
Агар сизга ухлаш қийин бўлса, Хитой олимлари ўтказган янги тадқиқот сиз учун ҳақиқий янгилик бўлиши мумкин. Тадқиқотга кўра, ухлашдан олдин секин инструментал ёки классик мусиқа эшитиш 50 ёшдан ошган катталарда уйқу сифатини яхшилайди.
Олимлар 600 нафардан ортиқ кишини қамраб олган ўнта тадқиқот натижаларини таҳлил қилишди. Натижада, ҳар куни ухлашдан олдин 20–60 дақиқа давомида тинч мусиқа тинглаган иштирокчиларда уйқу анча яхшилангани кузатилди. Тадқиқотчиларнинг айтишича, мусиқа кортизол (стресс гормони) даражасини пасайтиради, юрак уриши ва нафас олиш тезлигини секинлаштиради, бу эса организмни бўшаштириб, осон ухлашга ёрдам беради.
Мутахассислар таъкидлашича, бу таъсир фақат жисмоний эмас, балки руҳий жиҳатдан ҳам фойдалидир. Мусиқа мия фаолиятига таъсир қилиб, ҳиссий ҳолатни барқарорлаштиради ва уйқуни бузадиган эмоционал бузилишлардан халос бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, мусиқа ухлаш билан боғлиқ янги ижобий психологик одатларни шакллантиради ва зарарли одатларнинг таъсирини камайтиради.
Мусиқа терапияси турли кўринишда бўлиши мумкин — баъзан бир неча марта тинглаш, баъзан эса бир неча ойлик давомий сеанслар. Одатда бундай мусиқанинг темпи дақиқасига 60–85 зарба атрофида бўлади. Олимлар таъкидлашича, бу усул уйқусизлик билан курашда “ўрта ёки сезиларли даражада” самара беради.
Мутахассислар қўшимча қилишича, мусиқа терапияси дори воситаларига нисбатан хавфсиз ва табиий муқобил ҳисобланади. Бу, айниқса, уйқу дориларини узоқ вақт қабул қилишни истамайдиган одамлар учун жуда муҳимдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.