
Инсон қаришига доир энг кўп сўраладиган саволлардан бири — нега терида ажинлар пайдо бўлади? Бу табиий жараёнми ёки ундан қутулиш мумкинми? Яқинда америкалик олимлар ушбу саволга илмий асосда жавоб беришди, деб хабар берди Peopletalk.
Илмий тадқиқот нимани кўрсатди?
Бингемтон университети (АҚШ) олимлари олиб борган синов натижаларига кўра, ажинлар — терига узоқ муддат давомида таъсир қилувчи зўриқиш ва босим натижасида пайдо бўлади.
Бу ҳақда Science Direct нашри орқали эълон қилинган мақолада сўз юритилган. Олимлар инсон тери парчаларини махсус ускуна ёрдамида сунъий равишда чўзиб, унинг қандай ўзгаришларга юз тутаётганини кузатишган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу жараён пластилин билан ўхшашликка эга: горизонтал равишда чўзилганда вертикал йўналишда сиқилиш содир бўлади. Худди шундай ҳолат терида ҳам рўй беради. Вақт ўтиши билан бу чўзилиш мураккаб шаклга айланади ва ажинлар кўрина бошлайди.
Олимлар таъкидлашича, инсон териси ҳар куни турли ҳаракатларга учрайди — юздаги мимикалар, ухлаш ҳолати, қуёш таъсири, ҳаво ифлослиги ва бошқа омиллар терига босим ва зўриқиш келтиради.
“Тери йиллар ўтиши билан ўз эгилувчанлигини йўқотади. Айниқса ёнлама (попереч) йўналишдаги чўзилишлар унинг тезроқ бурмаланишига сабаб бўлади. Бунинг асосий сабаби — тинимсиз зўриқиш,” — дейилади тадқиқот хулосасида.
Юртимиздаги иқлим шароити ва ҳаёт тарзи ушбу тадқиқот билан бевосита боғлиқ. Кучли қуёш, ҳаводаги чанг, номувозанат овқатланиш, уйқунинг етарли эмаслиги каби ҳолатлар тери саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.
Айниқса, аёллар ўртасида тери парваришига қизиқиш юқори. Бироқ фақат ташқи воситалар билан парвариш қилиш етарли эмас. Тана ва асаб тизимига ортган зўриқишни камайтириш — ажинларнинг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!