11:55 / 13.09.2018
7 103

Номаҳрам... (25-қисм)

Номаҳрам... (25-қисм)
— Қани, тур ўрнингдан! — эрта тонгда камера эшиги очилиб ичкарига қўлида автомат билан кириб келган соқчи Матназарга буюрди. — Нарсаларингни йиғиштириб, олдимга туш!

— Тинчликми? — сўраган бўлди Матназар ҳайрон бўлиб.

— Тинчлик… Сени турма бошлиғи сўраяпти.

— Қизиқ…

Матназар шошилмасдан ўзига керакли нарсаларини йиғиштирди. Сўнгра Шодиёр отага юзланди:

— Ота, мени бошқа турмага олиб кетишмоқчи шекилли… Агар кўришолмасак, омон бўлинг! Мен сизни унутмайман!

— Ишқилиб, ўзингни эҳтиёт қил, йигит! Яхши бор…

Матназар соқчининг олдига тушиб ташқарига чиқди…

Турма бошлиғи баланд бўйли, кенг елкали, ёши қирқлардан ошган, серсоқол одам эди. Астойдил сигарет тутатиш билан банд. Остонада соқчини кўриб, ўрнидан турди.

— Олиб келдим! — ҳисобот берди соқчи ташқарига ишора қилиб.

— Ичкарига олиб кир! — буюрди турма бошлиғи. — Нега аммамнинг бузоғига ўхшаб бўшашасан? Тез бўл!

— Хўп бўлади!

Кўз очиб юмгунча Матназар бошлиқнинг кабинетида ҳозир бўлди. Бошлиқ унга бир муддат тикилиб турди-да, бош чайқаб қўйди.

— Омадинг бор экан, йигит! — деди ниҳоят Матназарга яқин келиб. — Мана, нечанчи марта турмага тушишинг! Ҳар гал қутулиб кетяпсан. Бунақаси кам бўлади.

— Тушунмадим, — елка қисди Матназар.

— Сен озодсан. Лекин ҳеч қанақа қоғозга имзо қўйишинг шарт эмас. Сабабини ўзинг билсанг керак… Сени уканг Мардонбек қутқариб оляпти. Шуни ёдингда тут! Ҳақиқий эркак экан уканг!

— Мардон? У қаерда?

— Ташқарида… Бор, кўзимдан йўқол! Билиб қўй, яна менинг турмамда пайдо бўлсанг, ўзингдан кўр! Жуда ёмон бўлади сенга…

— Тушундим, — Матназар югурганча ташқарига чиқиб кетди…

* * *

Турмадан чиқиб у ёқ-бу ёққа аланглаган бўлди. Анча наридаги толлар остида таниш машина кўринди. Ўша ёққа қараб юрди.

Ҳақиқатан, машинадан укаси Мардон қучоқ очганча пешвоз чиқди. Юзларида табассум, кўзлари чақнарди.

— Акажон, соғ-саломат бормисиз? — дея кўзларига ёш олди у Матназарни маҳкам бағрига босиб.

Матназарнинг ҳам кўнгли бўшаб кетганди. Укасининг елкасига бошини қўйганча силкиниб-силкиниб йиғлади. Хаёлида худди ёнларида онаси раҳматли тургандек, икковини астойдил дуо қилаётгандек туюлиб кетди.

— Укажон, ниҳоят бир-биримизни тушуниб етдик, — деди у кўз ёшларини артиб. — Шу пайтгача ёвлашиб келдик, дўст-душман орасида шарманда бўлганимизниям пайқамадик.

— Қўйинг, ака, ўша кунларни эсга олманг! Ҳаммаси ортда қолди. Мен оқ-қорани таниганга ўхшайман. Ҳаммасини кеча уйингизда ётиб обдон ўйладим. Ғирт аҳмоқ эканман. Мени опичиб катта қилган акам билан ёвлашиб юрсам, унга хиёнат қилсам… Кечиринг, акажон! Мен аҳмоқни кечиринг!

— Қўй, кечирим сўраб, юрагимни куйдирма! Менинг укам ҳамиша ғурури баланд йигит бўп қолиши лозим. Сен ҳеч қачон кечирим сўрама! Ҳаммаси Худонинг бизга юборган синови. Худога шукур, ўша синовлардан ўтиб, мана яна кўришиб турибмиз…

— Албатта, акажон! Бу ёғига бирга бирлашмасак бўлмайди. Ҳали қиладиган қанча ишлар турибди. Ўзингиз бош бўласиз…

— Бўпти, кетдик! Айтганча, Маржона келмадими?

Мардон оҳиста бош эгди.

— Нега индамай қолдинг? — қайтадан сўради Матназар. — Тинчликми ўзи?

— Э, ака, ўшанга бекор уйланибсиз, — тилга кирди Мардон.

— Нима бўлди ўзи?

— Унинг парвойигаям келгани йўқ. Пул йиғиш билан овора. Бирга бориб келамизми, деб сўрасам, лаб буришдан нарига ўтмади.

— Шунақа дегин? Бошида сезгандим ўзи… Бек аканинг раъйини қайтаргим келмаганди…

— Тағин нима дейди, денг?.. Мен унинг қўлида ишлаб қора дори сотармишман.

— Бекорларни айтибди. Энди бу ишларни йиғиштирмасак бўлмайди, ука! Яхшиликка олиб бормайди.

— Ака, ўшанда… Менинг ўрнимга кимни тинчитгандиларинг?

Матназар кулиб қўйди.

— Ҳа, энди… Бўпти, юр, уйга борайлик. Қолган гапларни ўша ерда гаплашаверамиз! Ҳали турмадан чиққанимни эшитса, Бек ака…

— Ака, илтимос, ўшанинг номини тилга олманг! Неча марта турмага тушган бўлсангиз, ҳаммасини ўша ярамас уюштирган. Сиз унинг қўлида қўғирчоқ бўп келгансиз, холос…

* * *

— Хўш, олдин қаерга борамиз? — сўради Матназар машинага ўтираркан. — Маржонани «зиёрат» қиламизми бошланишига?

— Қўйсангиз-чи, ўшани! — афтини буриштирди Мардон. — Кўришга кўзим йўқ. Яхшиси, қабристонга борамиз. Онамни зиёрат қиламиз.

— Ҳа, сен бирор мартаям у кишининг тепасига бормагансан, — деди Матназар. — Ақлинг киргани рост бўлсин! Айтганча, менга қара, келин уйдами?

— Қанақа келин, ака? Мен Қозоғистонга кетишим билан жўнаворибди онасиникига. Келдим-у, уйининг ўзида жавобини бервордим.

— Тўғри қипсан. Менгаям ёқинқирамаганди…

Машинада бир соатлар чамаси йўл босишгач, қишлоққа яқинлашиб боришди.

— Тўхтат машинани! — буюрди Матназар қишлоққа кираверишдаги таниш тўнгак устида ўтирган қарияга кўзи тушиб. — Анови чол негадир кўзимга иссиқ кўриняпти.

— Ботир дўкондор-ку, ака! Тиланчиликка ўтволган.

— Йўғ-э, наҳотки шундай одам тиланчилик қилиб ўтирса?

— Нима бўпти? Бир пайтлар ўзингиз ҳам…

Мардон қолганини айтмади. Чамаси, ўша пайтларда ўзи қилган ишлар эсига тушиб тилини тишлади.

— Қани, мен бир ҳол-аҳвол сўраб қўяй-чи!

Матназар пастга тушиб, дўкондорга яқин борди. Қария уни кўрди-ю, бирдан ранги бўзариб бошини эгиб олди.

— Ассалому алайкум, отагинам! — қўл узатди унга Матназар.

— Ваалайкум… — Ботир дўкондор ерга қараган кўйи бош силкиди.

— Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — атайин сўради Матназар. — Тинчликми?

Дўкондор лом-мим демади. Кўзларидан оқиб туша бошлаган ёшларни қўлидаги чит рўмолга артганча индамай ўтираверди.

— Ҳм-м… Мановини олиб қўйинг! Дуо қиларсиз!

Матназар унга битта мингталик пулни узатди. Аммо қўллари ҳавода муаллақ қолди. Дўкондор пулни унинг қўлидан олишни истамаганди.

— Нимаям қилардик? — Матназар шундай деди-ю, пулни тўнгакнинг бир четига қистириб машинага қайтди.

Ака-ука қишлоқ оралаб қабристон томон йўл олишди.

* * *

Ҳали тонг ёришиб улгурмай, Бек аканинг дарвозаси очилиб, ҳовлига Ҳусан ака кириб келди.

— Ҳой, Бек, қайдасан? Чиқ! Ташқарига чиқ тез! — бақирди у ҳовлининг ўртасига етганда. — Э, чиқа қолсанг-чи!

Бек ака ғафлат олган эканми, кўзларини ишқалаганча ташқарига чиқиб келди.

— Ҳа-а, намунча бақир-чақир қилмасанг азонлаб? Нима бўлди?

— Бек, уйимиз куядиганга ўхшайди! — хириллади Ҳусан ака. — Тезда бу ердан даф бўлмасак бўлмайди.

— Нега? Нима бўлди? Тушунтириброқ гапирсанг-чи!

Ҳусан ака сал ўзини босиб крандан сув ичган бўлди-да, давом этди.

— Орқамиздан мелиса тушган. Ҳали замон кеп қолишади. Агар вақт борида қочиб қолмасак, адойи тамом бўламиз. Қамашади бизни!

— Ким қамайди? Нега қамайди?

— Негалигини ўзинг яхши биласан. Шахсан Арслоновнинг ўзи йигитларини олиб йўлга тушганмиш!

— Арслонов?.. Ахир у…

— Ҳа, бизнинг пулларни еб-еб, энди тузоққа илинтирмоқчи ўша аблаҳ!

— Гаплашиб кўрмадингми? Балки, ҳаммаси қуруқ гапдир?

— Қанақасига қуруқ гап бўлади, Бек? Шундай буйруқ кепти, дейишяпти.

— Вой аблаҳлар-эй! Менга қара, биз шу пайтгача нега унга ҳақ бериб келдик? Ҳимоя қилиш қўлидан келади-ку!

— Билмадим. Хуллас, кўч-кўронингни йиғиштириб, тезроқ қуён бўлавер! Мен кетдим!

— Қаёққа? Тўхта, бирга кетамиз!

Ҳусан ака тўхтаб орқасига қайрилди-да, кулиб қўйди:

— Йўқ, Бек, энди йўлимиз бошқа-бошқа. Ҳар ким ўз жонини сақлаш ҳаракатида бўлаверсин! Хайр!

— Шунақами? Оббо сотқин-эй! Ҳали сенам мени сотиб кетмоқчимисан?

— Мен унақалардан эмасман. Хавотир олма! Мабодо қўлга тушган тақдиримдаям, номингни тилга олмайман.

— Қизим…

— Қизинг аллақачон қўлга тушибди. Менга шундай хабар келди. Ана ўшандан хавотир олсанг арзийди… Бўпти…

Шу тобда дарвоза ортида милиция машинасининг сирена товушлари эшитилади. Ҳусан ака жонҳолатда ўзини томорқа томонга урди. Бек ака эса аллақачон чердакка чиқиб беркинишга улгурганди.

* * *

Хуфтонга яқин Мардон акасининг уйига етиб келди ва кирибоқ айтган гапи шу бўлди.

— Ака, Бек акаларнинг орқасидан мелиса тушганмиш! Ҳозир эшитиб қолдим.

— Ие, нега? Улар жа кучли одамлар-ку!

— Кўза кундамас, кунида синади, деганлари шу бўлса керак. Қизи аллақачон қўлга тушибди.

Матназар бу хабарларни эшитиб, дафътан ҳушёр тортди.

— Мардон, ука… — деди у бошини қашиб. — Биз-чи? Тағин кечаси бизниям итдай тутиб кетишмасин!

— Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, ака! — кўз қисди Мардон. — Бизни онамиз раҳматлининг руҳи қўллайди.

— Й-йўқ… Барибир эҳтиётимизни қилмасак бўлмайди.

Мардон Матназарнинг елкасига қўлини ташлади.

— Менам кўп қийинчиликларни, ҳар хил одамларни кўрдим ҳаётда. Худога шукур, бир куни ўша Арслонов деган айғир билан танишиб қўйган эканман.

— Йўғ-э?

— Ҳа, чойхонада бирга ош егандик. «Сен менга ёқиб қолдинг, бола, нима хизмат бўлса, тортинмай айтавер», деганди. Кўнглим сезган эканми, куни кеча ҳузурига кириб бир саломлашай дебман. Ўзи шипшитиб қолди.

— Нима деди?

— Ҳаракатингни қилларинг, яқин кунларда босқин бўлади, деб тайинлади.

— Хўш, кейин-чи?

— Кейинми? Қўлига битта «лимон»ни тутқаздим. Бизни тинч қўйишга ваъда берди.

— Хайрият-эй! — оғир хўрсиниб қўйди Матназар ва укасини бағрига босди. — Яхшиям сен бор экансан… Менга қара, Бек акаларни йўлдан чиқаришса, ким шаҳарга эгалик қилади? Кел, икковимиз эгаллаб қўя қоламиз! Ҳарқалай, кўпчилик таниб қолган…

— Қўйсангиз-чи, — қўл силтади Мардон. — Ўша кунлар қайтишини сира хоҳламайман. Ундан кўра, мана, дўкондордан тортиб олинган супермаркет бор. Иккаламиз секи-ин қимирлатаверамиз… Ризқимизга яраша Худо беради. Мен бир пайтлар Бек акани авраб ҳужжатларини ўзимнинг номимга расмийлаштириб олгандим.

— Шундай уй қолиб кетадиган бўлди-да, ука! — афсус аралаш шивирлади Матназар. — Ўзинг кўргандирсан?

— У уйдан ҳам умидингизни узаверинг! Уйни-чи, аллақачон давлат мусодара қилиб бўлган. Аниқ биламан. Шундай экан, супермаркетдан қўймасин, акагинам!

Матназар бу гапни эшитиб, овозининг борича кулиб юборди. Мардон эса уни маҳкам қучиб, ўз ҳовлисига бошлади.

— Юринг, ака, би-ир отамлашайлик!

— Ҳа, биласанми, — Матназар йўл-йўлакай Мардонга уқтириб борарди, — Дўкондорнинг ўзини супермаркетга қоровул қилиб оламиз. Нима бўлгандаям, қари одам. Кўчада тиланчилик қилиб юрмасин…

Ака-укалар катта кўчага чиқиб бир-бирларини қучоқлаганча қоронғилик қаърида ғойиб бўлди.
(Тамом)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (25-қисм)