18:38 / 25.12.2018
5 057

Гўр азоби… (5-қисм) (мистика)

Гўр азоби… (5-қисм) (мистика)
Буниси энди буткул ортиқча эди. Нозимани кўрганим заҳоти вужуд-вужудимга жазава ҳукмини ўтказа бошлади. Яқин ўтмиш кўз ўнгимда гавдаланиб, бор бўйимни ёввойи титроқ, қўрқув, ваҳима чирмаб олди. Шунда ҳам ўзим хоҳламаган, сезмаган ҳолда яқин ўтмишни ёдга олишга мажбур эдим…

Ҳа, мен Нозимани ўн бир ёшида етимхонада кўриб ёқтириб қолгандим. Бу қиз назаримда ҳақиқий малика, йўқ, малика эмас, фаришта каби гўзал, бенуқсон, жозибали ва афсонавий бир қиз эди. Мен кўнглимнинг бир четида қўққисдан пайдо бўлган ёвуз ниятимни бировлар пайқаб қолмаслиги учун Нозимага худди боламдек муносабатда бўлдим. Уйга олиб келганимдан кейин ҳам ниятимни ҳеч кимга сездирмадим. Шу тахлит икки йил чидадим. Нозиманинг бўй етишини кутдим ва… Кунларнинг бирида ҳовлида ҳеч зоғ йўқлигидан фойдаланиб, қўриқчиларни дарвозадан ташқарига чиқариб юбордим-у, хонасига кириб бордим ва ниятимни айтдим…

Йўқ, мен ўшанда ҳам кимдир раъйимга қарши боришини, мени ранжитадиган сўз айтишини ҳазм қила олмасдим. Нозима ҳам қарши сўз айтиб қўйди. Мен бўлсам, азбаройи ранжиганимдан унга куч ишлатишга мажбур бўлдим…

У эса номус азобига чидай олмабди.

Жонига қасд қилибди.

Пулларимнинг ҳовури шу қадар кучлилигидан, прокурорлар, милиция ҳам ортиқча даҳмаза қилиб ўтирмади. Иш очилмади. Ҳатто паталоганатомининг ҳам оғзини «мой»ладим. У мен хоҳлаган хулосани ёзиб берди. Шундай қилиб ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолди. Аммо… Худонинг таъқибидан, ғазабидан қочиб қутулиб бўлмас экан-да! Манави гўрсўхтани юборибди. Гуноҳимни исботлашга жалб қилибди. Хўш, кейин-чи? Кейин нима бўлади? Бўлар иш бўлган, қиз, ана, ўтирибди гулларга термилиб!

— Мен бу ердан кетишни хоҳлайма-ан! — дафъатан жазава устун келиб бақириб юбордим. — Олиб кет мени бу ердан! Нега қараб турибсан! Сўроғинг бўлса олиб бор! Нега мени уёқдан буёққа судрайверасан? Қани сўроқ қиладиганинг? Обормайсанми?

— Ўзингни босвол, — деди барзанги. — Бу оламда худонинг, ундан сўнг бизнинг айтганимиз бўлади! Сен қасрлардай, ҳаром пул эвазига қурилган уйингдамассан, бизнинг ихтиёримиздасан! Ҳалиям англаб етмадингми шуни, қўрс? Нимангга қўрслик қиласан ўзи?

— Сенинг оламингми, бошқаникими, обкет мени бу ердан!

Ҳайқириқларим таъсир қила қолмагач, ялинишга ўтдим. Чунки жоним қақшарди, менга терс ўгирилиб ўтирган Нозима ҳар қимирлаб қўйганда, жонимнинг аллақаери узилгудек тортишиб оғрир, гўё бошимдан оёғимгача ҳожатхона гўнги қуйилаётган каби димоғимда бадбўй ҳидларни туяр, кўнглим ағдарилиб, қусгудек бўлардим. Титроқлар эса иккинчи тарафдан мени забтига олиб тинчлик бермасди.

— Илтимос, — дея кутилмаганда тиз чўкдим. — Обор мени қабрга! Мен ортиқ бардош қила олмайман. Майли, гурзи билан урасанларми, танамни бўлаклаб, майдалаб ташлайсанларми, ўзларинг биласанлар! Фақат мени судраклаб юришни бас қил, илтимос, ёлвораман! Ахир, сендаям юрак бордир? Нега шафқат қила қолмайсан?

— Шафқатни худодан сўрайсан, — барзанги совуққонлик билан мени бир қўлида кўтариб оёққа турғазди. — Лекин шафқат сенга насиб этмаса керак. Сен Яратганнинг ғазабига учраганлардан бирисан. У эса ғазабига дучор бўлганларга шафқат қилиш тугул, қайрилиб қараб ҳам қўймайди. Сабабини ўзинг билсанг керак.

— Хўш, унда мана шу зулматларда хор бўлиб ўтаманми бир умр?

— Қанақа умр? Сенда умрнинг ўзи қолмаган.

— Унда бу нима умр бўлмаса? Йўқликми, борликми? Ё тушми?

— Унисияммас, бунисияммас. Буни абадият деб қўйишибди. Абадиятга кирганлар ё сўнгсиз жаннатмакон масканларда ҳузур қилиб яшашади, ё манавинақанги зулматларда хор бўлиб кезишади. Сен хурсанд бўл, худонинг зулматдан бошқа жазолари ҳам бир талай. Агар хоҳласа, сени бийдай саҳрога ташларди. Саҳрода ёруғлик ҳукм суради. Лекин у ерда ҳозирги турганинг, бошдан кечираётганларинг ҳолвага айланарди. Улкан, ваҳший, сўйлоқтиш эчкемарлар, энига қулоч етмас илонлар заҳрини сўриб ит азобини кўрардинг.

— Майли, — дедим зўрға ўзимни қўлга олиб. — Қабрга оборақол! Шунисигаям хурсандман. Сен ҳақсан. Фақат мени қабрга олиб бор. Сўроғинг бўлса, бошла! Қийналиб кетдим!..

Шу сўзларни тилга кўчирардим-у, кўзларимдан дув-дув ёш қуйилиб келарди. Бироқ бу ёшлар тириклигимдагидек оппоқ, шаффоф эмасди. Балчиқ аралаш, кўкимтирми, қорамтирми, ишқилиб, қарашнинг қўлга олишнинг ўзи даҳшат эди. Улардан таралаётган ўта ёқимсиз, сассиқ ҳид балчиқ исига қоришиб, мени керагича азобларди, ҳатто, бир марта ютинишга-да қўрқардим. Ютинсам, мана шу сассиқ ислар ичимга кириб оладигандек туюларди.

— Нега индамай қолдинг? — барзангига жавдирадим мен. — Нимани ўйлайсан, жўра? Оборақолгин энди маконимга!

— Йўқ, — деди барзанги зарда аралаш. — Сен ҳар бир йўл қўйган гуноҳинг учун дастлабки сўроқларни мана, менга берасан! Мен сенга ҳамроҳман. Сенинг дастингдан жабр кўрганларнинг ҳар бирига рўбарў бўлишга маҳкумсан. Ҳозир эса…

Барзанги беўхшов тиржайиб юқорига ишора қилди.

— Қисқа муддатга ўзинг келган дунёга чиқасан. Яшаган, ўша ҳаром пулга қурилган уйингга борасан. Адашмасам, ҳозир тун уёқда. Мана шундан фойдаланиб, уйингдан хабар оласан. Лекин менинг ҳамроҳлигимда борасан.

— Кейин-чи? — сўрадим барзангига умид аралаш боқиб. — Мени ўша уйимда қолдирасанми?

— Ҳечам-да! Мен билан яна ортга қайтасан. Мана шу зулмат қўйнига қайтамиз. Хўш, тайёрмисан?..

— Тайёрман, — дедим шоша-пиша. — Шу ердан вақтинчага бўлсаям чиқиб кетсам бас. Бошла ўша дунёмга!

— Буйруқни бу ерда мен бераман, овсар! — деди барзанги ва бўйним аралаш мушт туширди…

Бу мушт гурзи зарбидан-да оғирроқ эди. Тириклигимда шу муштни есам, гўё кўзимдан ўт чақнарди. Ҳозир эса иккала кўзимдан балчиқсифат, кўкимтир суюқлик отилиб чиқди. Бир муддат энгашган кўйи бир жойда айланиб қолдим. То оғриқ зарби пасанда бўлгунча нафас олишдан ҳам мосуво бўлдим. Аммо салдан кейин ўзимга келдим. Аста қаддимни тикладим. Алам қилгани, мендек Даминбой барзангига зарбаси учун бир оғиз ҳам қарши сўз айта олмадим. Аксинча, тағин мушт тушириб қолишидан чўчиб ҳадеганда у тарафга зимдан қараб қўя бошладим.

— Бизнинг оламга келганингга сизларчасига ҳисоблаганда бир ой бўлибди, — деди барзанги. — Тўғрими?

— Билмадим, — дедим турган еримда типирчилаб. — Менга деса минг йил бўлмайдими, жўра? Бошлайқол ўша дунёмга! Қийналиб кетяпман!..

Барзанги мени югуртирганча итдек судраклаб ўзим суйган, ҳануз умидимни узолмаётган, ўзгача жозибали, дилтортар, гўзал ва файзли дунёмга олиб келди. Ҳаш-паш дегунча ўша уйимга, қасрлардан-да салобатлироқ ҳовлимга келдик.

Ташқарида ярим тун эди. Уйим чироқлари ўчган. Фақат қизим Сарвинознинг ётоғида чироқ ўчмаганди…

Айтганча, Сарвиноз қизим яқинда 20 га киради. Жуда гўзал, меҳрибон эди. Ҳар «адажоним» деб эркаланганда, эриб кетардим…

— Сен фақат ана шу чироғи ёниб турган хонага кирасан, — тайинлади барзанги. — Сени ҳеч ким кўрмайди, сезмайди, буни билсанг керак. У ердаги манзарани менинг гувоҳлигимда кўрасан-у, дарҳол ортга қайтамиз!..

Энсам қотди. Қизимнинг хонасида манзара нима қилсин? Ухлаётгандир, ё телефонда аллакимлар билан лақиллашиб ўтиргандир. Шуни кўраманми? Майли, кўрсам кўрай. Бу мишиқига йўқ деб бўлмаса. Тағин мушт тушириб қолса…

Мен сўзсиз барзанги кузатуви остида қизимнинг ётоғига қадам қўйдим…

Шундагина барзанги айтган гапнинг маънисига етгандек бўлдим. Ниятини англадим…

Бир умр беозор, иффатли, ақлли, номусли деб атаган Сарвиноз қизим бир каравотда… Менинг шахсий қўриқчим билан қучоқлашиб ётарди…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Гўр азоби… (5-қисм) (мистика)