date

Дубай шоколади нега дунё бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди?

Дубай шоколади нега дунё бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди?

Охирги йилларда Дубай шоколади ижтимоий тармоқларнинг янги феноменига айланди. TikTok’da миллионлаб фойдаланувчилар яшил писта креми билан тўлдирилган қарсилдоқ шоколад плиткаларини очаётган видеоларни томоша қилишдан чарчамайди.

Daily Mail ёзишича, Оксфорд университети профессори Чарлз Спенс бу вирусли муваффақиятнинг сирини “кучли визуал контраст” билан изоҳлади. “Жигарранг шоколад фонидаги ёрқин яшил қатлам миямиз учун жозибали сигналдир. Шу сабабли у фотосурат ва видеоларда ажойиб кўринади”, — дейди олим.

Бу ширинлик 2024 йилда Fix Dessert Chocolatier асосчиси Сара Ҳамуде томонидан яратилган. У писта креми, тахини ва қарсилдоқ катаифи хамири билан тайёрланган шоколадни ҳомиладорлик давридаги “ширинлик хоҳиши”дан илҳомланиб ишлаб чиққан. Инфлюенсер Мария Вехера уни синаб кўрган видеосидан сўнг, интернет АСМР роликларига тўлди — фойдаланувчилар шоколаднинг қарсиллаши ва чўзилувчан начинкасини завқ билан намойиш этишди.

Спенснинг таъкидлашича, одамлар бундай ширинликларга нафақат ранги, балки юқори калорияси сабабли ҳам мафтун бўлади. “Миямиз энергияли, мазали озиқ-овқатни хурсандлик билан қабул қилади. Шунинг учун бундай маҳсулотлар кучли ҳиссий таъсир қилади”, — дейди у.

Шу билан бирга, шоколаднинг “экзотик жиҳати” ҳам унинг машҳурлигини оширган. Кўпчилик учун бу шунчаки ширинлик эмас, балки “янги тажриба” бўлиб, улар ўзларини озиқ-овқат кашфиётчиси сифатида ҳис қилишади.

Профессорга кўра, муваффақиятнинг яна бир калити — текстурада. Қарсилдоқ қатлам ва майин крем бирлашмаси нафақат оғизда, балки видеода ҳам таъсирли кўринади. “Фоод-контентда таъмни ҳис қилишнинг иложи йўқ, шунинг учун блогерлар визуал ва овоз орқали завқ етказиш йўлларини топишган”, — дея изоҳлайди у.

Бугун Дубай шоколади трендини йирик брендлар ҳам илиб олди. Олимлар бу ҳолат ижтимоий тармоқларнинг гастрономия дунёсига қандай таъсир кўрсата олишини кўрсатишини таъкидлайдилар.

Шоколадни меъёрда ейиш фойдали: у магний, темир ва “севги гормони” деб аталувчи фенилетиламинга бой. Шунинг учун Дубай шоколади TikTok’нинг энг севимли ширинлиги бўлиб қолиши ажаб эмас.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Фойдали » Дубай шоколади нега дунё бўйлаб шов-шувга сабаб бўлди?