18:18 / 28.10.2018
10 636

Бир кечалик келинчак… (8-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (8-қисм. Биринчи фасл)
— Мана, келганинггаям бир ойдан ошиб қолди. — кунларнинг бирида Нафосат ая Насибани ёнига ўтқазиб тушунтира бошлади. — Агар уёққа қайтиш ниятинг бўлмаса, келгусини ўйлаш керак, қизим! Уйда ўтираверсанг, касалга йўлиқасан.

— Ишла демоқчимисиз? — ялт этиб онасига қаради Насиба.

— Ҳа энди… Тирикчилик тошдан қаттиқ. Мениям бойлаб бериб қўйгани йўқ. Мактабни бўлса, битиргансан. Ё бирор ерга кириб ўқи, ё иш топиб ўзингни чалғитгин дейман-да!..

Насиба бир муддат ўйга толди.

— Тўғри айтасиз, ойи, ишламасам бўлмайди шекилли. Аммо… Нима иш қиламан, ҳайронман.

— Э, шуниям ўйлаб ўтирасанми? Ана, бозор яқин, майда-чуйда сотиб келсанг ҳам кунинг ўтаверади. Менам қараб турмайман. Ёрдамлашаман.

Насиба кулиб юборди.

— Вой, энди бир камим бозорчи бўлишмиди, ойи? Одамнинг кулгисини қистатманг!

— Ҳо, кулгилари қистадими?.. Сенга ўхшаган ёш-яланглар қоплаб пул топишяпти ҳозир. Уяти бор эканми?

— Тўғри-ку-я, лекин… Нима сотаман? Таниш-билишлар кўрса нима дейди?

— Деса деб ўлишмайдими? Сенга қийналсанг бир сўм беролмайди ўшалар.

— Бўпти, ўйлаб кўрай-чи, бир гап бўлар…

* * *
Эртаси куни она-бола ўзларича бозорни бир ўрганмоқчи бўлишди. Таниган-билган сотувчиларга учрашиб суриштиришди. Нарх-навони ўрганишди. Лекин бирор одам жўяли маслаҳат бермас, ҳатто баъзилар масхаралаганнамо лаб буриб ҳам қўйишарди.

— Ойи, анави хотинларни қаранг, — деди оғзидан боди кириб шоди чиқаётган ориқ-семиз аёлларни кўрсатиб Насиба. — Булар ямлаб юборишади-ку мени чиқсам!

— Қани, сенга тегиб кўришсин-чи, — Нафосат ая беписанд қўл силтади. — Сочини битталаб юлволарман. Шу ерда яшаб туриб чиқолмаймизми савдога?.. Қўрқма, ўзим ёнингда ўтираман. Ҳов анави ўтирганларни кўрдингми?

— Сигарет сотаётганларними?

— Ҳа, бизам шунақа майда-чуйдалар сотиб кўрамиз. Яхши бўлса, кейин каттароқ буюмга ўтса бўлади…

— Э, уяламан-да! Қаёқдаги эркаклар келади сигарет олишга.

— Келса нима қипти? Еб қўйишармиди сени? Бўшашмагин-да! Ким айтади сени шаҳарда ўсган деб?.. Юр, уйда пича йиғиб қўйганим бор. Ўшани оламиз-да, харажат қип келамиз!..

Насиба истар-истамас онасининг ортидан эргашди…

* * *
Бир ҳафталар икковлашиб бир четда савдо қилган бўлишди. Ёмон бўлмади. Кунига насибаларига яраша чиқиб турди. Аммо ҳар жойда бўлгани каби бу ерда ҳам ола қарайдиганлар, арзимаган сабаб билан уришиб оладиганлар йўқ эмасди. Айниқса, Насиба жой топишга қийналарди ҳар куни. Муқим жойи йўқ эди. Қаторларнинг олдини-ку, гапирмаса бўлади. У жойларда манаман деган бозорчи аёллар туришади…

— Вой, қочинглар, солиқчилар келяпти!.. — шу куни Нафосат ая бозорга чиқмаганди. Насиба шошиб қолди. Чунки, билади. Солиқчи дегани бўридай гап. Тишлаган ерини қўйиб юбормайди…

Худо кўрсатмасин, борини тортиб олиб қўйса, хонавайрон бўлади-ку!..

Насиба бошқалар қатори шоша-пиша буюмларини сумкага тиқа бошлади.

Афсуски, улгурмади. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, тепасида икки нафар ўрта яшар, солиқчи кийимидаги эркаклар пайдо бўлишди.

Насиба ўзини йўқотиб сумкасини маҳкам қўлтиғига қисди-да, атрофига кўз ташлади. Ҳеч ким қолмабди. Нима бало, учиб кетишганми ҳаммаси қанот бойлаб?..

— Хў-ўш, — кулди солиқчилардан бири Насибага бошдан оёқ разм соларкан. — Сигарет сотяпмиз денг?.. Қани, сумкангизни менга беринг-чи!..

— Нега берарканман? — беихтиёр ҳушёр тортиб солиқчига боқди Насиба. — Бу менинг молим.

— Сизникилигини биламиз. Лекин… Сотиш мумкинмаслигини билардингиз-ку!.. Бу молларингиз контрабанда ҳисобланади. Биласизми шуни?

— Биламан.

— Бўлди, унда сумкани беринг!..

Иккинчи солиқчи оҳиста Насибага яқин келиб қўлидаги сумкани олди.

— Мабодо, норози бўлсангиз, — ҳамон кулимсираб қўшимча қилди бошқаси. — Ана, ҳов анави бинони кўряпсизми? Ўша бизнинг офис. Бошлиққа кириб дардингизни айтаверасиз…

Насиба ҳеч нима демади. Ичида солиқчиларни қарғай-қарғай уйига йўл олди…

* * *
— Худоё бетидан бузилсин ўша солиқчилар! — Нафосат ая қарғана-қарғана эгнига кўча кийимларини кийиб, бошига оқ рўмолини илди. — Сен уйда ўтира тур, ўзим бориб опкеламан молларни!

— Йўқ, — ойисининг йўлини тўсди Насиба. — Ўзим олдирдимми, ўзим олиб чиқаман. Сиз кекса бошингизминан югуриб юрмайсиз.

— Яна қайсарлик қиляпсанми? Ҳеч бўлмаса, шу гал гапимга қулоқ солсанг-чи, болам!..

— Йўқ, — деди Насиба. — Сиз бормайсиз. Ўзим… Бир амалларман…

* * *
Солиқчилар идорасида аёл дегани кўпайгандан кўпайганди. Кимдир бор овозда жавраган, яна кимдир йиғлаган…

Насиба секин ичкарига кириб қия очиқ турган бошлиқ кабинетига мўралади. Семиздан келган, оқ сочли, юзлари захил, ўрта яшар бир эркак бозорчи аёллардан бирига нималарнидир уқтирарди…

Шу пайт Насибани кимдир орқадан турткилагандек бўлди.

Шошиб ортига ўгирилди…

Рўпарасида сигаретларини олиб қўйган солиқчи йигит тиржайиб турарди.

— Келибсиз-ку, — деди у ясама мулойимлик билан. — Ҳозир мен бошлиққа айтаман…

Солиқчи пилдираганча очиқ эшикдан ичкарига кириб бошлиғининг қулоғига нималардир дея пичирлаганди, у ёнидаги аёлни ташқарига чиқариб юборди ва эшикни ичкаридан ёпиб олди…

«Қизиқ, — кўнглидан ўтказди Насиба атрофидаги аёлларга бир-бир тикилиб. — Нимага эшигини ёпиб олди?.. Ўзларича маслаҳат қилишса керак-да! Буларнинг порахўрлигини ҳамма билади-ку!.. Тешиб чиқсин!..»

Орадан бир-икки дақиқа ўтиб солиқчи йигит чиқиб келди.

— Қани, синглим, марҳамат, ичкарига кираркансиз!..

Насиба бамайлахотир ичкарига кирди.

— Ие, келинг, келинг! — ўзгача мулозамат билан уни қарши олди бошлиқ. — Буёққа ўтиринг-чи! Хўш, бизга қандай хизматлар бор?

Бошлиқ Насибага зимдан тикилиб бутун қоматини кўздан кечирар, кўзлари ёнарди.

— Менинг молларимни олиб қўйишди. — деди Насиба эркакнинг тикилишларига эътибор қилмасликка уриниб.

— Шунақами? Сиздай гўзал бир қизни хафа қилишибди-да ярамаслар!.. Майли, тўғрилаймиз. Фақат… Сизга шу… Сигарет сотиш негадир ярашмабди-да!..

— Нега? — ялт этиб бошлиққа қаради Насиба.

— Чунки, бунақанги ишлар фақат шаллақи, қора-қура, хўппа семиз аёлларга ярашади. Сиз бўлса…

— Нима мен?

— Сиз жуда гўзал қизсиз.

— Хўш, сизнингча мен нима иш қилишим керак? — эркакка маъноли тикилиб сўради Насиба.

— Сизми?.. Бошқа нарса сотинг!.. Масалан, кийим-кечакми, ишқилиб шунга ўхшаш нарсалар… Истасангиз, ёрдам беришим мумкин.

— Йўқ, раҳмат.

Бошлиқ Насибанинг тортинаётганини ризолик аломатига йўйдими, янада жонланди.

— Вей, менинг гапимга кирсангиз-чи, сизга манаман деганиям яқин кела олмайди. Унақа… Патент-матент керакмас… Ўзим ташкил қилиб бераман ҳаммасини. Молниям ўзим опкелтириб бераман.

— Эвазига қанчадан бериб туришим керак? — Насиба ҳам солиқчи ўйлагандек содда эмас. Унинг мақсадини тушуниб турарди. Бу саволни атайин ўртага ташлади.

— Менгами?.. — кулди бошлиқ. — Ҳа энди… Отминан туя бўлармиди… Шу ҳуснингизга кунора термулиб турсак…

— Нима?.. — Буниси ортиқча эди. Насиба кутилмаган ҳаракат билан ўрнидан туриб кетди. — Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?.. Билиб қўйинг, шу гапингизни тоғаларимга айтсам, кунингизни кўрсатиб қўйишади…

— Ие, бу нима деганингиз? — бирдан жиддий тортиб қолди бошлиқ. — Мен сизга ёмон гап қилганим йўқ шекилли?.. Дарров хафа бўлдингизми?..

— Нега хафа бўлмас эканман? Менга унақанги қинғир гапларингизни гапирманг!.. Ўзига тўғри аёлман мен!

— Хўп, хўп, вой-бў!.. Бўлди, гапирмаганим бўлсин!..

— Айтинг, молларимни қайтариб беришсин!

— Бўлди.. Сиз чиқаверинг, мен ҳозир айтаман, қайтаришади!..

Бошлиқ Насибанинг важоҳатидан қўрқиб кетганди. Бир амаллаб ундан халос бўлиш ниятида ўзи ташқарига чиқиб бояги йигитдан Насибанинг сумкасини олиб берди…

Лекин ёрдам бериш истагидан Насибанинг илк қарши сўзларини эшитгандаёқ воз кечганди…

* * *
— Қўй, қизим, шу сигарет қурғурни! — деди кечқурун овқатланиб ўтирганларида Нафосат ая. — Балога йўлиқсин ўшалар!

— Бўлмаса нима қилай? Нима сотай?..

— Мен-чи, нариги маҳалладаги Соттихон деган аёлминан гаплашиб қолдим. Қизи ёлғиз бошқа давлатга қатнаркан. Ўша ёқлардан кийим-кечак опкелиб бу ерда кўтарасига топшираркан. Ана сенга иш!..

— Мениям шерик қилади деб ўйлайсизми? Ким ҳозир нонини яримта қилгиси келарди, ойи?!.

— Ёрдам беради. Соттихоннинг ўзи айтди. Қизига қўшилиб борсанг, ажабмас, йўлингни берса…

Шу кеча Нафосат ая тинчини йўқотди. Тун бўйи Насиба ҳақида ўйлаб чиқди. Бир тақдирини ўйлаб йиғлади, бир Худодан омад сўради. Шу аҳволда тонг оттирди…

Насибани Соттихон деганлариникига олиб бориши, қизига қўшиб келиши зарур эди…

Соттихон ая ҳам очиққина аёл экан. Она-болани яхши кутиб олди. Обдон Насибага маслаҳатлар берди. Қизи билан таништирди…

Насибанинг бахтига қизи Холида шу куни молга жўнаб кетиш арафасида турган экан. Бўлажак ҳамроҳининг мулойимлигини, тортинчоқлигини кўриб мамнун бўлди.

— Эски кийимларингиздан олволишингиз керак. — деди Холида кулимсираб. — Уёқда жуда асқотади.

— Бўпти.

— Кечки пайт тайёргарлигингизни кўриб келаверинг!..
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (8-қисм. Биринчи фасл)