08:30 / 31.07.2018
6 738

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (19-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (19-қисм)
Энди вақтинчалик Александр айтган гапларни унутиб, арманидан қандай ўч олиш ҳақида бош қотирардим. У тарафга ўғринча назар солганим сайин аъзойи баданим қасос ўтида ёниб, вужудим титрарди.

— Қанийди бир баҳона топилса-ю, — ўйлардим. — Шу ярамасни ер билан яксон қилсам! Ахир, яқиндагина у мени ўлдирмоқчи бўлди. Бу ишини ошкора амалга оширишга уринди. Қандай кечирай бу нусхани? Ҳақиқий аристон бундай хатони қон билан ювади. Фақат қон билан.

Бир маҳал камера эшиги шарақлаб очилди-ю, ичкарига назоратчи ва майор Самойлов қандайдир соқчи аскар ҳамроҳлигида кириб келишди.

— Қани, каллакесар, ўғри! — майор тўппа-тўғри Арсеннинг тепасига бориб қичқирди. — Тез деворга орқанг билан ўгирил! Тез бўл дедим! Сен нега қараб турибсан! Ё махсус таклиф керакми?

Мен ҳам Арсеннинг ёнидан жой олдим.

— Соат қани? Қани соат? — ўшқирди майор Арсенга. — Нега индамайсан? Нега топширилган нарсани қайтадан ўғирлаб олдинг? Нима ҳақинг бор эди, ифлос? Қани деяпман?

— Кўрпа остида. — норози оҳангда жавоб берди Арсен боши билан каравот томон ишора қилиб. — Лекин… Камандир… У менга эсдалик эди.

— Мен кўрсатиб қўяман эсдаликни!..

Майор кўрпа остидан ярқираган қўл соатини олиб чўнтагига солди. Арсен эса бир муддат сукут сақлаган бўлди-да, кутилмаганда ортга ўгирилиб, майорнинг ёқасига ёпишди.

Соқчи ва назоратчи бараварига уни чарм таёқ билан савалай кетишди. Арсенга бу калтаклар ҳам таъсир этмагандек, Самойловни маҳкам бўғиб турарди.

Йўқ, барибир таёқлар устун келди. Кетма-кет келиб тушган зарбалар Арсенни йиқилишга мажбур этди. Соқчи шу заҳоти унинг қўлларини кишанлаб, қўлтиғидан олди-да, ташқарига олиб чиқиб кетди.

— Карцерга! — хириллаб қичқирарди майор. — Уни карцерга қама!..

* * *
Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетганди. Александр «учрашув»ни эртанги кунга қолдирди. Мени тушга яқин майор Самойлов ҳузурига олиб киришди.

Ҳойнаҳой, армани унинг томоғига шикаст етказганга ўхшарди. Дока билан бойлаб олибди.

— Сен ўтир, ўтир! — қаршисидан жой кўрсатди майор. — Чекасанми?

— Йўқ, раҳмат! — дедим қовоғимни уйиб.

— Унда сенга топшириқ бор. — гап бошлади майор кабинет эшигини ёпиб келиш асносида. — Буниси анча қалтис.

— Айтаверинг! — дедим хотиржамлик билан. — Мен учун ишнинг қалтиси бўлмайди.

— Кўрдинг-а, анави кавказликнинг нима қилганини?!. Жуда ҳаддидан ошиб кетибди!

— Кўр эмасман.

— Ўшани…

Майор қулоғимга нималар қилишим лозимлигини уқтира бошлади. Уни охиригача тинглагач, секин ўрнимдан қўзғалдим.

— Эвазига бир илтимосим бор. — майорга тик боқдим. — Ўзингиз ваъда бергансиз…

— Сўрайвер! Нима истайсан?

— Уёқда ўтирганимда Елена исмли аёлни ёқтириб қолгандим. Ўша билан учрашув уюштириб берасиз.

— Елена?.. — майор бироз ўйланиб қолди. — Ким ўзи? Аристонми?

— Йўқ, у аёл турмада врач эди. Кейин ишдан бўшаб кетди. Хуллас… У билан учрашишни хоҳлардим.

— Яхши, хотиринг жам бўлсин. Буни ташкил қилса бўлади. Бироқ… Менинг топшириғим бугундан… Йўқ, ҳозирдан қолмасин!.. Ими-жимида ҳаракат қил!

— Буёғини менга қўйиб бераверинг! — айёрона кўз қисдим. — Айтганингиздан ҳам зиёда бўлади.

— Бўпти, бор, мен назоратчига тайинлайман!..

* * *
Кейинги кунларда назоратчи ҳам менга қўполлик қилишни йиғиштириб, юмшоқ муомалада бўла бошлаганди. Айниқса, ҳозир унинг муносабати буткул бошқача тус олди. Йўлак бўйлаб бориб, камералар томон бурилганимизда, назоратчи тўхташга буйруқ берди.

— Бор, тезроқ қимирла! — деди у йигирма қадамча нарида полга нималарнидир сепиш билан банд аристонларни кўрсатиб.

Пайқадим. Улар каламушга қарши дори сепишяпти. Демак, шу дорилардан бир ҳовучини чўнтакка жойлашим зарур. Шундан сўнг карцерга йўл оламан. Менга атиги ярим соат вақт белгиланган. Раҳбарлар ҳидланиб қолмасликлари учун шошилишим шарт.

Ўйлаб ўтирмай, югурганча бориб майда тошдай келадиган дориларнинг бир ҳовучини чўнтагимга урдим-у, ортга қайтдим.

— Энди қадамингни тезлат! — деди назоратчи эҳтиёт шарт уёқ-буёққа қараб олиб. — У ердаям узоқ қолиб кетма! Айтиб қўяй, ортиқча бақир-чақирлар бўлмасин! Нақ калламиз кетади.

— Хавотир олма, начайлик!

* * *
Карцернинг бетон супасида Арсен қунишганча ўтириб, сигарет тутатарди. Мени кўрди-ю, қўлидаги сигаретни ерга ташлаб, ўрнидан турди.

— Салом, дўстим! — совуқ кулимсираб унга яқин бордим. — Зерикиб қолмадингми?

— Нега келдинг? — тўнғиллади Арсен норози оҳангда.

— Сенга ҳамроҳ бўлишни буюришди. Мана, келдим!

— Ўлдирадиган бўлсанг, гапни айлантирмай айтавер! — деди Арсен аста-секин ортга тисланиб. — Сени ичи қора деб сира ўйламагандим.

У беихтиёр бақира бошлади:

— Келишиб кетардик, Мурод! Эшитдингми, келишиб кетардик!

— Кечириб қўясан! — шошилмасдан бориб Арсеннинг иягидан тутдим. — Худо кечиради. Мен бўлсам, Худо эмасман. Сенга ўхшаган оддий аристонман.

Қорни аралаш берилган иккита зарбадан сўнг Арсен букчайганча оёқларим остига ўтириб қолди. Фурсатни қўлдан бермаслик учун куч билан томоғидан чангаллаб олдим-да, бир қўлим билан чўнтагимдаги дорилардан олиб Арсеннинг оғзига тиқа бошладим.

У зўр бериб қаршилик қилишга уринар, фақат кучи етмасди.

Дориларни едириб бўлгач, чўнтагимдаги сочиқ билан оғзини маҳкам бойладим ва елкасидан босиб туравердим.

Арсен тинимсиз ўқчир, кўзлари чақчайиб, нуқул силкинарди.

Шу кўйи орадан икки дақиқача вақт ўтди. Арсен ўқчишни бас қилиб фақат силкиниш билан кифояланиб қолди. Нафас олиши ҳам борган сари секинлашиб, ранги кўкимтир тусга кира бошлади.

— Ҳозир ўласан, — умримда илк бор жон бераётган одамга алам аралаш тикилиб шивирлардим. — Узоқ вақт қийналишингга йўл қўймайман. Вақтим ҳам йўқ. Фақат мендан хафа бўлма. Шундай бўлиб қолди. Ҳаммасига ўзинг айбдорсан. Менинг кўнглимни қолдирмаслигинг лозим эди. Алвидо!..

Ҳаммасини кўнгилдагидек амалга оширган эдим. Арсен ортиқча товушларсиз жон берди. Танасида бармоқ изларим ҳам қолгани йўқ. Текширишса, ҳеч бир зўрлаш, қийнаш аломатларини топа олишмайди. Жуда борса, юрак хуружи деган ташҳис қўйишади.

Шуларни ўйлаб, ташқари эшикка йўналдим. Шу тобда негадир икки елкам оғирлашиб, билакларимда номаълум оғриқ турди.

* * *
Бу нима эди ўзи? Нега оғирлашдим? Адашмасам, Арсен бирор еримга зиён етадиган ҳаракат содир этмаганди. Ҳатто, билагимни чангаллаб ҳам кўкартира олмади. Кучи етмади. Унда нега елкам, билакларим оғриб боряпти? Нима сабабдан ўзимни кўксимнинг аллақаерида оғир юк кўтариб турган каби ҳис эта бошладим? Нима ўзи бу? Наҳотки, касалим қўзғай бошлаган бўлса? Йўқ, бу касал эмас. Қачонлардир Нина хола айтгувчи эди. Мурданинг юки бўларкан. Оламдан ўтган одамни кўтарганда, кўтаргувчини юк босиб ўзини лоҳас сезаркан. Мен-чи? Кўтармадим-ку! Аксинча, ўлдирдим. Ё армани жон бераётиб қарғадими мени? Билмадим… Шунча қотилликларга қўл уриб бунақасини кўрмагандим. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек битар, мен ишни битирибоқ тескари ўгирилганча кетаверардим. Бу гал-чи? Нимага ўйга толдим? Юрагим ғаш тортиб, танамда лоҳаслик аломатлари зоҳир бўлди? Қўрқоқ бир бандага айланиб қолдимми? Кўнглим юмшадими? Қалбимда шафқат ҳисси уйғондими? Йўқ, бундай бўлмайди! Ўзим кўрмаган шафқатни қандай қилиб бошқаларга улаша олардим?!. Бу чарчоқ шекилли. Руҳан чарчаса шундай ҳолатга тушади одам. Ҳа, ухлашга ҳаракат қиламан. Тиниқиб ухласам, енгил тортаман. Ҳаммаси унут бўлади. Ухлашим керак… Ухлашиб шарт…

* * *
Кўзим илиндими, ё илинмадими, эслай олмайман. Тўрт томони темир панжаралар билан ўралган гулзорда пайдо бўлдим. Гулзор ўртасида қотиб турган кўйи бепоён адирга боққанча кимнидир кута бошладим.

Теварагимда турли сайроқи қушлар хониш қилар, бошқа товуш қулоғимга чалинмасди.

Бир маҳал қип-қизил кийимда таниш бир чеҳра соҳиби адир тарафдан менга қараб кела бошлади. У кимсанинг юзлари ҳам қон рангида эди. Ҳар қадам ташлаганда, теварак зириллаб кетарди.

— Бекор қилдинг шу ишни! — кутилмаганда ҳайқирди у кимса. — Бекор қилдинг! Бекор қилдинг!

Ҳайқириққа нималарнингдир тарақлагани, чийиллаган товушлар жўр бўлди.

Юрагим ҳаприқиб, нафасим бўғзимга тиқилди. Қочишга тутиндим. Бироқ оёқларим жойидан жилмас, ўзимга номаълум бир куч олдинга босишга қўймасди…

Шунда беихтиёр уйғониб кетдим-у, сакраб ўрнимдан турдим. Кеч тушиб, камерадагилар ишдан қайтишибди.

Қора терга ботган баданимни чойшабга арта-арта Женяга бақирдим:

— Ўлармидинг шовқинсиз кирсанг?..

Женя қовоғини уйганча индамасдан стол қаршисига ўтирди-да, папирос тутата бошлади.

— Оғзингга толқон солволганмисанлар? — қолганларга қичқирдим. — Ё салом беришни унутиб қўйдиларингми?..

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Бу манзара мени тамоман гарангситиб қўйганди. «Алаҳсираётганга ўхшайман» деган хаёлда крандаги сувда юз-қўлларимни чайдим. Бироз ўзимга келган бўлсам-да, камерадаги манзара ўзгармаганди. Аристонлар тескари ўгирилиб, ўзаро пичир-пичир қилишар, гўё мен бу ерда йўқ эдим.

— Гапирмайсанларми, аблаҳлар! — жазавага тушиб янада баландроқ овозда бақирдим уларга тахтадан ясалган столни тепиб. — Ўлдираман ҳаммангни, ўлдираман!..

— Биламиз, сен зўрсан! — ниҳоят тилга кирди Женя. — Ўлдириш ҳам, дўппослаш ҳам қўлингдан келади. Аммо биз ҳам сенга ўхшаган аристонмиз. Бўйнимизда озми-кўпми жиноят излари тамға бўлиб турибди. Сал ҳурматласанг, иззатласанг ёмон бўлмасди. Масалан, менинг ёшим сендан анча улуғ. Мурод, сен мениям ер билан битта қилиб ташлаяпсан. Ҳамма нарсаниям чегараси бўлади. Унутмагинки, қурбақани боссанг вақиллайди. Бир кун келиб менинг ҳам сабр-косам тўлиши мумкин.

— Менга барибир, — дедим Женянинг гапларидан таъсирланган бўлсам-да, паст туша бошлаганимни сездирмасликка уриниб. — Ёшинг улуғми, кичикми, бу сенинг ишинг! Бу ер турма! Ҳурматни очиққа чиққанингдан кейин бошқалардан талаб қил! Ҳозирча бу ерда мен камерани назорат қилиб турибман. Обидийдангни кўтармайман…

Шундай дедим-у, қайтадан каравотга чўзилдим ва деворга ўгирилиб кўзларимни юмдим.

Чамаси бир соатдан ортиқроқ ухлабман. Кимнингдир оҳиста турткисидан уўғониб кетдим. Тепамда ўғирлик туфайли қамалган Сакенбой исмли қозоқ аристон турарди.

— Нима дейсан? — сўрадим пардани нари суриб.

— Сизга бир гапим бор. — шивирлади у каравотларга бир-бир кўз ташлаб. — Афсусланмайсиз.

— Айт, нима гап ўзи?

— Сиз майорнинг ўлими билан қизиқаётгандингиз. — деди Сакенбой.

— Сен қаердан биласан? — унинг ёқасидан олиб ўзимга тортдим. — Тез гапир, ким айтди сенга бу гапни?

— Э, ака, анави куни қулоғимга чалинганди-да!..

— Хўш, нима дейсан?

— Биласизми, — янада секинроқ шивирлади Сакенбой. — Женя сизни алдаган ўша куни. Аслида майорнинг ўлимида ўзининг қўли бор.

— Нима?.. — бу гапни эшитиб ўрнимдан туриб ўтирдим. — Давом эт!

— Агар ишонмасангиз, сиқувга олинг! Ортидан кузатинг. У турмадаги қандайдир ертўлага тез-тез қатнаб туради.

— Ертўла? Нима қилади у ерда?

— Мен бунисини билмадим. Суриштирсангиз, ҳаммасини аниқлайсиз.

— У ҳолда ўзинг кузатасан.

— М-мен?.. — Сакенбой ортга тисланди. — Йўқ, мен… Қўрқаман…

— Қўрқасанми?.. Билиб қўй, ўзингни ўзинг тутиб бердинг. Энди фақат сен кузатасан Женяни. Агар гапинг исботланмаса, ўлдим деявер!..

Пайқадим. Сакенбой фақат менга яхшилик қилмоқчи, шу йўл билан ишончимга киришни истаганди. Мен бўлсам, уни чўчита бошладим…

Нима бўляпти менга ўзи? Нега ҳеч кимга одамгарчилик қила олмайдиган бўлиб қолдим…

Шу ўйлар билан билинар-билинмас титраётган Сакенбойнинг елкасига қўл ташладим.

— Қўрқма, — дедим унга. — Кузатишни бошлайвер! Иш битса, ўзим сени хурсанд қиламан!..
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (19-қисм)