий саломатликка ижобий таъсир кўрсатади.
Тарвуз эса табиий “қон томир кенгайтирувчи” маҳсулот сифатида ажралиб туради. Ундаги аминокислоталар томирларни кенгайтиради ва босимни табиий равишда пасайтиради. Илмий тадқиқотлар уни мунтазам истеъмол қилиш систолик босимни барқарорлаштиришини кўрсатган.
Сули ёрмаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. У бета-глюкан деб аталувчи махсус толаларга бой бўлиб, холестеринни ва қон босимини бир вақтда пасайтиради. Бу эса инсульт хавфини камайтиришда муҳим омил ҳисобланади.
Қорағат (черника) таркибидаги антоцианлар эса кучли антиоксидант ҳисобланади. Улар қон томирлар ички қатламини мустаҳкамлаб, қон айланишини яхшилайди. Ҳатто кичик порциядаги истеъмол ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Апельсин шарбати эса гесперидин моддаси туфайли юрак-қон томир тизимига фойдали таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уни нонуштага қўшиш енгил гипертония ҳолатида аҳволни яхшилаши мумкин.
Муҳими, бундай тавсиялар умумий ахборот мақсадида берилади. Ҳар қандай қарор қабул қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш энг тўғри йўл ҳисобланади.