Улар чироқлари ўчирилган, зулматдан-да даҳшатлироқ, қўрқинчлироқ, совуқроқ хонада икки кишилик юмшоқ диван четида ўтирганча сукут сақлашарди. Ҳар бири ўз хаёллари билан банд. Ҳеч ким биринчи бўлиб гап бошлашга шошилмасди…
Салтанат ёнида қунишибгина ўтирган эри Шавкатнинг ичга ботган юзларини ўзгача меҳр билан силарди. Шу аснода муҳаббат денгизининг ҳукмрони бўлмиш умидвор нигоҳлари ёна-ёна Шавкатга қадалганди.
«Майли, индамаса ҳам розиман, — дерди хаёлан Салтанат. — Ёнимда ўтирибдилар-ку бегим! Мана, ҳасми ҳалолимнинг юзларини силаш бахтидан ҳам мосуво эмасман. Шўрлигим, бу шафқатсиз, золим ҳаётнинг оғир юкларини орқалайвериб озиб кетдилар. Ҳатто, юзларигача ичга ботди. Кўзлари киртайди. У мараз Ҳалима ёқаси тоза кўйлак ҳам кийдириб қўймабди. Шуям хотинми? Шундай Шавкатим, арслонимни ҳам кир кўйлакда кўчага чиқарадими? Эҳ, кундош, кундош! Ишқилиб сенга худойимнинг ўзи инсоф берсин! Агар келаси сафар ҳам Шавкатимни шу аҳволда кўрсам, билиб қўй, икки қўлим ёқангда бўлади…»
— Нега жимсиз, бегим? — ниҳоят ортиқ сукут сақлашга бардоши етмай, Салтанат Шавкатнинг икки елкасидан тутди. — Қандай ташвишки, сизни шунчалар индамасга айлантирди, бегим? Арслоним! Кундошим дилингизни сиёҳ қиляптими ё? Айтинг, кундош экан-у, валломати кўнглингизни оғритсаям аяб ўтирмайман!.
— Жиннимисан? — Шавкат ижирғаниброқ Салтанатнинг қўлини юзидан олиб нари сурди-да, афтини бужмайтирди. — Ҳеч ким мени ранжитгани йўқ. Ҳалима жуда меҳрибон, дидли аёл.
— Нега унда ёқаси кир кўйлакда уйдан чиқарди? — сўради Салтанат қовоқ уйиб. — Дидли хотин шунақа бўладими? Эрининг устидаги кийимларга қарамайдими? Ечинг, ҳозир ўзим ювиб қуритиб, дазмоллаб бераман.
— Эсинг жойидами? — уни жеркиб берди Шавкат. — Менга яна ортиқча ташвиш туғдирмоқчимисан? Ҳозир бориб алмаштирволаман кўйлагимни. Ишинг бўлмасин!..
— Бўпти, бегим, — Салтанат қайтадан Шавкатнинг юзларини силаш учун қўл чўзди-ю, аммо иккиланиб, истамайгина қўлини тортиб олди…
Орадан ярим соатча вақт ўтгач, Шавкат аста ўрнидан қўзғалди.
Салтанатнинг икки кўзи жавдирарди.
Шавкатнинг яна бироз ўтиришини жуда-жуда хоҳларди-ю, истагини тилига кўчиришдан аранг тийилиб турарди.
Маҳрамини ранжитиб қўйишдан чўчирди.
У ранжиса, юраги ғаш тортиб, юзлари тундлашини ўйлагани сайин ич-этини ерди.
— Қизим Шалола боғчадан келса, ўпиб қўярсан, — деди Шавкат бош қашиб. — Мен… Кетдим энди…
— Бўпти, — деди Салтанат йиғлагудек бўлиб. — Албатта ўпиб қўяман. Даданг сени сўради деб айтаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Вақтида нонушта қилинг ҳар куни. Биласиз-ку, нонушта қилмасангиз, бошингиз оғриб қолади. Сизнинг бошингиз оғриса, мен чидолмай кетаман.
— Бўпти, ҳадеб ғалчалик қилаверма, — дўқлаган оҳангда сўз қотиб эшик томон йўналди Шавкат. — Яхши ўтиринглар!
— Яхши боринг, бегим! Илойим сизни худонинг ўзи асрасин!..
* * *
Шавкат кетди. Аммо Салтанатнинг юрагини узиб олиб кетгандек бўлди. Аёл энтика-энтика, ўпкаси тўла-тўла, кўзларидан аччиқ ёшлар оқа-оқа анча пайтгача йўл четида эри кетган тарафга жавдираб боққанча қараб қолди. Шунчаки қараб қолмади. Бўғзига тиқилганча туриб қолган фарёд вужуд-вужудига сингиб, Салтанатни титрашга, чайқалишга, телбаларча сўзланишга ундайверди.
— Йўқ, мен бундай қилмаслигим керак, — дея ниҳоят ўзини сал қўлга олган бўлиб ўзига ўзи сўз қотди Салтанат. — Шавкат акамнинг чеҳраси очиқ. Кўзларида ҳаётдан миннатдорлик аломатларини кўрдим. Мана шу кўзларим билан ўзим кўрдим. Хурсанд бўлишим керак-ку! Хўш, ўша хотинга уйланиб олган бўлса нима қипти? Эркак киши- ит киши деб бекорга айтишмаган. Лекин Шавкат акамни ҳеч қачон ит киши демайман. У шунчаки… Ҳаётда адашди холос. Эртами-кечми, барибир бир кун хатосини англаб етади ва менинг бағримга қайтади. Ҳой, шайтон, мени йўлдан ураман деб ўйлама. Сендақаларни Шавкат акамнинг босиб кетган изларигаям олмайман. Ҳе башаранг қурсин шайтон бўлмай! Илойим тракторларнинг тагида қолгин!..
Шу пайт узоқдан ўзига таниш аёл юриб келаётганини кўрди-ю, Салтанат шоша-пиша кўз ёшларини енгига артиб, маъюс жилмайди.
«Вай, синглим Сабина-ку, — ўйлади жонланиб. — Хайрият-эй! Келаркан-ку!.. Ўргилиб кетай ўзимнинг сариқсоч синглимдан!..»
Орадан ҳеч қанча ўтмай, синглиси унга яқинлашиб келди-да, Салтанатни маҳкам бағрига босди.
— Ўзимнинг «лох» опамдан айланай, — деди Сабина киноя аралаш. — Тағин анави «шестёрка» эрчангиз кеп кетганга ўхшайди-а? Шунга кўчага чиқволиб телбадай турибсизми? Нега индамайсиз, опа?
— Ҳадеб ўзингнинг ўрисча гапларингни гапираверма-да, — деди синглисининг икки юзига кафтларини босиб Салтанат. — Биласан-ку, мен унақа гапларни тушунмайман! Юр, уйга кирайлик! Ўзим ҳам зерикиб ўтиргандим. Яхши бўлди келганинг!..
* * *
Ичкарига киришгач, Сабина опасининг киртайган кўзларига, йиғлайвериб шишган қовоқларига ачиниш аралаш тикилиб турди-да, яна ўзи биринчи бўлиб сўз бошлади.
— Опа, қачонгача ўша ҳезалакни кутиб яшайсиз? — деди куйинчаклик билан. — Устингизга хотин олволди. «Нагло» олдингизга похол соп кетди. Барибир ўшани деяверасизми? Сизда ғурур борми ўзи? Хафа бўлманг-у, сизнинг ўрнингизда бўлсам, Шавкатни аллақачон судга бериб адабини бердиртирардим. Қаранг, қизи Шалоланиям ташлаб кетди. Бир тийин бермаётганини кўрмасам ҳам биламан. Фақат тонманг!
— Бу нима деганинг? — Салтанат синглисининг қўлларини юзларидан олиб ташлади-да, нари сурилди. — Поччанг-а, поччанг!
— Поччамас у, қаро ер! — дея қўл силтади Сабина. — Нега тушунмайсиз. Қайси дунёда туғилгансиз ўзи, опа? Наҳотки, кўрмаяпсиз? Наҳотки, қалбингиз азобланмаётган бўлса? Кўзингизни каттароқ очинг мундай, опа!..
Бу гаплардан сўнг Салтанат дафъатан ўрнидан туриб кетди. Бирпас гезарганча Сабинага тикилиб турди-да, нарига ташланган сумкачани қўлига олиб синглисига тутқазди.
— Жон синглим, кетақол энди, — деди бошини сарак-сарак қилиб. — Агар мени яхши кўрсанг, кетақол! Уйингдагилар, эринг қидириб қолишади. Мўйдинжонни бунақа кутдирма! Хафа бўлади-я! Қайнонанг қариб қолган. Туртиниб-суртиниб ўзи овқат пиширадими сен бўлмасанг? Йўқ, кетмасанг бўлмайди. Мени… Мени қўявер!.. Мен-чи, яхшиман! Ана, боягина Шавкат акам кеп кетди. Шалоламни сўради. Мендан ҳол сўради. Ёнимда ярим соатданам кўпроқ ўтирди. Гаплашиб ўтирдик… Сен… Поччангни ҳақорат қилмагин, сингилжон! У сени жуда яхши кўради. Нуқул Сабинахон яхшими деб сўрагани сўраган.
— Яхши кўрмай ҳар бало бўлсин ўша бузуқи, — дея аста ўрнидан турди Сабина. — Сизга ачинаман холос. Шунинг учун гапириб ташладим-да, опа! Мендан ранжиманг! Жигарингизман, ахир! Жияним Шалолага ачинаман!
— Хавотирланма, — деди Салтанат унинг икки елкасига қўлларини қўйиб. — Биз жуда яхшимиз. Бирор кун қоладиган бўлиб келсанг, роса гаплашиб ўтирамиз!
— Майли, яхши қолинг! — дея кетишга чоғланди Сабина. — Ўзингизни эҳтиёт қилинг!.. Эҳ, ўзимнинг «лох» опам-эй! Дўст-душманнинг фарқига бормайдиган опам-эй!..
Сабина сўзлана-сўзлана ташқарига чиқиб кетди. Салтанат эса жойидан жилмади.
Тиззаларигача дағ-дағ титраб кўзлари қайтадан жиққа ёшга тўлганча хона деворига суяниб қолди.
У йиғларди. Ўкириб-ўкириб фарёд чекишни хоҳларди. Аммо тўсатдан Шавкат келиб қолса, саннаб йиғлаётганини эшитиб қолишидан, ранжишидан, кўнгли озор чекишидан қўрқарди.
* * *
Орадан уч кун ўтди. Дам олиш куни бўлгани боис Шалола қизи боғчага бормаганди.
Салтанат қизалоғини чўмилтириб, сочларини ҳавас билан турмаклади. Худди сезган каби ўзи олиб берган харир кўйлагини кийдирди. Шундан кейин нари борса бир соатча вақт ўтди-да!
Кутилмаганда ташқари эшик тақиллай бошлади. Салтанат юраги ҳовлиққанча йўлакка чопқиллади ва эшикни очди.
Очди-ю, кўнгли ёришиб кетгандек бўлди.
Рўпарасида Шавкат кулимсираб турганига кўзи тушди-ю, ўзининг ҳам юз-кўзларига табассум югургилади.
Лекин Шавкат ёлғиз эмасди.
Уйланиб олган аёли билан бирга келганди.
Салтанат лаб бурибгина турган бу аёлга кўзи тушгани ҳамоно ўзи сезмаган ҳолда чеҳраси тундалшди. Бироқ бу ҳолат узоққа чўзилмади. Мажбуран бўлса-да, Шавкатга қараб жилмайди.
— Таниш, Салтанат, — деди Шавкат орқароқда турган аёлга ишора қилиб. — Бу Ҳалима. Ҳалима, бу Салтанат!
Икки аёл бир-бири билан ёвқараш орқали сўзсиз салом-алик қилган бўлди. Гарчи Ҳалима ҳамон лаб буришдан тийила олмаётган бўлса-да, Салтанат эътибор бермасликка интиларди. Аёлнинг ўзига қур-қур масхараомуз назар ташлаб қўяётганини ҳам кўрганди. Кўр эмас-ку!..
Бироқ кўрмасликка оларди холос. Шавкат акасининг хижолатда қолишига, мулзам тортишига сира йўл қўя олмасди. Шу сабабли ҳам ўзини босарди. Ясама жилмайишлардан тийилмасди.
Шу аҳволда бир зумда стол устига топган-тутганини келтириб қўйиб, Шавкат ёқтирган аччиқ кўк чойни ҳам дамлаб келди.
— Салтанат, сенга бир илтимосим бор, — деди Шавкат Ҳалима тарафга ўғринча қараб олиб. — Агар… Йўқ демасанг…
— Вай, бу нима деганингиз, дадаси? — Салтанат бирдан маъюсланиб, гоҳ Шавкат, гоҳ Ҳалимага жавдираб боқди. — Илтимос қилманг! Буюринг! Ахир…
Уёғини айта олмади. Аслида «хотинингизман-ку» демоқчи эди. Худо кўрсатмасин, шу сўзни тилига кўчирса, Ҳалима кейинчалик таъна қиладигандек, Шавкат акаси мулзам тортадигандек, икки ўт орасида куядигандек туюлиб, тилини тишлади…
Бунинг ўрнига нимадир эсига тушган каби дарров гапни бошқа ёққа бурди.
— Вай, Шалолангиз ҳалиям чиқмаганини қаранг! Ҳозир опчиқай! Жудаям уятчан-да қизингиз!..
Салтанат югурганча залга ўтиб бир зумда Шалолани етаклаганча Шавкатнинг ёнига олиб чиқди.
— Ў, асал қизим катта бўп қопти-ку! — дея Шалолани кўтариб олишга тутинди Шавкат. Аммо қизалоқ дарҳол ўзини орқага олди. Қора кўзларидан бир нечта томчи ёш думалаб юзларига тушди.
— Шалола, даданг-ку бу одам! — дея танбеҳ берган бўлди Салтанат. — Нега ётсирайсан? Кўриш даданг билан!..
— Йўқ, — дея янада орқароққа тисарилиб олди Шалола. — Бу одам менинг дадаммас! Менинг дадаммас! У ҳов анави… Ҳов анави хотиннинг дадаси!..
Шундай деб қизалоқ қайсарларча залга кириб кетди ва эшикни ичкаридан тамбалаб олди.
Бу ҳолат Салтанатни адо қилаёзганди. Айниқса, Шавкатнинг туси ўзгарганини кўргач, саросималаниб қолди.
— Х-хафа бўлманг, дадаси, — дея Шавкатнинг атрофида гирдикапалак бўлиб айлана бошлади Салтанат. — Билиб-билмай гапираверади-да! Бола-да ҳали!..
— Майли, хижолат чекма, — деди Шавкат аста Ҳалиманинг ёнидаги курсига чўкиб. — Сендан бир илтимосимиз бор. Майлими?
— Вай, илтимос деганингиз нимаси? Буюринг дедим-ку!
— Биз… Бугун сеникида… Қолсак девдим… Шунга… Нима дейсан?..
Аёл-ку! Салтанатнинг бу гапдан кейинги аҳволини тушунса бўларди. Ичида қайсидир томирчаси узилиб кетгандек, дили оғриганди. Фақат… Яна ўша ёвқур ва қайсар муҳаббати тинчланишга, чидашга, мажбуран бўлса-да, жилмайишга ундайверди. Мабодо қовоғи уйилса, Шавкат акаси ранжишидан, кўнгли хира тортишидан чўчиди.
— М-майли, ўз уйингиз-ку, — дея олди зўрға. — Шалолаям хурсанд бўлади қолсангизлар. Ана, залга жой тўшаб бераман! Ош дамлайман!
Бу гапларни айтмаса, Шавкатдан шундай таклифни эшитмаса бўларкан.
Қалби баттар азобда қолди. Рашкми, аламми, ишқилиб нимадир кўксини худди ёввойи мушукдек тирмалаб азоб бера бошлади. Кўксининг туб-тубидан отилиб чиқаётган аламни базўр жиловлай олди. Мана-мана ҳозир фарёд чека бошлайдигандек, билинар-билинмас титраб-қақшаб аста ошхонага ўтиб кетди. Ҳалима эса бу ҳолатига масхарали боқар, ҳадеганда Шавкатни туртар, кулиб юборишдан аранг ўзини тийиб турарди.
* * *
Эртаси куни тушга яқин Шавкат негадир кўнгли ғаш торта бошлаганини ҳис этди. Кўз ўнгида Салтанатнинг маъюсланганча кузатиб қолгани гавдаланиб, асабий лаб тишлади. Қилиб қўйган ишидан надоматлар чекиб, ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Энди-энди бу иши гуноҳи азим экани, бир бегуноҳ аёлнинг кўнглини оғритганидан, шафқатсизликка эрк бериб қўйганидан куйди…
Бора-бора бу куйиклар Шавкатни оёққа турғазди. Ҳалимага айтиб ҳам ўтирмай, кийинди-ю, машинасига ўтириб газни босди…
Ўз уйи, Салтанат ва қизи Шалолани ташлаб кетган кулбаси Ҳалиманикидан нари борса ўн беш дақиқалик йўл.
Кўз очиб юмгунча уйига етиб келди.
Кўп қаватли уй атрофида сукунат ҳукмрон эди.
Юраги баттар ғашланиб ичкарига ўзини урди.
Квартира эшиги негадир очиқ экан.
Ҳовлиққанча залга ўтди.
Ҳеч ким йўқ. Жимжитлик.
Жонҳолатда ётоққа ўтди.
Не кўз билан кўрсинки, Салтанат каравотда чалқанча ётар, оғиз бурни, ёстиқ, чойшабларгача қонга ботганди.
— Салтанат, кўзингни оч, — дея уни турткилаб уйғота бошлади Шавкат. — Салтан, кўзингни очсанг-чи! Одам ҳам шунчалик қаттиқ ухлайдими? Уйғона қолсанг-чи!.. Сенга нима бўлди?..
Шавкат Салтанатни кўтариб ўтқазишга тутинди.
Афсуски, унинг боши пастга осилиб тушди.
Шундагина Салтанат оламдан ўтганини идрок этди. Ҳовлиққан кўйи Салтанатни қайтадан каравотга ётқизиб, атрофга аланглади.
Наридаги хонтахта устида оппоқ қоғоз ётарди. Шоша-пиша қоғозни қўлига олди.
Қоғозга шундай сўзлар битилганди:
«Шавкат ака, мени кечиринг! Ўзбошимчалик қип қўйдим. Сизнинг икки ўт орасида азобланишларингизга бардош қила олмадим. Ишонинг, юзларингиз маъюс тортса, кўзларингизда дард кўрсам, кўтара олмайман. Бу юкни ортмоқлаб юра олмайман. Сизни маза қилиб, яйраб-яшнаб яшашингизни хоҳлайман! Илтимос, мени қарғаманг! Шалолани ҳам ташлаб қўйманг! Ҳеч қачон сиқилманг. Дард чекманг! Маъюсланманг. Виждон азобида қийналманг! Шунда мен тинч бўламан! Сизни у дунё-ю бу дунё севиб қолувчи Салтанатингиз!..»
Шавкат бу жумлаларни ўқиб бўлгач, бирпас титраб Салтанатнинг жасадига жавдираб турди.
Кейин…
Бор овозда қичқириб юборди:
— Нима қип қўйдим, Салтанат? Нима қип қўйди-и-им???
(ҳикоя кўплаб мухлисларнинг талаб ва истакларига кўра қайта чоп этилди)
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”