
Британиялик олимлар инсон соғлиғи учун энг фойдали ичимлик одатларини аниқлади. British Journal of Nutrition журнали ёзишича, кунига етти-саккиз пиёла чой, қаҳва ва сув ичиш юрак-қон томир ҳамда саратон каби оғир касалликлар пайдо бўлишининг олдини олади.
Тадқиқот 13 йил давом этди ва унда 183 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Илмий гуруҳ иштирокчиларнинг овқатланиш, ичимлик истеъмоли ва умумий соғлом турмуш тарзи ҳақидаги маълумотларини таҳлил қилди.
Натижаларга кўра, кунига “уч финжон қаҳва ва икки пиёла чой” миқдорида ичимлик истеъмол қилган кишиларнинг саломатлик кўрсаткичлари энг юқори бўлган. Олимлар бу нисбат инсон организми учун энг мувофиқ мувозанат эканини таъкидлашди.
Ичимлик суви ҳам бу жараёнда муҳим ўрин тутади. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, сувни мунтазам ичиш организмдаги моддалар алмашинувини тезлаштиради, юрак ва буйрак фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда тана ҳароратини барқарор ушлаб туради.
Қаҳва таркибидаги хлороген кислотаси асаб тизими фаолиятини яхшилайди, қандли диабет хавфини пасайтиради ва ичак микрофлорасининг соғлом бўлишига хизмат қилади. Шу билан бирга, чой таркибидаги катехин моддаси кучли антиоксидант ҳисобланиб, организмни шамоллашдан ҳимоя қилади.
Олимлар бу моддаларнинг биргаликда таъсири инсон танасида қон айланишни яхшилаб, тўқималарга кислород етказилишини кучайтиради, бу эса юрак фаолиятини барқарорлаштиришда муҳим роль ўйнайди.
Шу билан бирга, мутахассислар меъёрдан ортиқ қаҳва ичишнинг салбий томонларига ҳам эътибор қаратди. Кунида уч финжондан ортиқ қаҳва истеъмоли уйқусизлик, юрак ритмининг бузилиши ва асаб тизимидаги нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.
Сувни ҳам ҳаддан ташқари кўп ичиш тавсия этилмайди — организмда электролитлар мувозанати бузилиши, калий ва натрий миқдори пасайиши эҳтимоли бор.
Илмий жамоа хулосасига кўра, инсоннинг соғлом турмуш тарзида мўътадиллик ва табиийлик асосий омил ҳисобланади. Улар фақат ичимлик миқдори эмас, балки вақт ва кун давомидаги тақсимот ҳам муҳим эканини таъкидлашди.
Табиий чой, қаҳва ва соф сув — тана учун нафақат қувват манбаи, балки узоқ умр сири ҳам бўлиши мумкин, дейди олимлар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!