
Сан-Францискодаги Калифорния университети ҳамда Австралиянинг Аделаида университети тадқиқотчилари олиб борган илмий изланишлар қаҳва истеъмоли юрак фаолияти учун нафақат хавфсиз, балки фойдали бўлиши мумкинлигини кўрсатди, деб ёзди JAMA журнали.
Мутахассислар қаҳва юракнинг энг кенг тарқалган ритм бузилиши — бўлмачалар фибрилляцияси хавфини пасайтира олишини аниқлаган. Бу касаллик юрак уришининг тезлашиши ва нотекис бўлишига олиб келади, натижада инсульт ёки юрак етишмовчилиги хавфи ортади.
Авваллари кардиологлар бундай беморларга кофеиндан тийилишни тавсия қилишарди. Бироқ янги илмий далиллар бир стакан қаҳва ичишнинг ўзи фибрилляция ривожланиш эҳтимолини 39 фоизга камайтиришини кўрсатди.
Тадқиқотда 200 нафар фибрилляция ташхиси қўйилган бемор қатнашган. Улар икки гуруҳга ажратилган: биринчиси ҳар куни қаҳва ичган, иккинчиси эса олти ой давомида кофеиндан воз кечган. Барча иштирокчиларга юрак ритмини тиклаш учун электр кардиоверзия усули қўлланган.
Натижаларга кўра, мунтазам қаҳва ичувчиларда аритмия қайталаниш хавфи анча паст бўлган. Олимлар бу ҳолатни қаҳванинг яллиғланишга қарши таъсири ва юракка ортиқча юк туширувчи ширин ҳамда энергия ичимликларини камайтиши билан изоҳлади.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, қаҳвани меъёрда истеъмол қилиш — юрак соғлиғини асрашда табиий ва самарали йўллардан бири бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!