23:47 / 27.11.2018
4 965

Россиялик Алексей: «Мен Исломни қабул қилдим»

Россиялик Алексей: «Мен Исломни қабул қилдим»
Ассалому алайкум.

Менинг исмим Алексей ва сизларга қандай қилиб Исломни қабул қилганимни айтиб бермоқчиман.

10-12 ёшлик пайтимда китоб ўқигандим. Унда Шарқ халқларининг афсоналари ҳақида ҳикоя қилинарди ва ўшанда илк бора “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини ўқигандим. Ўшанда унинг нималигини тушунмаган бўлсам-да, нима учундир бу сўзлар узоқ вақт менинг хаёлимда айланиб турди. Бутун ҳаётим давомида бу жумла миямни тарк этмади ва бунинг сабабини тушунмасдим.

Кейин мени чўқинтиришди (1992 йилмиди, 1993 йилмиди, эслолмайман). У пайтда барчани чўқинтириш урф бўлганди. Бундай қилиш ажойиб ва керак деб ҳисобланарди. Мени қариндошларим чўқинтиришди ва буни нотўғри деб ҳисоблаганман. Ахир бутун ҳаётимиз давомида бизни атеизм йўлида тарбиялашди. Мактабда бир ўқувчи қизнинг бўйнига тақиб келган хочини ўқитувчи синдириб ташлаганди ва барча унинг устидан кулганди. Мен ҳеч қандай худога ишонмасдим ва черковда турардим. Мени бегоналар олдида ечинишга мажбурлашди (биз кўпчилик эдик – болалар ҳам, аёллар ҳам, барча белигача ялонғоч эди). Битта қошиқда барчамизга вино беришди. Мен ҳар доим алоҳида идишдан фойдаланардим ва ҳатто қариндошларим билан ҳам битта қошиқ ёки санчқидан фойдалана олмасдим, шахсий гигиенага амал қилардим. Ушбу ёқимсиз ҳолат эса менга ёмон таъсир қилди.

Кейинги сафар черковга 20 ёшдан ошганимда, ўғлим учун маросим ташкил этилганида бордим ва 500 рубл атрофида пул бердим. Нега буларнинг барчасини айтиб беряпман? Ҳақиқий тарих қандай бўлганини тушунишингиз учун айтяпман.

Ёшим улғайгани сари компьютер орқали интернет кутубхона китобларини ўқий бошладим ва Қуръонга дуч келдим. Қизиқиш юзасидан очдим ва тўлиқ ўқиб чиқсамда, ярмини тушунмадим. Кейин яна ўқидим. Таъкидлаш ўринли, бу вақтга қадар мен илмий қизиқиш юзасидан “Инжил”ни ўқигандим ва ҳеч қачон Исо (алайҳиссалом)нинг худо эканига ишонмаганман. Худонинг борлигига ишонч бўлган, аммо у Исо (алайҳиссалом) эмасди. Ва хочларга ҳамда турли буюмларга сиғиниш маъносини ҳамда нима бундай қилинишини тушунмасдим. “Инжил”ни ўқиганимдан сўнг менда нимагадир ишониш ҳисси қолмади. Унда шунақа жойлар бор эдики, мен уларни қабул қила олмадим.

Мен бут худолари ҳақидаги адабиётганларни ўқидим. Кўплаб танишларим бу билан қизиқиб қолишганди. Мен дастлабки ўқишдаёқ унинг нима эканини тушуниб олдим. Қаердан оёқ ўсиб чиқяпти ва бу нимага олиб боради... Бир куни дўстларимдан бири жиддий равишда сўраб қолди:

– Сен Исломни қабул қилдинг деб эшитдим. Мен бутпарастман ва славян худоларига ишонаман.
Мен унга савол бердим:
– Сен қуёш ва дарахтларга сиғинасанми?
– Йўқ, мен шунчаки бутпарастман.
– Сенинг худоларинг нимага чақиради? Ахир улар одам ўлдиришни оқлайдилар-ку?

Шундан сўнг бизнинг суҳбатимиз тўхтади ва бошқа мавзуга уланди.

Энди ўзим учун Исломни қандай кашф қилганимга ўтсам. Ўша йиллари мен ўз ҳаётим, одамларга қилган яхшиликларим ва ёмонликларим, мени ўлимимдан кейин ёдга олишадими, ўз фарзандларимга нима қолдираман, шулар ҳақида ўйлай бошладим. Шунингдек, рафиқам ва у билан алоқаларимиз ҳақида ҳам жиддийроқ ўйладим. Сабаби мен оилада ўзимни жуда ёмон тутардим, аёлимни адолатсиз равишда хафа қилардим, фарзандларимга шунчаки ҳамон овозимни кўтаришим мумкин эди. Ўзимни якка ҳукмрондек тутардим. Ота-онам билан алоқа қилмасдим, ойда икки марта қўнғироқ қилиб қўярдим. Мен Худо ҳақида ўйлай бошладим. Тасодифми ёки бошқами билмайман, Аллоҳнинг изни билан мен Ислом, мусулмонлар ва уларнинг ҳаёт тарзлари ёритиладиган сайтга кира бошладим. Турли адабиётларни ўқий бошладим, Қуръонни яна бир бор мутолаа қилдим. Илгари тушуна олмаган нарсаларим эндиликда тушунарли ва оддий бўлиб қолди. Менда қандай мусулмон бўлиш ҳақида қизиқиш пайдо бўлди. Менга бу жуда узоқ жараёндек туюлар эди. Аммо бундай эмас экан. Асосийси ишонишинг керак ва буни тилда айтишинг лозим.

Мен рафиқам билан маслаҳатлашдим, у бунга нейтрал муносабатда бўлди. Мен унга Ислом югуриб бориб бегуноҳ одамларни ўлдириш эмаслиги, аксинча, Ислом аввало тинчлик эканини, энг тинчликсевар динлигини тушунтирдим. Шаҳодат калимасини айтган куним росманасига елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Исломни қабул қилган одамнинг аввалги қилган гуноҳларини Аллоҳ кечириши ва у янги туғилган чақалоқдек бўлиши бекорга айтилмаган экан. Ҳар бир нарсадан тўлқинланиб кетардим. Икки кун давомида энг яхши ҳиссиётлар оғушида юрдим. Хотинимнинг айтишича, юзимдаги ифода жаннат дарвозасини кўрган одамники сингари экан.

Исломни қабул қилганимдан сўнг бир қанча вақт ўтди, рафиқам билан ҳам, ота-онам билан ҳам, бошида улар барча мусулмонларни террорчи деб ўйлаб қарши бўлишганди, урушмай қўйдим. Фақатгина аёлимнинг ота-онаси бунга салбий муносабатда бўлди. Сабаби қайнотам атеист, қайнонам христиан (замонавий яшайдиган, аммо ўзини провослав санайдиган). Улар билан ҳам урушмасликка ва барча муаммоларни тинчлик билан ҳал этишга интиляпман. Сабаби улар мендан нимадир эшитгиси, ниманидир кўргиси келяпти.

Мен билан барчаси ана шундай бўлганди. Энди Исломни қабул қилдим ва инша Аллоҳ олдингидек ҳаёт кечирмайман.

Ассалому алайкум!
Рус тилидан Муҳаммад Темур АЪЗАМ таржимаси.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Россиялик Алексей: «Мен Исломни қабул қилдим»